Хоразм вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси вилоят аҳолиси ва фермерларига МУРОЖААТИ


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

 

Маълумки, вилоятимиз аҳолиси ва фермерлари жорий йилда машақатли меҳнат эвазига бошоқли дон экинларидан юқори ҳосил етиштирдилар. Албатта, бошоқли дон экинларини ҳосилини беталофат, ўз муддатида йиғиштириб олиш ҳар бир фуқаронинг бурчидир.

 

Ўтган йилги бошоқли дон экинларини йиғиштириб олиш натижалари шуни кўрсатдики, оз бўлсада айрим фермер-хўжалик раҳбарлари ва фуқароларнинг атроф-муҳитга эътиборсизлиги оқибатида сомон пояларини ёқиб юбориш ҳолатлари аниқланиб, қонунда белгиланган чоралар кўрилди.

Ваҳоланки 1 гектар ер майдонда бошоқли дон пояси ёқилганда атмосфера ҳавосига 500 грамм азот оксиди, 379 грамм углеводород, 3 кг кул, 20 кг ис гази ва углерод оксиди (СО) гази ташланади. Тупроқ структураси бузилиб, эрозия кучаяди ва натижада ҳосилдорлик камаяди. 1 тонна хазон ёқилганда, атмосфера ҳавосига 30 кг углерод оксиди ташланади. Битум ёқилганда, ундан ажралиб чиққан қурум инсон организмида сил ва саратон касалликларини келтириб чиқаришиш мумкин.

Сомонни ёқиб юборилиши нафақат, атроф-муҳитни ифлослантириб, тупроқ унумдорлигини пасайтиради, балки чорва моллари озуқасига путур етказилиб иқтисодий зарар келтиради, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлигидан 2006 йил 25 декабрь 1647-сон билан Давлат рўйхатидан ўтган “Бошоқли дон экинлари пояси ва сомонини ёқиб юборилиши натижасида етказилган зарарни аниқлаш хамда ушбу ҳолатларни содир этган юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан жарималар қўллаш бўйича Низом”га асосан қонун талабларини бузган шахслар жавобгарликга тортилади.

Юқоридагиларни инобатга олиб, Хоразм вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси вилоят аҳолиси ва фермерларига

МУРОЖААТ ҚИЛАДИ:

Бошоқли дон экинлари ҳосилини беталофат йиғиштириб олиш, буғдой сомонини нест-нобуд қилмай йиғиштириб олиб чорва моллари озуқаси заҳирасини тайёрлаш, буғдой сомонини ва унинг қолдиқларини ёқиб юборилишига йўл қўймасликга чақиради.

Хоразм вилояти Экология ва ароф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўлими.