ОИЛАЛАР МУСТАҲКАМЛИГИ – ЖАМИЯТ МУСТАҲКАМЛИГИНИНГ ГАРОВИ


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

 

Мустақил тараққиёт ва ривожланиш  йўлидан бораётган Янги Ўзбекистонимизда ҳуқуқий- демократик давлат ва эркин фуқаролик жамияти  қуриш жараёнида унинг яхлитлигини кафолатловчи оила институтини  мустаҳкамлаш борасида истиқболга йўналтирилган аниқ сиёсат олиб борилмоқда.

Амалга оширилаётган  ислоҳотларнинг барчаси оила ва ҳар бир фуқаронинг манфаатини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Мамлакатимизда оилага жамиятнинг асоси, муҳим бир бўғини сифатида қаралади, бу нафақат шахсий масала, балки у ижтимоий аҳамият касб этади.

Зеро, комил инсон – ҳар томонлама фаровон, бекаму кўст, соғлом оилада тарбия топади, улғаяди. Соғлом авлодни вояга етказиш, соғлом оилавий муҳитни шакллантириш давлат сиёсатининг устивор масаласи сифатида эътироф этилгани бежиз эмас.

Оилаларимиз давлатимиз муҳофазасидадир. Оила жамиятнинг табиий ва асосий қуйи ҳужайраси сифатида, унинг дахлсизлигини  яхшилаш, болаларга  таълим  ва тарбия бериш, оналар ва ишга яроқсиз оила-аъзолари учун зарур бўлган моддий имтиёзлар туғдириш ва оилани мустаҳкамлаш борасида шунга ўхшаш йўлга қўйиш лозим бўлган муҳим масалалар назарда тутилади.

Мамлакатимизда оилани мустаҳкамлашга, ёш авлодни жисмоний ва руҳий соғлом қилиб тарбиялашга ғоят катта аҳамият берилмоқда.

Сўнгги йилларда қонун, фармон ва қарорлар қабул қилиш йўли  билан амалга оширилган тадбирлар оилаларга, аёлларга, кўп болали ва ёлғиз оналарга, мактаб  болалари ва студентларга  давлат томонидан  берилган  моддий ва маънавий ёрдамлар соғлом авлодни тарбиялаш учун замин тайёрламоқда.

 

 

Давлат миқёсидаги масала сифатида оила институтининг ҳуқуқий асослари аввало Ўзбекистон Республикаси Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган. Бош Қомусимизга мувофиқ оила жамиятнинг асосий бўғини ҳисобланиб, у жамият ва давлат муҳофазасидадир.

Асосий Қонунимизда бу борада белгиланган устивор қоидалар қатор қонунлар, хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Оила, Фуқаролик ва Меҳнат кодексларида, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги, “Фуқаролар соғлигини сақлаш тўғрисида”ги, “Хотин-қизларга қўшимча имтиёзлар тўғрисида”ги каби қатор қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган, унга ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатилиши ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланган.

Оила жамият ижтимоий таркибининг муҳим бўғини сифатида ўзига хос ижтимоий вазифани бажаради.

Айниқса, оилада бола тарбияси, кексаларга ҳурмат, кичикларга ғамхўрлик қилиш, эр- хотиннинг бири- бирига  муомала маданияти, шарқона анъаналарни сақлаш ва уларга риоя қилиш каби муҳим аҳамиятга эга бўлган маънавий муносабатлар мужассамлашгандир.

 

Маълумки, оиланинг ҳуқуқий асосини фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида қонуний рўйхатдан ўтказилган никоҳ ташкил этади. Шариат қоидаларига асосан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас ва ҳеч қандай ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқармайди.

Оила қуриш остонасида турган ёшлар учун никоҳ тузиш шартлари, унинг тузилишига монелик қиладиган ҳолатлар, шунингдек, мумкин қадар кам учраши  мақсадга мувофиқ бўлган никоҳдан ажралиш ҳолати ҳамда унинг ҳуқуқий ва салбий оқибатлари, бундай ҳолат юзага келганда эса ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби масалалар муҳим бўлиб, уларга бу борада аниқ йўналишлар бериш масаласи  ўз долзарблигини йўқотмайди.

 

Донохон Сапаева

Ҳазорасп тумани Адлия булими ФҲДЁ бўлими мудираси