ЖАҲОЛАТГА ҚАРШИ МАЪРИФАТ
Бугунги кунда глобаллашувнинг шиддатли тус олиши дунё миқёсида ғоявий-мафкуравий таҳдидларнинг тобора авжига чиқишига замин яратмоқда. Шундай шароитда тинчлик, барқарорликни сақлашда маънавият ва маърифатга эътибор қаратиш муҳим аҳамият касб этади. Давлатимиз раҳбари таъкидлаб ўтганидек “Биз маънавият ва маърифат ишини ватанпарварлик иши, виждон иши, деб биламиз. Виждони, маънавияти бор инсон Ватанни, албатта, яхши кўради. Виждон, маънавият дегани – халққа, Ватанга чин юракдан хизмат қилиш деганидир. Мана шундай қараш бутун халқимиз, айниқса, ёшларимиз томонидан кенг ва қизғин қўллаб-қувватланаётгани маънавий тарбиянинг нақадар долзарб аҳамиятга эга эканини кўрсатади”.
Миллатимиз ва халқимиз менталитетини ўзида намоён этувчи буюк маънавиятимизни асраш халқимиз тақдири ва келажаги, ҳаёт-мамотимиз вазифаси эканлигини англаш ўта муҳим вазифадир. Глобаллашув даврида дунёда вужудга келаётган таҳликали вазият тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Дунё миқёсида кескин ғоявий курашларнинг авж олиши, турли мафкуралар тўқнашуви, демократия ёки турли диний таълимотлар шиорлари билан “чиройли” ниқобланган ёвуз ғояларни сингдиришга интилиш тобора кучайиб бормоқда. Дунё хавфсизлиги ва барқарорлигига жиддий раҳна солишга интилаётган экстремизм, терроризм, ақидапарастлик, гиёҳвандлик каби таҳдидларнинг мавжудлиги жиддий фикрлашни талаб этмоқда. Бу борада, дунё миқёсида вужудга келаётган таҳликали вазиятлар кучайиб бораётган хавф – хатарлар, қонли тўқнашувлар, сиёсий ва иқтисодий қарама – қаршиликлар, терроризм, радикализмнинг тобора авж олиши тинчлик ва барқарорликка жиддий таҳдид солаётганлиги тобора ойдинлашмоқда.
Бугунги кунда радикаллашув жараёнларига қарши курашнинг энг самарали йўли – бу “жаҳолатга қарши маърифат” асосида кураш услубидир. Бундай кураш услуби бугунги кунда илғор хорижий давлатларда кенг қўлланилмоқда. Хусусан, Бирлашган Араб Амирлиги, Цингапур, Саудия Арабистони Подшоҳлиги, Миср Араб Республикаси каби мусулмон мамлакатларида индивидуал суҳбат ва турли маърифий усуллар ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган шахсларни тўғри йўлга қайтаришда ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Радикаллашувдан қайтаришда шахснинг нотўғри қарашларини тўғрлаш экстремизм ва терроризмга қарши курашнинг маърифий ва оқилона усули эканлиги эътироф этилмоқда.
“Жаҳолатга қарши маърифат” асосида ишларни ташкил қилиш жамиятда ўзаро бир-бирини тушунишни қўллаб-қувватлайди ҳамда тинчлик-барқарорликни таъминлашда ўзига хос аҳамият касб этади.
Алижон Ражабов,
Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси раҳбари.