Ҳудудларда ишлаб чиқариш ўсиши таъминланмоқда


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Сўнгги йилларда республикамизда тадбиркорликни ривожлантириш ва хусусий бизнеснинг барқарор ўсишини таъминлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, ҳудудларда ишлаб чиқаришнинг янада ўсишини таъминлаш, тадбиркорлик субъектлари томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар кўламини кенгайтириш, дастлаб ички бозорни таъминлаш, қолаверса, ортиқчасини ташқи бозорларга экспорт қилиш асосий мақсадлардан бирига айланган.

Хусусий сектор томонидан кўрсатиладиган хизматлар сонини ошириш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлашда уларнинг муаммоларини ечиш, кредит маблағлари олишларини осонлаштириш, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ҳажмини камайтириш, давлат бошқарув ва хўжалик органларининг тадбиркорлик субъектлари фаолиятига ҳар қандай аралашувларига кескин чек қўйилмоқда. 

Бугунги кунда туманда 2 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари фаолият юритиб, йил бошидан буён “Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида туманимиздаги 1050 та корхонанинг муаммолари ўрганилиб, мазкур муаммолар бевосита солиқ ходимлари кўмагида ҳал этилмоқда.

Туман давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектлари билан олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида 828 та корхонадаги 1242 нафар норасмий ишловчи фуқаролар фаолияти қонунийлаштирилиб, уларнинг ижтимоий ҳимояси таъминланди.

 Агар соҳалар кесимида кўриб чиқадиган бўлсак, савдо ва умумий овқатланиш корхоналарида 495 нафар, қурилиш корхоналарида 347 нафар, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарида 91 нафар, қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи 308 нафар фуқароларнинг фаолияти расмийлаштирилди ва бюджетга 66,2 миллион сўм қўшимча маблағ йўналтирилди.

Жорий йилнинг 10 ойи давомида 2847 та ҳолатда субъектларнинг 342 миллион 900 минг сўм мавжуд ортиқча тўловлари ҳисобидан бюджет ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармалардан бўлган солиқ қарзлари ҳисобига қопланиб, 587 та ҳолатда субъектларнинг 473 миллион 600 минг сўм мавжуд ортиқча тўлов суммалари корхона ташкилотларнинг банк ҳисоб рақамларига қайтариб берилди.

Туман бўйича 2022 йил учун бюджет даромадларига 76 млрд. 296 млн. сўмга прогноз кўрсаткичи белгиланган бўлиб, январь-октябрь ойларида 64 млрд. 225 млн. сўмга ёки 84.0 фоизга бажарилиши таъминланди. Тизим ходимлари томонидан солиқ тўловчилар билан биргаликда ўзгаришларни ўз вақтида тарғибот қилишлари ва уларнинг солиқни тўлаш бўйича мажбуриятлари тўғри тушунтирилгани эвазига, октябр ойи учун 5 млрд 829 миллион 600 минг сўмлик режа, ҳақиқатда 6 млрд 684 миллион 700 минг сўмга ёки 114.7 фоизга бажарилди.  Маҳаллий бюджет даромадлари учун ҳам худди шунингдек, ортиғи билан 105.3 фоизга бажарилди. 

Туманда 2022 йил учун бюджетга белгиланган режа ҳамда қўшимча даромадларни аниқлаш борасида, асосан қуйидаги 7 та йўналишда ишлар олиб борилмоқда.

1) Жисмоний ва юридик шахсларга тегишли ер ва мол-мулк объектларини ўрганиш;

2) Тадбиркорлик фаолиятни амалга ошираётган фуқароларнинг солиқ мажбуриятлари бажарилишини назорат қилиш;

3) Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини таҳлил қилиш;

4) Солиқ қарздорлигини ундириш ишларини ташкил этиш;

5) Камерал назорат тадбирларини ташкил этишини ўрганиш;

6) Бож, йиғим ва жарималар ва бюджетга тушумларнинг тўлиқлигини ўрганиш;

7) Тадбиркорлик субъектларни белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтганлигини ўрганиш йўналишларида ишлар олиб борилмоқда.