Ҳазорасп тумани солиқ инспекцияси бошлиғи Жасурбек  Оллаёровнинг 2024 йил октябрь ойи якуни бўйича ҳисоботи ва тадбиркорларга мурожаати


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Муҳтарам президентимиз томонидан солиқ органлари ходимлари олдига қўйилган вазифалардан келиб чиқиб, солиқ тизимини маҳалла даражасига тушириш орқали янги институт “Маҳалла еттилиги” ташкил қилинишини таъкидлагандилар. Жорий йилнинг 1 январидан бошлаб, маҳалла бюджетини шакллантириш ҳамда уларда шаклланадиган маблағларни “маҳалла еттилиги”нинг кенгаш қарорлари орқали инфратузилмани яхшилашга йўналтириш белгиланди.

Айни пайтда Ҳазорасп туманидаги 47 та маҳаллага 20 нафар солиқ хизмати ходимлари бириктирилган бўлиб, улар зиммасига норасмий тадбиркорлик фаолиятини қонунийлаштириш, ўзини-ўзи банд қилганларга кичик бизнес тоифасига ўтишга кўмаклашиш ҳамда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш орқали уларнинг фаолиятини кенгайтириш ва даромадларини ошириш ҳисобига солиқ базасини кўпайтириш юклатилган.

 “Маҳалла еттилиги” институтининг шаклланиши орқали солиқ инспекторлари маҳалладаги ҳар бир солиқ тўловчи хонадонига кириб бормоқда, тадбиркорлик субъекти билан учрашиб, унинг муаммосини ўрганяпти, солиқ соҳасидаги ўзгаришларни тушунтириш орқали яширин иқтисодиётнинг олди олинмоқда.

 Ҳазорасп тумани солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектлари билан олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида ўтган ўн ой давомида 61 та корхонадаги 1250 нафар норасмий ишловчи фуқаролар фаолияти қонунийлаштирилиб, уларнинг ижтимоий ҳимояси таъминланди.

Агар соҳалар кесимида кўриб чиқадиган бўлсак, 5 та савдо ва умумий овқатланиш корхоналарида 116 нафар, 7 та ишлаб чиқариш корхоналарида 46 нафар ҳамда 16 та қишлоқ хўжалиги соҳасида 144 нафар, шунингдек, 38 та хизмат кўрсатиш корхоналарида 994 нафар фуқароларнинг фаолияти расмийлаштирилди.

Айниқса, турли сабаблар билан фаолияти вақтинча тўхтаб қолган тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятини тиклаш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ана шундай 639 та корхонанинг фаолияти тикланди, 41 та бўш объектлар ишга туширилиши натижасида 39 та янги иш ўринлари яратилди.

Бугунги кунда қўлида ҳунари бор ёки уйда якка тартибда маълум фаолият билан шуғулланиб келаётган фуқароларимиз талайгина. Уларнинг ўзини ўзи банд қилиши, иш стажига эга бўлиши учун солиқ хизмати органлари томонидан доимий кўмак кўрсатиб келинмоқда. Жумладан, маҳалла еттилиги билан биргаликда яширин иқтисодиётни жиловлаш мақсадида туманда 10160 нафар фуқаролар ўзини ўзи банд қилиш тизими орқали рўйхатдан ўтказилди ва муайян фаолият турлари билан мунтазам равишда шуғулланиб келаётгани аниқланди.

Маҳаллабай тизимнинг яратилиши натижасида 1 млрд 486 млн сўм миқдоридага қўшимча манба аниқланди.

Жорий йилнинг ўтган ўн ойи давомида 18 млрд 525 млн сўм миқдоридаги жисмоний шахсларнинг турар жой объектлари бўйича солиқлар ундирилиши таъминланди. Натижада йиғилган сумманинг 10 фоизи яъни 1 млрд 852 млн сўм миқдоридаги маблағлар маҳалла бюджетига қолдирилди.

Таъкидлаш лозим, маҳаллаларга бириктирилган солиқ ходимларининг фаолияти самарадорлиги махсус КПИ (KPI) дастури орқали баҳоланади ва натижасига қараб рағбатлантирилади ҳамда паст кўрсаткичли ходимларга нисбатан интизомий жазо чоралари кўрилади.

Биз солиқ хизмати органлари ходимлари сизларнинг муаммоларингиз қонуний ҳал этиш, фаолиятингиз давомида юзага келган барча тушунмовчиликларга ечим топишда доимий кўмак беришга тайёрмиз.