Ҳазорасп тумани ҳокими Зафар Абдиримовнинг байрам табриги


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Ассалому алайкум муҳтарама онахонлар!

Ҳурматли опа–сингиллар!

 

Сизларни, сизлар орқали туманимизнинг барча аёлларини, лобар қизларимизни 8-март Халқаро хотин-қизлар куни билан самимий муборакбод этаман.

Доимо дуогўй бўлиб юрадиган Сиз азизлар оилангиз бахтига, фарзандларингиз бахтига, юртимиз бахтига соғ-омон бўлишингизни, ҳамиша мана шундай гўзал баҳтиёр кайфиятда юришингизни тилайман.

Ҳурматли тадбир иштирокчилари!

Халкимизда “Жаннат –оналар оёғи остидадир” деган кенг  маъноли ибора бор. Ҳакикатдан ҳам бу сўзларнинг замирида аввало муқаддас она, азиз Ватан, меҳр, эзгулик мужассам. Инсоният  тараққиётига унутилмас ва беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизни дунёга келтирган, меҳр билан тарбиялаган оналаримиз билан халқимиз фаҳрланади.

Мамлакатимизда, барча соҳаларда катта марралар кўзланган, дастурлар, режалар, лойихалар белгиланган. Уларнинг барчаси туманимиз аҳолисининг, энг аввало, оналаримиз, опа-сингилларимиз, азиз фарзандларимизнинг ҳаёт ва меҳнат шароитларини яхшилашга қаратилган.

Жумладан, магистратурада ўқиш истаги бўлган хотин-қизларга шартнома пулларини тўлаб бериш, ҳар бир вилоятдан 100 нафар “Аёллар дафтари”да турган қизларни тест синовларисиз, тавсия асосида олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилиш, эҳтиёжман аёлларнинг бемор фарзандларини бепул операция қилиб бериш каби имтиёзларни келтириш мумкин.

Бундай имтиёз ва кўмаклар кўп ва кенг миқёсда давом қилдирилади.

 

Азиз опа сингиллар!

Бугунги тадбиримизда иштирок этаётган Сиз муҳтарам опа –сингиллар, туманимиз  халқ хўжалигининг турли соҳаларида фидокорона меҳнатларингиз билан салмоқли ҳисса қўшиб келмоқдасиз. Бунинг тасдиғини туманимизда тадбиркорликда хотин-қизларнинг улуши кундан-кун ортиб боришида кўриш мумкин.

Туманимизнинг ишбилармон, тадбиркор аёллари Бибисора Отажонова, Зулхумор Рўзметова, Санобар Болтаева, Рисолат Абдуллаева каби аёлларимизнинг ишларида унум омадлар тилаймиз.

Ўйлаймизки, уларнинг сафига яна юзлаган, минглаган қизларимиз келиб қўшиладилар.

Ипак қурти боқиб, майин ва гўзал матолар азал-азалдан момоларимизнинг қадоқ қўллари билан яратилган.

Ҳозирги кунда ҳам уларнинг издошлари Гавхар Рўзметова, Муқаддас Машарипова, Ойша Бобожонова, Мехрибон Анназаровалар каби ўнлаган пиллакорларимиз фидокорона меҳнат қилмоқдалар.

Аҳолимиз соғлиги, айниқса қизларимиз саломатлиги учун меҳнат килаётган шифокорларимиз Шоира Маткаримова, Ойгул Усманова, Наргиза Матниёзова, Севинч Отажонова, Зеваржон Отамуратова, Дилбар Абдуллаеваларга каттакон ташаккурлар билдирамиз. Уларга қўлларингиз дард кўрмасин дея эзгу тилакларимизни изҳор қиламиз.

Республикамизда Учинчи  Ренессанс пойдеворини бунёд этишдек улуғвор мақсад белгиланган. Бу эзгу ва шарафли йўлда энг аввало, оиланинг муқаддас қадриятларининг  ва чин мураббий бўлган оналаримизнинг ҳиссалари беқиёсдир.

Бугунги кунда энг бебаҳо бойлик бўлган илмни, билимни ўсиб келаётган ёш авлодларимизга безавол етказишда чинакам фидоийлик кўрсатиб келаётган улуғ инсонлар, ўқитувчи ва мураббийларимизнинг катта кўпчилиги аёлларимиздир.

Муҳтарам Президентимиз мамлакат жамоатчилиги эътиборига
“Нажот таълимда, нажот тарбияда, нажот билимда”деган жахоншумул шиорни энг асосий вазифа қилиб ўртага қўйдилар.

Мамлакатимизни ривожланган давлатлар қаторида кўришни мақсад қилар эканмиз, бу муҳим ишни фақат билимли, тарбияли, замонавий дунёқарашга эга бўлган ёшлар билан бирга амалга оширамиз, албатта.

Ренессанс - яъни уйғониш даври билим-илм, адабиёт, санъат, архитектура ва шу каби соҳаларнинг ривожланиши билан белгиланади.

Шу ўринда мен ҳаммамизнинг фаҳримиз ҳисобланадиган қизимиз, Халкаро гроссмейстр Якуббоева Нилуфар ҳақида алоҳида тўхталиб, уни оқ ювиб, оқ тараган шундай иқтидорини рўёбга чиқаришда кўмакдош бўлган оналари Ёрқиной Рўзметовага чексиз миннатдорчилигимни билдираман.

Шунингдек, Ўзбекистонда ҳизмат кўрсатган спортчи, Олимпиада иштирокчиси, бир неча бор Осиё чемпиони бўлган дзю-дочи қизимиз Дилноза Матниёзовага кейинги мусобақаларда омадлар ёр бўлишини тилаймиз.

Китобхон ўқувчи қизларимиз Комилжонова Нозима, Ярашбоева Шахзода, фан олимпиадалари ғолиблари Отаназарова Мухлиса, Рахимова Хавожон, Ахмедова Шукуржон, Мадримова Шахзодалар ўз тенгдошларига намуна бўлмоқдалар.

Уларнинг спортдаги, ижоддаги, илм олишдаги ишларида омадлар, шахсий ҳаётларида бахтли бўлишларини тилаб қоламиз.

Албатта ушбу қизларимиз бу зафарларга шундоқ эришмаганлар. Уларнинг иқтидорларини излаб топиб, ривожлантириб, руёбга чиқаришда ҳизмат қилган биринчи навбатда муҳтарам аёл педагогларимиз, мураббийларимиздир.

Шундай бир гўзаллик ва нафосат байрами кунида туманимизнинг мактабларида ўғил қизларимизни фан чўққиларига эришишда фидоийлик кўрсатаётган ўқитувчи-мураббийларимиз Доно Хизирова, Раиса Сергеевна Рамарчук, Барногул Ражабова, Назокат Рўзимова, Ирода Ортиқова, Дилфуза Авезова, Гулнора Наврўзова, Максуда Жумагалдиеваларга ишларида зафарлар тилаймиз.

Жажжи болажонларимизни тарбиялаётган Озода Бобоназарова, Камаржон Абдуллаева, Сафаргул Матяқубова, Гулнора Олламовалар каби оп-сингилларимизга миннатдорлик билдирамиз.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан бошланган умумтаълим мактабларида камида иккита хорижий тил, замонавий касб-ҳунарни ўқувчиларимизга ўргатишда педагог хотин-қизларимиз фидоийлик кўрсатмоқдалар. Ушбу ташаббус туманимиздаги барча мактабларда жорий қилинади. Бу ишда туманимизнинг мактаб тизимида хизмат қилаётган барча ходимлар фидоийлик кўрсатади деган умиддамиз.

Куни кеча вилоятда ушбу байрам муносабати билан ўтказилган тадбирда туманимизнинг фидоий аёлларнинг вакили туман Кенгашининг депутати Абдуллаева Мехрибон “Мўтабар аёл” нишони билан тақдирланди. Шу муносабат билан Мехрибон Абдуллаевани самимий муборакбод қиламиз.

 Қадрли опа-сингиллар!

Кейинги йилларда ҳотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини            таъминлаш, оила  институтини ҳар томонлама мустаҳкамлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Маҳалла ва хонадонларгача кириб борадиган вертикал тизим яратилганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. Ҳудудларда аёларнинг оғирини енгил қилиш, уларнинг муамммоларни ҳал этиш учун
“Аёллар дафтари ” жорий қилинган.

