Урганч шаҳридаги “Ёшлар” спорт мажмуасида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги, Хоразм вилояти Мудофаа ишлари бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва Ёшлар ишлари агентлиги вилоят кенгаши ҳамда Ўзбекистон Республикаси мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгаши билан ҳамкорликда “Ватан таянчи” отрядлари аъзолари иштирокида Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг кубоги учун “Ватанпарварлар” ҳарбий-спорт мусобақасининг Хоразм вилояти босқичи ўтказилди.
Ўтказилган ҳарбий-спорт мусобақасида 12 та туман ва шаҳар босқичида ғолиб бўлган мактабларнинг юқори синфларида таҳсил олаётган ўқувчиларидан иборат 13 та жамоа шиддатли баҳсларда ўзаро куч синашдилар.
Ҳарбий-спорт мусобақасининг “Моҳир мерган”, “Ҳарбий эстафета”, “Жабрланувчига биринчи ёрдам кўрсатиш”, “Йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари аълочиси”, “Сафда қўшиқ айтиш”, “Темур тузуклари билимдони” каби шартларида муносиб иштирок этган Ҳазорасп туманининг “Амир Темур” жамоаси ўзининг зукколиги ва чаққонлигини кўрсатди ҳамда мутлақ ғолибликни қўлга киритди. Ғолиб ва совриндор жамоалар ташкилотчиларнинг тегишли даражадаги диплом, кубог, медаль, фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Республикада ўтказиладиган мусобақада қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритган 22-мактабнинг “Амир Темур” жамоасини ушбу ютуқ билан муборакбод этамиз ва республика босқичида қатнашиб, ғолибликни қўлга киритишига ишонамиз.
Ҳазорасп туман ҳокимлиги Матбуот хизмати.