Ҳазорасп тумани ҳокими Ўктам Машариповнинг табриги
Ҳурматли шифокорлар!
Қадрли соҳа фахрийлари!
Аввало, сиз, азизларни қутлуғ касб байрамингиз – Тиббиёт ходимлари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Жаҳон тиббиёт илмининг асосчиларидан бири, буюк аллома Абу Али ибн Сино бобомиз айтганларидек, одамлар дардига дармон бўлмоқ – эзгулик ва олижанобликнинг юксак намунасидир.
Халқимиз сизларнинг тимсолингизда ўз ҳаётини ана шундай улуғ ва масъулиятли ишга бағишлаган, эл-юрт саломатлигини асраш йўлида бор билим ва тажрибаси, истеъдод ва маҳоратини сафарбар этиб келаётган шарафли касб эгаларини кўради ҳамда машаққатли меҳнатингизни доимо муносиб қадрлайди.
Чиндан ҳам, инсон саломатлиги жамиятнинг бебаҳо бойлиги, шифокорлар эса ана шу бойликнинг фидойи посбонларидир, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Қадрли тиббиёт ходимлари!
Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, қадр-қимматини улуғлашда соғлиқни сақлаш тизими устувор аҳамият касб этади. Шунинг учун ҳам юртимизда тинчлик ва соғлиқни таъминлашга эришсак, қолган ҳамма нарсага эришамиз”, - деган эдилар.
Дарҳақиқат, бугунги кунда республикамизда соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ этиш ва унинг ривожини янги босқичга кўтариш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Бу ҳақда сўз юритганда, туманимизда ҳам тиббиёт тизимида 7 миллиард 306 миллион сўмдан ортиқ маблағлар сарфланиб, бир қатор тизимли ишлар амалга оширилди.
Хусусан, Туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари бўлими биноси фойдаланишга топширилди. Ушбу қўшма шкастланишлар ва қон томир касалликлари бўлимида 21 турдаги тиббий жиҳозлар яъни юқори технологик жарроҳлик амалиётлари, жумладан, юрак-қон томирларини стентлашни йўлга қўйиш, компьютер томограф ва замонавий рентген аппарати ўрнатилиб, беморларга юқори малакали шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Шунингдек, жорий йилда тиббиёт бирлашмасига қарашли бўлган 6 та оилавий поликлиникалар замонавий қўшимча 6 каналли ЭКГ ҳамда 6 та замонавий ултра товуш текшируви аппаратлари билан таъминланди.
Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар ижроси юзасидан туманимизда аҳолига хизмат кўрсатиш учун замонавий тиббий пунктлар ташкил этилди. Хусусан, ушбу тиббий пунктлар туманимизнинг энг чекка ҳудудлари ҳисобланган “Камолот”, “Истиқлол”, “Юқори Шовот”, “Богиэрам”, “Зехнли”, “Қовунчи”, “Буюк аждодлар” маҳаллаларида ўрнатилди.
Шу кунларда «Шовот» маҳалласида янги оилавий шифокорлик пункти қурилиши бошланган бўлиб, халқимизга туҳфа қилинади.
Ҳурматли шифокорлар!
Эл-юрт саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш йўлида фидокорона меҳнат қилаётган тиббиёт ходимлари туманимизда кўпчиликни ташкил қилади. Шулардан биз меҳнат фахрийлари Султон Бобожонов, Қурамбой Бобожонов, Эркин Элнафасов, Хожибой Каримов, Болтабика Сайдабдуллаева, Замира Жуманиёзоваларни ва бугунги кунда жонкуярлик билан иш олиб бораётган Даврон Бобожонов, Алижон Матмуратов, Эркин Мадраҳимов, Зулайҳо Усманова, Шоира Султонова, Хусунбой Бобожонов, Даврон Хўжаниёзовларни алоҳида эътироф этишимиз мумкин.
Беморларни нафақат дори-дармон, балки ширин сўз, қайноқ меҳр билан дарддан фориғ этишга, малҳам бўлишга шошилган сиздек жонкуяр инсонлар учун мана шундай эъзозу эҳтиромлар ярашади.
Ҳурматли шифокорлар!
Қадрли соҳа фахрийлари!
Шу фурсатдан фойдаланиб, сиз азизларни, касб байрамингиз – Тиббиёт ходимлари куни билан яна бир бор табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, шарафли ва масъулиятли фаолиятингизда улкан ютуқ ва омадлар, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
Қўлингиз дард кўрмасин, азиз шифокорлар!