БЕЛГИЛАНГАН ВАЗИФАЛАР ЮЗАСИДАНтадбиркорликни бошламоқчи бўлган ёшлар ва аёллар учун давра суҳбати ташкил этилди


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Ҳазорасп туман ҳокими, Ҳалқ депутатлари Ҳазорасп тумани Кенгаши раиси Ўктам Машарипов томонидан белгилаб берилган вазифалар юзасидан туман кенгаши депутатлари ўз сайловчилари яъни аҳоли билан учрашиб, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги фуқароларга ҳуқуқий тушунтиришлар бериб, ишсизлар бандлигини таъминлаш бўйича чоралар белгиланиб, турли учрашув ва давра суҳбатларини ўтказиб келмоқда.

 

Жумладан, Ёшлар марказида ўтказилган давра суҳбати ҳам айнан шу мақсадда бўлиб ўтди. Яъни тадбиркорлик қилиш истагидаги ва айни кунда тадбиркорлик билан шуғулланаётган ёшлар учун “Ҳудудларда бизнес муҳитни мониторинг қилиб бориш тизимини такомиллаштириш, мавжуд муаммоларга тезкор таъсир механизмларини шакллантириш бўйича таклифлар бериш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда депутатлар, туман Халқ қабулхонаси, Давлат хизматлари маркази туман бўлими, солиқ инспекцияси, банк ходимлари, туман ер ресурслари кадастри, архитектура ва қурилиш бўлими ва тадбиркорлар иштирок этди.

Давра суҳбатида асосан коронавирус пандемияси даврида аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбаи бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш  ва аҳоли муаммоларини ўрганиб, уларни жойида ҳал қилишга кўмаклашишга қаратилди.

Тадбирда иштирок этган тадбиркорлар, тадбиркорликни бошламоқчи бўлган ёшлар ва аёллар ўз муаммо ва таклифлари билан мурожаат қилдилар.

Мурожаатларга тегишли мутасаддилар томонидан тўлақонли жавоблар берилди.

Давра суҳбати доирасида айрим муаммолар жойида ҳал қилинган бўлса, баъзиларига тегишли ҳамкор ташкилотларга депутатлик сўровномалари юбориш орқали кўриб чиқилиши ва назоратга олиниши белгиланди. 

 

Ҳазорасп тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.