Ўтган 2022 йил мобайнида ушбу дафтарга киритилган 3854 нафар аёлнинг муаммолари ҳал қилинди. Ижтимоий ҳимояга мухтож, турмуш шароити оғир хотин-қизларнинг 1474 нафари иш билан таъминланди ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан 1226 нафар ҳотин-қизлар касб-хунарга ўқитилди.

“Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида  1127 нафар аёлларга 40 млрд сўмлик имтиёзли кредитлар берилди, улар тадбиркорлик ва касб-ҳунарга ўқитилди, ҳунармандчилик ва касаначиликка жалб қилинди.

Уй-жой сотиб олиш учун 27 нафар опа-сингилларимизга
684 млн сўмлик бошланғич бадал пуллари тўлаб берилди.

Биргина ўтган 2022-2023 ўқув йили давомида             6 нафар эҳтиёжманд оилаларнинг талаба қизларига         38 млн сўм миқдорида шартнома пуллари тўлаб берилди. Мана шундай савобли ишлар жорий йилда хам манзилли, тизимли ташкил қилинади.

2023 йилда туман бўйича 5873 нафар хотин-қизлар “Аёллар дафтари”га рўйҳатга киритилди. Уларга зарур бўлган ижтимоий ҳуқуқий, психологик ёрдамлар бериш бўйича “Йўл ҳаритаси” ишлаб чиқилди ва зарурий чора-тадбирлар белгиланди.

“Аёллар дафтари” бўйича “махаллабай” ва “хонаданбай” ишлаш усули орқали ҳар бир маҳалла ва хонадон кесимида аёлларимизнинг муаммоларини ижобий ҳал қилиш чораларини кўрамиз.

 

Хурматли тадбир иштирокчилари !

                    

       Бугун байрам, қувончли кун, албатта мана шу шукухли кунларда сизлар билан бир жуда мухим масалада ўртоқлашмоқчиман.

       Гап оила тўғрисида бормоқда.

       Оила бу –  меҳр, бахт кошонаси.

       Оила бор экан, фарзанд деган бебаҳо неъмат бор, маънавият бор, қадр-қиммат бор. Оилавий баҳт-энг улуғ саодатдир.

       Кейинги пайтларда фарзандларимиз тарбиясига, оилага салбий таъсир кўрсатаётган ажримларнинг олдини олиш бўйича бирмунча ишлар қилинмоқда. Буни туманимизда ажралиш ёқасига келиб қолган
376 оиланинг яраштирилганидан ҳам кўрсак бўлади.

     Лекин, бир аччиқ ҳақиқатни тан олишимиз керак, бундай ҳоллар ҳамон учраб турибди.

     Бу борада маҳалла фаоллари, муҳтарам фаҳрийларимиз, кайвони онахонларимиз, қисқаси ҳаммамиз ҳаракат қилишимиз лозим бўлади.

     Шу ўринда хонадон муҳитини доимо назоратда тутиб турадиган қайноналар роли жуда мухим ва зарур деб ҳисоблайман. Шунингдек, йигит-қизларимиз ҳам турмушга, оилага, фарзандлар тақдирига масъулият билан қарайдилар деб умид билдираман.

Азиз ва муҳтарам опа-сингиллар!

     Ҳаммамиз яхши тушунамиз – аёл бахтли бўлса, оила ва жамият ҳам албатта бахтли бўлади.

     Бугунги қувончли, файзли кунда бизлар барчамиз давлатимиз Раҳбари бошлаб берган йўлдан собитқадамлик билан бориб халқимиз фаравонлиги йўлида меҳнат қиламиз.

     Сизларни яна бир бор гўзал байрам 8-март – Халқаро хотин-қизлар куни билан самимий қутлайман.

     Доимо яқинларингиз, фарзандларингиз, набираларингиз ардоғида бўлиш насиб қилсин!

Гўзал байрамингиз муборак бўлсин!

Юртимиз тинч, осмонимиз мусафф бўлсин!