Хориждаги фуқароларни қўллаб-қувватлаш: Ўзбекистоннинг ҳуқуқий кафолатлари кучаяди
Ўзбекистон Республикаси сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, халқаро-ҳуқуқий мажбуриятларини бажариш ва адолатни таъминлаш бўйича бир қатор ҳуқуқий чора-тадбирларни амалга оширмоқда.
Хорижий давлат судининг қарори тан олиниши ва ижрога қаратилиши, озодликдан маҳрум этилган шахсларни ҳамда ўзига нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилган шахсларни қабул қилиб олиш ҳамда бериш асослари, шунингдек суд жараёни иштирокчиларининг процессуал мақомини тартибга солувчи нормаларни назарда тутувчи қоидаларни белгилаш заруриятидан келиб чиқиб, 2024 йил 4 декабрда қабул қилинган қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига қўшимчалар ва ўзгартириш киритилди.
Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига хорижий давлат судининг қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш ҳақида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосари томонидан Олий судга илтимоснома киритилиши, илтимоснома озодликдан маҳрум этилган ёки тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган шахсларнинг доимий яшаш жойи бўйича, уларнинг доимий яшаш жойи мавжуд бўлмаган тақдирда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида охирги рўйхатга олинган жойи бўйича, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг судьяси томонидан кўриб чиқилиши, маҳкум ва тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган шахсни бериш ҳамда қабул қилишга уларнинг қонуний вакили ёки яқин қариндошининг аризасига кўра, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ёки хорижий давлат ваколатли органининг сўровига кўра берилаётган шахс ёки унинг қонуний вакилининг розилиги билан йўл қўйилиши, маҳкум ва тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси қўлланилган шахсни бериш Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ёки унинг ўринбосарининг қарори, уларни қабул қилиш эса суднинг ажримига асосан амалга оширилишига доир процессуал нормаларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Ўзбекистоннинг жиноят-процессуал қонунчилигидаги бу ўзгаришлар инсон ҳуқуқларига ҳурмат ва миллий суд тизимининг устуворлигини янада мустаҳкамлайди.
Муаззам КАРИМОВА
Ҳазорасп тумани прокурорининг катта ёрдамчиси