Ҳазорасп туман ҳокими У.Р.Машариповнинг педагоглар, туман аҳолиси ва ота-оналарга МУРОЖААТИ


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Ҳазорасп туман ҳокими У.Р.Машариповнинг туман халқ таълими тизимида 2022 йилда амалга оширилган ишлар ҳамда 2023 йил “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да белгиланган устувор вазифалар тўғрисида педагоглар, туман аҳолиси ва ота-оналарга
МУРОЖААТИ

         Ассалому алайкум ҳурматли депутатлар!

Муҳтарам сессия қатнашчилари!

Мана ҳаммамиз катта ниятлар билан, орзу-умидлар билан кутган
2023 йилнинг дастлабки 10 куни ўтди. Энг аввало кириб келган янги йилимиз барчамизга унумли, омадли энг асосийси тинчлик-осойишталик олиб келишини яратгандан сўраб қоламиз.

Республикамиз миллий ривожланишнинг янги даврига дадил қадам қўймоқда. Ҳаётимизнинг барча жабҳаларида улкан ўзгаришлар юз бермоқда.

Ана шу қилинаётган саъй-ҳаракатлар натижаси бизнинг туманимиз аҳолисининг ҳаётида ҳам ижобий сезилаяпти десак, тўғри бўлади.

Беҳисоб шукурлар бўлсин, бу йил туманимиз аҳолиси 200000 (икки юз минг) дан ошди. Улар бизнинг энг бебаҳо, олий ҳиммат инсонларимиз, кўзимизнинг оқу-қораси азиз фарзандларимиз, набираларимиздир. Мана шу катта ва иноқ оиланинг ҳар-бир аъзоси тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун зарур бўлган шарт-шароитларни яратиш мақсадида меҳнат қилмоқдамиз, изланмоқдамиз.

Ҳазорасп туманининг Республикада ҳам, айниқса вилоятда ўзининг салмоқли ўрни бор, бу қувонарли албатта.

Ушбу даврда қилган ишларимизни ҳисоб қилиб қарасак, тўплаган тажрибамиз бир ҳаётий ҳақиқатни яққол исботлаб бермоқда: тараққиётга фақат машаққатли ва фидойи меҳнат орқали эришилади.

Ўзларингиз гувоҳ бўлиб турибсизлар, охирги йилларда туманимизда сезиларли даражада ижобий ишлар қилинмоқда. Мақсадларимизни инсон қадрини улуғлаш, инсонни эъзозлаш, унинг ўзгаришларни эртага эмас, бугун сезиши борасида эзгу ишларимизга қаратмоқдамиз.

Туманимизда олиб борилаётган ижобий ишлар борасида айтадиган бўлсак, охирги уч йилда кўп қаватли уй-жойлар қуриш, йўлларни капитал ва жорий таъмирлаш, ичимлик суви таъминотини яхшилаш, электр тармоқларини янгилаш, иссиқлик, табиий газ, суюлтирилган газ етказиб беришда, бир сўз билан айтганда аҳолимизнинг кундалик ҳаётларидаги эҳтиёжларини қондиришда тизимли ишлар амалга оширилди. Бу ишларни келгусида ҳам бир кун ҳам, бир соат ҳам тўхтамасдан давом қилдирамиз.

2022 йилда 5 (беш)та беш қаватли уй-жойлар қурилиб, 100 та хонадон эгаларининг орзулари рўёбга чиқди. 3 йилда ҳаммаси бўлиб 340 хонадонга мўлжалланган кўп қаватли уй-жойлар қурилди.

2023 йилда яна 15 та шундай уйлар қуришни мўлжаллаяпмиз, бу яна 300 хонадон дегани.

Шу даврда 44 км. йўлларга асфальт ва бетон ётқизилди, 45 км. йўлларга шебень, 60 км. йўлларга ШПС ташланиб бу борада кўзга кўрингудек ишлар амалга оширилди.

Туман аҳолисига сифатли ичимлик суви етказиб бериш борасида ҳам сезиларли ишлар амалга оширилмоқда. 2020 йилда 116,6 км. , 2021 йилда 92,3 км. , 2022 йилда 82,5 км. – жами 3 йил давомида 291,4 км.  сув қувурлари ўтказилди. Ҳозирги кунда туманимиз аҳолисининг 67,3 % тоза ичимлик суви билан таъминланган.

Шунингдек, аҳолимизга қулайлик яратиш мақсадида туманнинг бир қанча ҳудудларида пиёдалар юриш йўллари (тротуарлар) қурилмоқда.

Худди шунингдек, туманимиз иқтисодиётининг ҳамма тармоқларида – қишлоқ хўжалиги, саноат, инвестициялар, алоқа ва коммуникациялар, хизматлар ва сервис, транспорт соҳаларида ҳам ижобий ўзгаришлар сезилмоқда.

Бугун биз бир ҳаётий ҳақиқатни таъкидлашимиз лозим – замон ҳар қачонгидан ҳам тезлашмоқда. Аҳолимизнинг фаровонлиги ошгани сайин талаб ва эҳтиёжлари ҳам ортиб бормоқда.

Бу табиий, албатта.

Энди бутун фаолиятимизни аҳолимиз эҳтиёжларини қондириш учун қаратишимизни ҳаётнинг ўзи тақазо қилмоқда.

Биз раҳбарлар, барчамиз жойларда бўламиз, секторлар кесимида аҳолимизни қабул қиламиз, хонадонларда, маҳаллаларда бўлиб аҳолимиз билан учрашамиз.

Яхши, фаровон, чиройли яшаётганларини кўриб қувонамиз, ташвиш ва муаммолари бўлган аҳолимизга амалий ёрдам қилиш чораларини кўриб бормоқдамиз. Буларнинг ҳаммаси бизнинг кундалик назоратимизда туради.

Аҳолимиз томонидан билдирилаётган таклифлар, илтимослар, мурожаатларнинг ҳаммаси келгусида қилиниши керак бўлган режаларимизни тўғри олиш учун йўналиш бўлиб хизмат қилади. Фуқароларимиз сифатли таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиётимиз йўналишларида аниқ-равшан масалаларни кўтариб, улар бўйича ечимларни кутмоқда, тизимли таклифларини ҳам бериб келмоқдалар.

Дарҳақиқат, мақсадимиз ҳам келажакда мактаб, боғча, шифоханаларни кўпайтириш, таълим ва тиббиёт сифатини ошириш, юқорида қайд қилганимиздек маҳаллаларда йўл, сув, электр, иссиқлик-газ муаммоларини ҳал қилиш, иш ўринлари ташкил қилиш, тадбиркорликка янада имкониятлар яратиш, оворагарчилик, бюрократия ва коррупцияни йўқ қилишдан иборатдир.

Мана шу масалалар халқимиз учун ҳаётий зарур бўлган аниқ ва ўринли талаблардир. Уларнинг ҳаммасини ўзларимиз, бугун аҳолимиз билан, жамоатчилик билан ҳамкорликда бажариш чораларини кўришимиз лозим, бу ишни ўйлайман, уддасидан чиқамиз.

Ҳаммамизнинг  хабарингиз бор, кириб келган 2023 йил Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” деб номланди. Янги йилга шундай ном берилишида ҳам эзгу режалар, дастурлар борлигини кўрамиз.

Юртимизда олиб борилаётган давлат сиёсатининг марказида инсон ва унинг манфаатларини таъминлаш устувор вазифа қилиб белгиланган.

Туманимизда ҳам ҳар бир инсон, ёшу-қари, азиз фарзандларимиз барча-барчага эътибор доимо диққат марказимизда бўлади.

Ҳурматли сессия қатнашчилари!

Давлатимиз раҳбари, муҳтарам Президентимиз қайд қилганларидек, “Таълим сифатини ошириш-Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю-ягона тўғри йўлидир”.

Мана шу кенг маъноли сўзларнинг ижросини таъминлаш мақсадида биринчи навбатда эътиборни юртимиз учун энг катта инвестиция бўлган таълимга, уни қўллаб-қувватлашга қаратишимиз лозим.

“Нажот – таълимда, нажот – тарбияда, нажот – билимда” Чунки, барча эзгу мақсадларга билим ва тарбия туфайли эришилади.

Маърифатпарвар жадид боболаримизнинг бу сўзлари депутатлар, сиёсий партиялар аъзолари, ҳамма-ҳаммамизнинг кундалик амалий ишларимизга айланиши зарур деб ҳисоблаймиз.

Ўқитувчиларнинг мақомини, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни Конституцияда алоҳида белгилаш таклифлари тушмоқда. Шу боис 2023 йилнинг энг асосий вазифаларидан бири – мактабларда таълим сифатини яхшилаш, ўқитувчи касбининг нуфузини ошириш, муаллимнинг шароитларини яхшилаш масаласи бўлади.

Ҳозирги кунда туманимизда 53 та умумтаълим мактаблари ва 1 та “Баркамол авлод” болалар мактаби фаолият кўрсатмоқда. Таълим муассасаларида 3000 га яқин педагогларимиз 35000 дан зиёд фарзандларимизга таълим ва тарбия бермоқдалар.

 Кейинги йилларда илм-фан, таълим-тарбия соҳасини давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлантиришга қаратилган яхлит ва узлуксиз тизим яратилмоқда.

Мамлакатимизда янги турдаги ва янги сифатдаги таълим масканлари, Президент мактаблари, ижод мактаблари ихтисослашган ўқув даргоҳлар фаолият кўрсатмоқда.

Ана шу ишларнинг узвий давоми сифатида туманимизда ҳам Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги ихтисослаштирилган мактаб ташкил қилинди. Ушбу билим даргоҳини таъмирлаш учун 800 млн. сўм маблағ сарфланиб, янги ўқув йилига шай қилиб берилди.

Умуман, кейинги йилларда давлат умуммиллий дастури доирасида
45 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди, жумладан 19 та мактаб реконструкция, 18 та мактаб мукаммал ва 8 та мактаб жорий таъмирланди. Фақат 2022 йил давомида 24-сон, 39-сон, 44-сон мактабларида инвестиция дастури доирасида, 28-сон ва 52-сон мактабларида “Обод маҳалла” дастури бўйича қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланиб, янги ўқув йилига тайёр қилиб берилди. Ушбу яратувчанлик ишларига 14 млрд. сўмдан ортиқ маблағ сарф қилинди.

Шунингдек ўзларимизнинг ички имкониятларимиздан фойдаланиб, мактабларнинг эшик ва деразалари ромларини янгилаш, иссиқлик тизимини таъмирлаш, ошхоналарни жихозлаш, мактаблар ҳудудларини панжаралар билан ўраб олиш каби кечиктириб бўлмайдиган ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Барча мактаблар қишки мавсумга қарата
ёқилғи-кўмир билан таъминланди.

Шу ўринда шуни алоҳида таъкидлашни истардим-ки, тумандаги 1-сон мактабдаги ҳомийлик ташаббуси билан қилинган хайрли иш жуда ҳам эътирофга лойиқ деб ҳисоблаймиз.

Ушбу ташаббус билан қилинган қурилиш-таъмирлаш, ободонлаштириш ишлари натижасида мактаб замонавий тус олди.

Халқимизда азалдан келаётган қадриятларимиз “оғзи бирлик”да ҳикмат кўплигига ишонч ҳосил қилдик.

Ўқув йили бошидан туманимиз мактабларининг бошланғич синф ўқувчиларини Кейтринг тизими асосида бепул овқатлантириш йўлга қўйилди.

Бу борада етарли тажриба орттирдик. Камчиликлар, йўл қўйилган хатоликлар бўйича муҳокамалар ўтказдик. Уларни бартараф қилиш учун вақтида ва жойида чора-тадбирларни белгилаб бордик.

Ушбу масала халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясида ҳам кўриб чиқилиб, тегишли қарор қабул қилинди.

Давлатимиз Раҳбарининг бу борадаги топшириқларини сўзсиз бажариш учун, фарзандларимизга сифатли, таомномаларда белгиланганидек махсулотларни етказиб бериш учун масъул бўлган халқ таълими бўлими раҳбарлари қатиқ шуғулланишлари зарур.

Ҳаммамиз жуда яхши биламиз, ҳеч кимга сир эмас, қаерда фидоий, ўз касбини севадиган, билим ва тажрибасини мустаҳкамлаб борадиган устоз бўлса, унинг ўқувчилари илмли-билимли бўлади. Ҳудди шунингдек сифатларга мос мураббий бўлса, шогирдлари яхши касбга, кўникмага эга бўлган инсонлар бўлади.

Бугунги кунда туманимизда фидоий ўқитувчи-педагоглар фаолият кўрсатмоқдалар. 2-сон мактабининг она тили фани ўқитувчиси Барно Ражабова, 32,48-сон мактабларининг математика фани ўқитувчилари Хусин Ибодуллаев ва Қадамбой Отажонов, 20-сон мактабда тарихчи Шарифбой Абдуллаев, Президент таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактабидан Отабек Эгамбердиев ва Ойгул Бекчанова каби ўнлаган устозларимиз билан хақли равишда фахрланамиз.

Куни кеча Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан ўқитувчилар ўртасида ўтказилган “Ўқитувчилар олимпиадаси”нинг Республика босқичида туманимиздаги 8-сон умумтаълим мактаби ўқитувчиси Яхшимурод Қурбонов фаол қатнашди ва физика фани бўйича Республикада фаҳрли 1-ўринни эгаллаб, ғолиб деб топилди.

Яхшимурод Қурбоновни ушбу ғалаба билан муборакбод қиламиз. 

Охирги 2 йилда туман халқ таълими бўлими фаолиятида ҳам анча ўзгаришлар сезилмоқда.

Жумладан, 2022 йилда “Узлуксиз касбий ривожланиш” электрон платформаси орқали 2849 нафар ўқитувчининг малакаси оширилди. APRO дастури орқали 2022 йилги аттестация жараёнида қатнашган 2200 нафардан ортиқ ўқитувчилар ҳамда 2275 нафар битирувчиларни олий таълимга тайёрлаш ишлари олиб борилди.

Натижада 2022 йилда 2020 йилга нисбатан ўқитувчилар улуши:

- олий тоифали 3 % (87 нафар)дан 15 % (437 нафар)га;

- биринчи тоифали 7 % (204 нафар)дан  26 % (758 нафар)га;

- иккинчи тоифали 44 % (1283 нафар)дан  30 % (875 нафар)га ўсишига эришиди.

         2022 йилда Ҳазорасп тумани бўйича 2275 нафар ўқувчи битказиб, шундан 715 (31,4 %) нафари талабаликка қабул қилинди.

Ҳазорасп тумани 2022 йилги Миллий рейтинг натижаларига кўра вилоятда 4-ўринни, Республикада 59 поғона кўтарилиб, 32-ўринни эгаллади.

         Ўзбекистон Республикаси Президентининг соврини учун “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловининг туман босқичи
2022 йилнинг март ойида бўлиб ўтиб, якуний натижаларга кўра:

1-ўринни 34-сон умумий ўрта таълим мактаби;

2-ўринни 14-сон умумий ўрта таълим мактаби;

3-ўринни 12-сон умумий ўрта таълим мактаблари ғолиб деб топилди.

Ғолиб бўлган таълим муассасларига туман ҳокимлиги томонидан
1-ўрин учун 100 млн сўм, 2-ўрин учун 75 млн сўм, 3-ўрин учун 50 млн сўм пул маблағлари берилди.

            Ўтган ўқув йилида туманда иқтидорли ўқувчиларни танлаш, излаб топиш, ижодкор, ташаббускор ўқувчиларни қўллаб қувватлаш вилоят, республика халқаро олимпиадаларида иштирокини таъминлаш борасида ҳам анча муваффақиятларга эришилди.

Жорий йил давомида юқори синф ўқувчилари ўртасида ўтказилган фан олимпиадаларининг  вилоят босқичида туманимиздаги 32-сон мактабнинг
11-синф ўқувчиси Атаназарова Мухлиса Алижон қизи француз тили фанидан вилоятда 1-ўринни, 45-сон мактабнинг 9-синф ўқувчиси Яхшимов Мустафо Музаффар ўғли тарих фанидан 2-ўринни, 32-сон мактабнинг 11-синф ўқувчиси  Турсунов Ўлмасбек Қувондиқ ўғли физика фанидан 3-ўринни,
45-сон мактабнинг 10-синф ўқувчиси Қурбонбоева Шахризода Шохрух қизи физика фанидан 3-ўринни эгаллашди.

2022 йил май ойида  ўтказилган “Менинг ҳуқуқ ва мажбуриятларим” кўрик танловининг вилоят босқичида Ҳазорасп тумани 53-сон мактаб ўқувчиларидан ташкил топган “Қалқон”  жамоаси муносиб иштирок қилиб фахрли 3-ўринни эгаллади.

25-сон мактабнинг “Нилуфар” рақс жамоаси “Камалак юлдузлари” Руспублика танловининг  миллий рақс йўналишида вилоят босқичида
1-ўринни, Республика босқичида 1-ўринни эгаллашди, шу мактабнинг 5-синф ўқувчиси Кумушхон Баходирова хикоя, эртак, эссе ёзиш йўналишида вилоятда 1-ўринни эгаллаб, Республика босқичида 2-ўринни эгаллади.

Умид нихоллари Спорт мусобақаларининг вилоят босқичида спортнинг баскетбол спорт туридан  ўсмирлар жамоаси вилоятда 2-ўринни (жамоа мураббиси Хамид Жуманёзов), 32-сон мактабнинг 10-синф ўқувчиси Анахон Хамроева енгил атлетика спорт туридан 100метр, 400 метр ва эстафета югуришларида вилоятда 1-ўринни эгаллади (Ўқитувчиси Салаев Ихтиёр), 9-сон мактабнинг 11 синф ўқувчиси Маъмурахон Ахмедова узунликка сакраш бўйича вилоятда 1-ўринни эгаллади (ўқитувчиси Дилшод Матчонов), 10-сон мактабнинг 7-синф ўқувчилари Сўнажон Давлетова ва Махлиё Каримовалар миллий кураш бўйича 42 кг вазнда вилоят биринчилигини эгалладилар. 1-сон ихтисослашган мактаб интернатининг  9-синф ўқувчиси Хуршидбек Рахимов шахмат бўйича вилоятда 3-ўринни эгаллади.

Мудофаа вазирининг қубоги учун “Ватанпарварлар” спорт мусобақаларининг вилоят босқичида  38-сон мактаб жамоаси вилоятда
2-ўринни эгаллади.

Булар ҳаммаси қувонарли, яхши натижалар. Лекин Ҳазораспдек ўзига тўқ, бағри кенг инсонлари бор диёрдан янада яхшироқ кўрсаткичлар бўлишини ҳоҳлаймиз ва бунга ишонамиз ҳам.

Очиғини айтадиган бўлсак, туманимиз халқ таълими тизимида қилинадиган ишларимиз кўплигини, камчиликларимиз ҳам етарли эканлигини кўришимиз мумкин. Кўпгина натижалар шуни кўрсатмоқдаки,  вилоят кўрсатгичидан анча орқадамиз.

Вилоятда битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи 41 % бўлган бир вақта туманда бу кўрсаткич 31,4 % ни ташкил этмоқда. Бу мактабларимиздаги таълим сифатининг пастлигининг яққол исботидир.

Ўқитувчиларнинг касбий маҳорати, қобилияти, савиясини кўрсатадиган яна бир асосий масалани айтиб ўтмоқчиман. Педагогларимизнинг фақатгина 11 нафари 10 млн. сўм атрофида иш ҳаққи олишади. Бу жами ўқитувчиларининг атиги 0,4 % ни ташкил қилади холос.

Ҳозирги кунда туман мактабларида фаолият кўрсатаётган педагогларимизнинг 259 нафари ўрта-махсус маълумотли кадрлардир, бу ўқитувчиларнинг умумий сонининг 8,8 % ни ташкил қилади, вилоятда бу кўрсаткич 5,2 %. Шундан кўриниб турибдики, ўзларининг маълумотлари етарли бўлмаган бир вақтда, ўқувчиларимиз малакали, замон талабига жавоб берадиган, сифатли таълим олаётирлар деб кафолат бера оламизми?

Вазифа шундан иборат бўлиши керак-ки, тумандаги педагогларнинг ўз устида ишлашини қўллаб-қувватлаш орқали кадрлар салоҳиятини ошириш, жумладан ўрта-махсус маълумотли ўқитувчилар улушини 2023 йилда максимал пасайтириш, олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар улушини вилоят кўрсаткичидан юқори даражага кўтариш зарур.

Ҳудди шундай тумандаги мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичини 31,4 % дан 40 % га чиқаришни мақсад қилиб ана шунга эришишимиз шарт.

Энди қисқача мактабгача таълим ҳақида тўхталаман.

Ҳазорасп туманида 47 та маҳаллада жами 3-7 ёшли болалар сони
16759 нафарни ташкил қилади. Мактабгача таълим бўлимига қарашли 196 та мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд. Давлат мактабгача таълим ташкилотлари 20 та қуввати 3270 (болалар қамрови 5345 нафар), давлат хусусий шерекчилик асосида 9 та қувват 965 (болалар қамрови 835 нафар), оилавий нодавлат шаклдаги мактабгача таълим ташкилотлари сони 167 та қуввати 5975 (болалар қамрови 4804 нафар)ни ташкил қилади ва мактабгача таълим ёшидани болаларнинг жами 16759 нафаридан 10984 нафари яъни 65,5% мактабгача таълим тизимига қамраб олинган.

2017 йилда бу кўрсаткич 26% ни ташкил қилган эди.

Мактабгача таълим ташкилотларидаги тарбияланаётган фарзандларимиз мактабларга ҳар томонлама тайёр бўлиб боришлари учун барча имкониятлардан фойдаланиб, шу мақсадимизга эришишимиз керак.

Бу соҳада вазифа шундан иборат бўлиши керакки, жажжи болажонларимизнинг боғчалари қамровини 2026 йилга бориб 100% га чиқаришимиз лозим.

Лекин, давлат мактабгача таълим ташкилотларида фаолият кўрсатаётган педагог кадрларнинг 235 нафаридан 136 нафари олий маълумотга эга. Бу шуни кўрсатмоқдаки етарли маълумотга эга бўлмаган кадрлар болаларимизга талаблар даражасида таълим ва тарбия бера олмайдилар.

Мактабгача таълим бўлими фақатгина давлат таълим муассасаларига эмас, давлат-хусусий шерикчилиги ва оилавий боғчаларга ҳам таълим ва тарбиянинг методикаси учун масъул ҳисобланади. Бу борада етарлича иш олиб борилмаётир. Натижада юқоридаги мактабгача таълим ташкилотларидаги тарбияланувчилар етарлича стандартлар бўйича таълим ва тарбия олмаётирлар, ушбу муассасаларда ишловчилар ўзлари билганича фарзандларимиз билан шуғулланмоқдалар.

Болаларимизни сифатли, калорияга тўла махсулотлар билан таъминлашда ҳам камчиликлар мавжуд.

Мутасадди ташкилотлар, жамоатчилик билан ўтказилган ўрганишлар натижасида камчиликлан аниқланиб, тумандаги 1-сон (директори Интизор Сапаева), 6-сон (директори Каромат Жуманазарова ), 14-сон (директори Шоира Хасанова) интизомий (ҳайфсан) жазога тортилдилар.

Шунингдек тумандаги 13-сонли мактабгача таълим ташкилотлари хўжалик бўлими мудирлари ва ҳамширалари ҳам интизомий жазоланганлар.

Энди бундай ҳолатларнинг қайтарилишига барҳам бериш вақти келди. Норасида, жажжи болажонларнинг ризқидан уриб қолиш гуноҳ. Нафсни тийиш керак деб ўйлайман. 

Бугунги кунда мактабгача таълим ташкилотларига шундай вазифа қўйилмоқдаки, болаларимиз соғлом овқатланишлари, етарли таълим-тарбия олишлари зарур.

Муҳтарам устозлар, сизларга мурожаат қилмоқчиман.

Бироз бўлса ҳам ютуқларимиз қувонарли, албатта. Лекин биз шулар билан қаноатланиб қолмаслигимиз керак.

Республикада, вилоятда ҳамма фанлардан юқори ўринларни олиш оммавий равишда – юзлаган,  минглаган фарзандларимизнинг эришишларига салоҳиятимиз етади. Биз ана шундагини мақсадларимизга етдик дейишимиз мумкин.

Очиқ айтиш керак, ҳозирги кун, замон талаби даражасида билим, тарбия бера олмаётганлигимиз ҳам айни ҳақиқат.

Давлатимиз раҳбари томонидан таълим, тарбия масалаларида вазифа аниқ, кўндаланг қўйилди.

Келгуси йилдан бошланғич синфларда мутлақо янги методика асосида дарсликлар ўқитиш йўлга қўйилади.

Фарзандларимиз она тили ва чет тилларини пухта ўзлаштириб, компьютерда ишлашни ўрганиб чиқишларига эришишни истаймиз.

Ўқувчиларда эркин ва креатив фикрлашни, жамоада ишлаш ва мулоқот кўникмаларини шакллантириш зарур.

Битирувчиларни касб-ҳунарга, санъатга, маданиятга қизиқадиган қилиб тайёрлашимиз – бу ҳозирги куннинг долзарб вазифасидир.

Бир сўз билан айтганда фарзандларимиз мактабдан мустақил ҳаётга тайёр инсонлар бўлиб етишишлари керак.

Бу энг зарур бўлган вазифани Сиз мухтарам устозлар, фақат Сиз амалга оширишга қодирсиз. Ҳар бир ота-она, ҳаммамиз Сизлардан шуни кутиб қоламиз.

Бу вазифа – шу куннинг талаби.

Бу вазифа – эртанги кунимизнинг обод, фаровон, гўзал бўлишини кафолатидир.


Мухтарам, азиз ота-оналар!

Ҳаммамиз шуни яхши билишимиз керак-ки, замон биздан ҳар томонлама мукаммал авлодни талаб қилмоқда. Бизлар ҳам, ҳурматли педагогларимиз ҳам бу вазифани бажаришда Сизларга таянамиз.

Ўқитувчиларимиз фарзандларимизга билим, тарбия берсалар, Сиз уларни бу йўлда қўллаб-қувватлашингиз лозим.

Ҳаммамиз яхши биламиз, улуғ боболаримиз Ал-Хоразмий, Ал-Беруний, Алишер Навоий, Мирзо Улуғбекдек аждодларимиз билан фахрланамиз. Алломаларимизни одоб-икромли қилиб тарбиялаган, илмга чанқоқ қилиб вояга етказган, ҳалол едириб-ичирган ота-оналарининг самимий дуолари, саъйи ҳаракатлари туфайли шу даражага етганлар.

Ҳар-бир устоз ўз ўқувчиларини ардоқлайди, эъзозлайди, ўзининг фарзандларидан ҳам яхши кўради. Бугунги интернет, вертуал олам ёшларимизга тез таъсир ўтказмоқда. Уларда яхши янгиликлар билан бирга инсон маънавиятини захарловчи ғоялар ҳам етарлича. Бундай тахдидлардан ёшларимизни бугун ҳимояламасак, эртага кеч бўлади.

Бунда ота-оналарнинг, маҳалла фаолларининг кўмаги биз учун жуда мухимдир. Шунинг учун ота-оналар билан ҳамкорликни янада кучайтиришимиз зарур.

Бу вазифа ҳамма-ҳаммамизнинг кундалик ҳаёт тарзимизга айланмоғи даркор. Ушбу ишларни сидқидилдан, фидоий бўлиб, жон куйдириб бажариш ҳаммамиз учун ҳам қазр, ҳам фарздир.

Ҳурматли сессия қатнашчилари!

Ҳаётимизга катта куч бўлиб кираётган янги авлодимизни, эртанги кун эгаларини камол топтиришда хизмат қилётган Сиз мухтарам устозларга, фарзандим деб кеча-кундуз меҳнат қилиб юрган Сиз ота-оналарга соғлик, омонлик тилайман.

Эътиборингиз учун рахмат!