ЎҚУВЧИЛАРНИ 7-СИНФДАН касб–ҳунарга йўналтириш,


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

ЎҚУВЧИЛАРНИ 7-СИНФДАН

 

касб–ҳунарга йўналтириш, муаммо ва ечим

 

Инсон боласи камолга етгани сари илмга, маърифатга талпинади. Дастлабки сабоқни  у мактабдан олади. Аммо, келажагимиз эгалари бўлган ёшларга таълим бериш уларни ўқитиш билан боғлиқ айрим муаммолар бугунги кунда кишини ўйлантириб қўяётгани табиий. Чунки, замонавий шиддаткор жамият эса етук билимдон мутахассис кадрларга муҳтож бўлиб бораверади. Касбий шаклланиш жараёнининг дастлабки ва айни дамда ўта муҳим босқичи бўлажак касбни танлаш, яъни аниқ бир касбий қарорга келишигача бўлган даврни ўз ичига олади.

Ёшларнинг касб танлашга тайёргарлик даражаси, фақатгина ёш хусусиятларига боғлиқ эмас, у маълум ёшга келиб ўз-ўзидан шаклланиб қолмайди. Ёшларнинг касб танлашга педагогик-психологик билим, кўникма, малакалар, шунингдек, жамиятнинг таъсири орқали тайёрлаш ва тарбиялаш лозим. Мазкур жараёнда шахсдан касбга доир билимларга эга бўлиш талаб қилинади.

Шунинг учун ҳам ўқувчиларни касблар оламига доир билимлар билан қуроллантириш ҳамда амалий кўникма ва малакаларни ҳосил қилиш лозим. Бунинг учун касбларга доир қўлланмалар, тарқатма материаллар билан таъминлаш керак. Шундагина касб танлаш жараёнида юзага келадиган турли қийинчилик, зиддият, тўсиқларнинг олдини олган ҳолда ёш авлодни онгли равишда касб танлашга тайёрлашга, уни ҳар томонлама баркамол ривожлантиришга шарт-шароит яратади.

Касб танлашда асосан қуйидаги қисмларга эътибор бериш керак : касбий ахборот, касбий маслаҳат, касбий танлов ва саралаш, касбий мослашиш. Касбий ахборот - маълум бир касбни эгаллаш хоҳиши бўлган шахсга, турли мутахассисликларни эгаллашнинг шакл ва шароитларига, касбий малакаларнинг ўсиш имкониятларига меҳнат бозорининг ҳолати ва эҳтиёжига, касбий қизиқишларнинг шаклланишига, шахснинг истак ва кўникмаларига қўйилган талаблар ҳамда замонавий касбларнинг истиқболи ва мазмуни тўғрисидаги маълумотларни тўплаш, тарғибот қилиш чора-тадбирларидир.

Касбий маслаҳат - касб танлаш ёки фаолият турини ўзгартиришда ёрдамга муҳтож бўлган шахснинг индивидуал-психологик хусусиятлари, шахсий фазилатлари, касбий қизиқишлари, мойиллиги, соғлиги ва меҳнат бозори эҳтиёжларини ўрганиш асосида психологик-маслаҳатчи билан илмий ташкил этилган ўзаро мулоқот тизимидан иборат.

Касбий танлов ва саралаш - касбий фаолиятнинг алоҳида турларига яроқлилик даражасини аниқлашга йўналтирилган шахснинг психофизиологик хусусиятлари (танлаш) ёки аниқ бир касбга бўлган психофизиологик меъёрий талаблар (саралаш) асосида шахсни ҳар томонлама ўрганиш тизимидир. Мослашиш - ишлаб чиқаришда касбий фаолиятнинг ижтимоий-психологик ва ташкилий-техник шароитларига шахсни мослаштиришга, уни мувофаққиятли равишда касбни эгаллаши учун шарт-шароитларни яратишга йўналтирилган чораларнинг мажмуавий тизимидир.

  

Дилфуза Қосимова,

Ҳазорасп туманидаги 34-сонли умумий ўрта таълим мактабининг психологи.