НОДИРБЕК ЯҚУББОЕВ – БИЗНИНГ ФАХРИМИЗ


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

 

 

Мамлакатимизда сўнгги йилларда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга ҳар қачонгидан кўпроқ эътибор қаратилмоқда.  Бу борада кўплаб Фармон ва Қарорлар, давлат дастурлари қабул қилинди. Чунки, ёшларни баркамол, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш орқали юртимизда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш давлатимиз сиёсатининг энг устувор вазифасига айланди.

Бугун юртимизнинг қайси ҳудудига борманг, муҳташам спорт саройлари, замонавий талаблар даражасида бунёд этилган стадионлар, спорт залларига кўзингиз тушади ва ёшлар билан гавжумлигидан хурсанд бўласиз.

 

Албатта, бу каби қаратилаётган эътибор туфайли бугунги кунда энг чекка ҳудудлардан ҳам Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир халқаро миқёсдаги спортчилар, чемпионлар чиқиб, Ўзбекистон байроғини янада баландроқ кўтаришда ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.   

Бу борада Шахмат бўйича халқаро гроссмейстер Нодирбек Яқуббоев ҳақида қисқача тўхталсак.

 

Якуббоев Нодирбек Муродбек ўғли 2002 йил 23 январда Хоразм вилояти Ҳазорасп туманида туғилган. 2008 йилдан яъни 6 ёшидан шахмат билан шуғуллана бошлаган. Ҳозирги кунда Ўзбекистон Миллий университети магистранти. 

Нодирбек Якуббоевнинг илк устози ўз отаси Муродбек Искандаровдир. Шунингдек,  урганчлик спорт устаси Руслан Ниёзметовдан сабоқ олган. Кейинчалик 2014-2015 йиллар Хулкар Тохиржонова ва Нафиса Мўминовалардан шахмат ўйнаш сирларини ўрганган. 2016 йилда  Халқаро Шахмат Академиясига қабул қилиниб, халқаро гроссмейстер Марат Жумаевда шахмат ўйнаш сирларини ўрганган. 2017 йилдан халқаро гроссмейстерлар Тоҳир Воҳидов, Саидали Йўлдошев ва халқаро спорт устаси Никита Хорошевлар иштирокидаги ўқув-йиғин машғулотларида қатнашиб келган.

 

Натижада, Нодирбек Яқуббоев шахмат бўйича Республика, Осиё ва халқаро мусобақаларда катта ютуқларга эришиб келмоқда.

Жумладан,   Нодирбек Яқуббоев 2010 йилдан ҳозирги кунгача ёшлар ва катталар ўртасида Ўзбекистон чемпиони, Манголия давлатининг Уланбатар шахрида 16 ёшгача бўлган ўсмир ва қизлар ўртасидаги шахмат олимпиядасида шахси биринчиликда 1-ўринни, Муғулистон давлатининг Улан-ботар шаҳрида бўлиб ўтган Осиё Чемпионатида (2016 йил Муғулистон) 3-ўринни, Руминияда бўлиб ўтган Жахон Чемпионатида (2017 йил Руминия) 1-ўринни, Туркия давлатининг Конья шахрида бўлиб ўтган 16 ёшгача ўсмирлар ўртасида Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси (2018 йил Туркия) 1-ўринни, Исроилда бўлиб ўтган Жаҳон Чемпионати (2022 йил Исроил) 2-ўринни,  “Qatar Masters 2023” супертурнирида( 2023 йил Qatar)  1-ўринни,  “Abu-Dhabi Masters” турнирида (2024 йил Abu-Dhabi) 1-ўринни, Прага шаҳрида бўлиб ўтган “Prague Chess Festival Challengers” да (2025 йил Praga)  1-ўринни ва Олий Лигада “2025 йил Тошкент” да  1-ўринни қўлга киритган.

 

 

Ёш бўлишига қарамасдан чўққи сари одимлаётган Нодирбек Яқуббоев нуфузли халқаро мусобақалпрда қатнашиб, Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, улуғ мутафаккир Ал-Хоразмий ворисларининг қандай буюк ишларга қодир эканини яна бир бор бутун дунёга намоён этди.

Шахмат бўйича халқаро гроссмейстер Нодирбек Якуббоев “Мард ўғлон” давлат мукофоти ва “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони соҳиби ҳамдир.

 

 

Эришган ютуқлари самараси ўлароқ, Нодирбек Яқуббоев   Президентимизнинг “Бутунжаҳон 44-шахмат олимпиадаси ғолиблари ва иштирокчиларини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига асосан «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони билан тақдирланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини соҳиби Нодирбек Ёқуббоев  Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси ва  Халкаро гроссмейстер.

Ўзбекистоннинг шарафини қита ва жаҳонда муносиб ҳимоя қилгани учун Ўзбекистон шахмат федерацияси томонидан  2018 йилнинг энг яхши шахматчиси деб топилган.

 

 

Дарҳақиқат, мамлакатни спортчалик тез дунёга танитадиган соҳа йўқдир. Шундай экан, Нодирбек Яқуббоев халқаро шахмат мусобақаларида устозлари каби катта натижаларни қўлга киритиб, Ўзбекистон номини янада дунёга танитишни давом этаверади.

 

Жамила Усманова

Ҳазорасп туман ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари.