Ҳайрли ишлар ЭЗГУЛИК ЙЎЛИДА БАРДАВОМ
Халқимизнинг ўзига хос қадимий анъана, урф-одат ва миллий қадриятлари жуда кўп. Кексалар, кам таъминланган оилалар, якка-ёлғиз, беморлар, ёрдамга муҳтожларнинг ҳолидан хабар олиб, уларга кўмак бериш, қўллаб-қувватлашдек эзгу ва ҳайрли ишлар шулар жумласидандир.
Бу борада, Ҳазорасп туман ҳокими Ўктам Машарипов раҳбарлигида туманимиз маҳаллалари бўйлаб, ожизларга меҳр-саховат кўрсатиш, йиқилганга суянчиқ бўлиб, кўмаклашишдек эзгулик амаллар давом этиб келмоқда.
Жумладан, бугун туман ҳокими Ў.Машарипов “Овшар” маҳалласида яшовчи Сапарбой Каримов хонадонига ташриф буюриб, оилада катта бўлаётган фарзандлар Мардонбек ва Саъдуллабеклар билан учрашиб, самимий суҳбатлашдилар. Уларнинг келгусидаги орзу-ниятларини тингладилар.
-Мен молиячи бўламан. Мактабда яхши ўқиб, катта одам бўламан, - дейди кўзлари чақнаб турган Саъдуллабек.
Илоҳим ниятингга етгин дея бағрига олган туман ҳокими ушбу оилага 11 турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини, турли ширинликлар, ҳар бирига бошдан оёқ кўплаб кийим-бош, овқат пишириш учун газ баллонни ҳам етказиб бердилар.
Туман ҳокими томонидан амалга оширилаётган бу эзгу амаллар инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибат, диёнат, саховат каби тушунчаларни янада мустаҳкамлаш билан бирга, ўсиб келаётган ёш авлод қалбида меҳр-саҳоват, эзгулик туйғуларининг шаклланишида муҳим аҳамият касб этади.
Ҳазорасп туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.