Ҳазорасп тумани ҳокими Ў.Машариповнинг туман аҳлига МУРОЖААТИ
ЎЗБЕКИСТОНДА КАРАНТИН 15 АВГУСТДАН ЮМШАТИЛАДИ
бу биздан янада масъулиятни талаб этади
Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудларда саноатни ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида 15 августдан карантин талабларини босқичма-босқич юмшатиш автотранспорт воситаларининг кун давомида юриши, маҳаллий авиа ва темир йўл қатнови учун рухсат бериш, санаторийлар, меҳмонхоналар, музейлар, болалар оромгоҳлари, дала ҳовлилар ижараси, гўзаллик салонлари, сартарошхоналар, очиқ ҳавода хизмат кўрсатадиган умумий овқатланиш объектлари фаолияти тикланиши айтиб ўтилди.
Шунингдек, белгиланган талабларга амал қилган ҳолда уйда 30 кишилик оилавий маросимлар ўтказиш мумкинлиги, 17 августдан ҳудудлар ўртасида автотранспорт қатнови, жамоат транспорти (метрополитендан ташқари) ва шаҳар атрофидаги автобуслар қатнови тикланиши, 20 августдан эса буюм ва қурилиш маҳсулотлари бозорлари, йирик савдо дўконлари, спорт заллари, фитнес клуб ва бассейнлар ишлай бошлаши таъкидланди.
Ҳурматли элдошлар!
Давлатимиз раҳбарининг халқи учун қайғураётган бир пайтда, биз карантин талаблари юмшатилди деб олдинги йўл қўйган хатоларни такрорламаслигимиз керак. Карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда темир интизомга риоя қилиб, ижтимоий масофани сақлаб, ниқоб тақиб, дезинфекция ва санитария-гигиена талабларига сўзсиз амал қилишимиз шарт. Агар ушбу қоидаларга сабр-тоқат билан амал қилсак, албатта бу синовни тез орада енгиб ўтамиз.
Қадрли элдошлар!
20 августдан буюм ва қурилиш маҳсулотлари бозорлари, йирик савдо дўконлари ҳам иш фаолиятини бошлайди. Фуқаролар гавжум бўлувчи жойлар ҳисобланган буюм ва қурилиш маҳсулотлари бозорларида доимо эпидемиологик барқарорликни таъминлашимиз, касалликни кенг тарқалишининг олдини олиш учун барча зарурий профилактик чораларни кўришимиз, иш бошлашдан олдин ва иш вақти тугаганидан сўнг дезинфекция қилишимиз, сотувчи ва харидор ўртасидаги масофани сақлаган ҳолда савдо қилишимиз лозим. Шунингдек, савдо жараёнда ҳамма тиббий ниқоб ва қўлқопларда бўлиши, қўлларини тез-тез зарарсизлантириб туриш жуда муҳим.
Бундан ташқари, кичик дўконларга бир нечта харидорнинг зич бўлиб кириб олишига йўл қўйилмаслигимиз керак. Ҳар бир дўконнинг майдонидан келиб чиққан ҳолда 2 метрлик ижтимоий масофани сақлаган ҳолда харидорлар киритилиши, меъёрдан ортиқлари ташқарида оралиқ масофани сақлаган ҳолда кутиб туришларини талаб этишимиз лозим. Бозор ҳудудига киришдан олдин эса барчанинг тана ҳарорати албатта ўлчаниши шарт.
Азиз элдошлар!
Тўйларнинг 30 кишилик қилиб ўтказилишига ҳам рухсат берилди. Аммо, бу дегани олдингидек 30 киши ўрнига 300-500 кишини таклиф этиш дегани эмас. Аксинча белгиланган кўрсатмаларга қатъий амал қилишимиз лозим.
Барчамиз биламиз, тўй - қариндош-уруғлар, яқин дўсту биродарларнинг дийдорига, суҳбатига тўйиш маъносини билдиради.
Шундай экан, карантин қоидаларига амал қилайлик, тўйларни дабдаба қилмасдан 30 киши ўрнига олдингидек 300-500 киши тўпламасдан, яқинларимиз билан ўтказайлик ва коронавирус чекинаётган бир пайтда бир тану бир жон бўлиб, унинг занжирининг яна мустаҳкамланишига йўл қўймасдан узиб ташлайлик. Олдинги тинч-осуда, касалликсиз гўзал ҳаётимизга қайтайлик. Бунинг учун бир мушт бўлиб, COVID-19 касаллигини биргаликда, жипсликда, белгиланган барча қоидаларга риоя қилиб, бу балони мамлакатимиздан бартараф этиш менинг ҳам масъулиятли бурчим деб ёндошиб, курашайлик.
Ҳурматли фуқаролар ўзингиз ва яқинларингиз саломатлигини асранг!
Карантин қоидаларига қатъий амал қилинг!