Ҳазорасп тумани ҳокими Ўктам Машариповнинг Наврўз айёми муносабати билан БАЙРАМ ТАБРИГИ


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

 

Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!

Ҳурматли элдошлар!

 Сиз, азизларни, сизлар орқали туманимиз аҳлини шарқона янги йил – Наврўз байрами билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

 Ҳаммамиз орзиқиб ва соғиниб кутадиган янгиланиш ва яшариш айёми – Наврўзи олам барчамизга муборак бўлсин!

Буюк Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, ҳар кунимиз Наврўз бўлсин!

Қадрли дўстлар!

 Наврўз – чинакам халқ байрами, миллий ўзлигимиз кўзгуси, маънавий ва маданий ҳаётимизнинг ажралмас қисмидир.

Минг йиллар олдин ота-боболаримиз бу улуғ айёмни қандай пок ният ва ёруғ умидлар билан кутиб олган бўлсалар, бугун ҳам халқимиз мана шундай баланд кайфият билан Наврўзга пешвоз чиқмоқда.

Ям-яшил далалар ва гуллаган боғларда, майдон ва хиёбонларда, қишлоқ ва овулларда, маҳалла ва кўчаларда Наврўзнинг дилбар тароналари – Янги кун наволари янграмоқда. Кексаю ёш элдошларимиз сумалак тўла қозонлар атрофида ўйин-кулгулар қилиб, баҳор неъматлари ва байрам қувончини ўзаро баҳам кўрмоқдалар.

Шундай шукуҳли ва бетакрор дамларда барчамиз тинч ва осойишта ҳаёт ҳамда хотиржамлик қадрини янада теранроқ ҳис этмоқдамиз.

  Азиз элдошлар!

 2022 йилги Наврўз умумхалқ байрами мамлакатимизда “Ассалом, Наврўз — янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!” деган бош ғоя асосида умумхалқ сайллари шаклида нишонланмоқда.

 Шундай кунларда туманимизда ҳам халқимизга мансуб бўлган қадриятлар – бир-бирига меҳр-оқибат кўрсатиш, беморлар, кўнгли ярим инсонларга беминнат ёрдам бериш, табаррук кексаларимизнинг дуосини олиш каби эзгу ишлар амалга оширилмоқда.

Бу эса Наврўзнинг файзига янада файз қўшмоқда.  Бунёдкор халқимиз томонидан барпо этилаётган янги бино ва иншоотларнинг топширилаётгани эса туман аҳли учун байрам туҳфаси бўлмоқда.   

 Қадрли дўстлар!

 Муҳтарам Президентимизнинг “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” бўлган ушбу йилда амалга оширишга оид Давлат дастурларида аниқ белгилаб берилган вазифалар  асосида туманимизда ҳам аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, маҳаллаларни янада обод қилиш, барча соҳаларда самарадорликни ошириш, айниқса, тумандошларимизни иш билан банд қилиш ва уй-жойга бўлган талабини қондириш, таълим ҳамда аҳоли саломатлигини яхшилашга оид тадбирларни изчил амалга ошириш, янги иш ўринларини яратиш чора-тадбирларимизнинг асосий қисмини ташкил этади.

 "Маҳаллабай” ишлаш тизими асосида амалга оширилаётган тизимли ишлар, барча раҳбарларнинг аҳоли билан учрашиб, мулоқотлар олиб бориши, уларнинг муаммоларини жойида ўрганиб, тезда бартараф этилиши давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бирига айланиб, "Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак” тамойили асосида ўз ифодасини топмоқда.

 Шунингдек, байрам  арафасида истироҳат боғларида, маҳалла марказларида, аҳоли хонадонларида ободонлаштириш ва “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўкаламзорлаштириш ишлари давомийлик тарзда олиб борилиб, минглаб мевали ва манзарали дарахтлар экилди. Қабристонлар атрофи ва йўлаклари тартибга келтирилди, ижтимоий кўмакка муҳтож кам таъминланган, ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиниб, меҳр ва эътибор кўрсатилди.

Ҳурматли элдошлар!

 Барчамизга маълум, Наврўз — янги кун, янги фасл демакдир. Баҳорда кун ва тун узунлигининг тенглашуви – янги деҳқончилик мавсуми бошланишидан дарак беради. Бободеҳқонларимиз бу айёмда янги йилнинг қут-баракали келишини, тўкин-сочинлик бўлишини сўраб дуога қўл очган. Барчамизнинг тилагимиз битта: йилимиз қутлуғ келсин, дарёларимизда сув сероб, ҳосилимиз мўл, халқимизнинг ризқу-насибаси баракали бўлсин!

Яна бир бор барчани қадим ва ҳамиша навқирон Наврўз байрами билан табриклайман.

Наврўз ҳар биримизга яхши кунларни олиб келсин.

Ҳаётингиз баҳор тонгидек тиниқ, бахтли ва фаровон бўлсин!

 Шарқона Янги йилимиз— Наврўзи оламнинг қадами қутлуғ ва баракали келсин!

 Наврўз муборак бўлсин!