Ҳазорасп тумани прокурори Дилшодбек Мадиримовнинг туман аҳолисига МУРОЖААТИ


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!

Аввало барчангизга соғлик-саломатлик, оилангизга тинчлик хотиржамлик тилайман.


Ҳурматли фуқаролар!


Туманимиз ҳудудида жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш борасида ҳуқуқ тартибот идоралари билан бирга бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хабарингиз борки, жорий йилда маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш юзасидан юртимизда кенг кўламли ишлар йўлга қўйилди.
Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан 2025 йил 3 январь куни “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги 1-сонли Қарор қабул қилиниб, бу борада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари олдига бир қатор муҳим вазифалар қўйилди. Бу борада фаолиятни жамоатчилик билан ҳамнафас олиб боришни таъминлаш мақсадида “маҳалла еттилиги” масъуллари зиммасига ҳудудда ижтимоий-профилактик тадбирларни олиб бориш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Давлатимиз Раҳбари томонидан қўйилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида, аҳолининг кам таъминланган қатламини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, вояга етмаганлар ва хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уюшмаган ёшларнинг мавжуд муаммоларини аниқлаб бартараф этиш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, олдимизда турган долзарб масалалардан бири бўлган жиноятчиликни жиловлашда ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда маҳалла, мактаб, бозор, кўнгилочар масканлар, аҳоли гавжум жойлар ва кўп қаватли уйларга замонавий техника воситаларини ўрнатиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда.
Шунингдек, вояга етмаганлар, ёшлар, хотин-қизлар, муқаддам судланганлар билан турли йўналишларда профилактик тадбирлар олиб борилиб, тарғибот ишларига жиддий эътибор қаратилмоқда.
Қайд этиш жоизки, кўплаб маҳалла еттилиги жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашишда биз билан елкадош бўлиб ўзининг куч-ғайратини аямагани натижасида жорий йилнинг ўтган даврида тумандаги
47 та маҳалланинг 29 тасида ёки қарийб 62 фоизида жиноят содир этилмади.
Бироқ, бугунги криминоген вазият умумий жиноятлар ва уларнинг баъзи турлари айрим ҳудудларда камайди деб хотиржамликка берилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлигини кўрсатмоқда.
Бунга содир этилган жиноятларнинг 12 таси бевосита Сизларнинг кўмагингизда олдини олишимиз мумкин бўлган жиноятларни ташкил этгани яққол мисол бўла олади.
Сўнгги 1 ярим йилда тумандаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга қарийб 400 тадан ортиқ пул олди-берди, ер, уй-жой, автомашина, телефон савдоси, пластик, кредит ҳамда бошқа олди-бердилар билан боғлиқ мурожаатлар келиб тушган.
Айниқса, ҳозирги пайтда юртимизда рақамли иқтисодиёт кенг жалб этилаётганлиги натижасида фирибгарлик ва ўғирлик жиноятларининг аксарияти ахборот технологиялари ва Интернет ижтимоий тармоқлари орқали содир этилаётганлиги кузатилмоқда.
Шу сабабли, Сизнинг фирибгарлик жиноятининг қурбони бўлмаслик учун авваломбор, пул, автомашина, уй-жой олди-сотди жараёнлари ва бошқа масалаларни ҳал этишда амалдаги қонун талабларига қатъий риоя этишингизни сўраб қоламиз.
Шунингдек, Интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали келаётган турли хил ютуқли ўйинлар, олдиндан тўлов талаб қилувчи интернет дўконлари, бола пули, хайрия, нафақа ва бошқа пул маблағлари тарқатилаётганлиги тўғрисидаги ёлғон хабарлардан эҳтиёт бўлишингиз ҳамда шахсга доир маълумотлар, банк карталари, ҳисоб рақамлари тўғрисидаги маълумотларни сир сақлашингизни ҳамда бу борада олиб борилаётган тарғибот тадбирларига беэътибор бўлмаслигингизни, бегона шахсларнинг ножўя хатти-ҳаракатларидан хабардор бўлган тақдирингизда прокуратура органларига зудлик билан мурожаат қилишингизни сўраб қоламан.
Хурматли фуқаролар! Биз жиноятларнинг оқибатлари билан эмас, уларнинг сабабларини, ҳуқуқбузарликларга имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф қилишни устувор вазифа деб ҳаракат қиламиз. Бу жараёнларда бизга сизнинг иштирокингиз муҳим ҳисобланади. Бунинг учун ҳар бир маҳалла, хонадонгача тушиб, ҳуқуқбузарликлар омилларини аниқлашга ўз эътиборимизни кучайтирамиз.
Жиноят содир этган ва бунга мойиллиги бор фуқаролар билан профилактик учрашувлар ўтказиб, фуқаробай иш тизимини жорий қиламиз.
Ҳуқуқбузарлик ва жиноятга сабаб бўлаётган оилавий, ижтимоий, моддий ва психологик муаммоларини ҳал қилишга, ҳар бир фуқарода жиноятчиликка қарши иммунитетни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратамиз.
Шундай экан аҳоли ва кенг жамоатчиликни жиноятларнинг олдини олишга ҳамда уларни бартараф этишда фаол ҳамкорликка чақирамиз.
Зеро, содир этилаётган жиноятларнинг фош этилиши ва олдини олишда халқимиздан масъулият, ташаббускорлик ҳамда дахлдорлик ҳисси билан ёндашишни сўраб қоламиз.
Эътиборингиз учун рахмат!