ЎЗБЕКИСТОН КЕЛАЖАГИ СОҒЛОМ ВА БАРКАМОЛ АВЛОД ҚЎЛИДАДИР


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

12 февраль куни Ҳазорасп туман ҳокимлигининг катта мажлислар залида ўтказилган сектор раҳбарлари ва ёшлар учрашувида Хусинбой Султонов 1-сектор раҳбари, туман ҳокимига тадбиркорлар фаолияти билан тадбиркорликка қизиқувчи ёшларни ҳам олиб бориш таклифини берган эди.

Бугун Х.Султоновнинг таклифи ижроси юзасидан Ҳазорасп тумани ҳокими Ўктам Машарипов ёшлар билан учрашди ва ёш тадбиркор Мадёрбек Қўзиев фаолият юритаётган "Шерзодбек Маликабону" МЧЖ корхонасига бориб, ёшларни тадбиркор фаолияти билан таништириб, ўз таклиф, тавсияларини ва ёшларни қизиқтирган саволларга жавоблар бердилар.

Маълумот ўрнида: Мадёрбек Қўзиев ёш бўлишига қарамасдан ота-боболари касбини давом қилдириб, даромад қилишни мақсад қилган ёш тадбиркорлардан. У "Шерзодбек Маликабону" МЧЖ корхонасини ташкил этиб, новвот ва бошқа қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйган.
Олдинига наввот ва лабзина ширинлигини ишлаб чиқараётган Мадёрбек тадбиркорлик фаолияти турларини янада кенгайтиришни мақсад қилди ва имтиёзли кредит олиб, турли хилдаги конфет, оқ қанд, торт, печеньелар ва нон ёпишни йўлга қўйди.
8 нафар ўзига ўхшаган ёшларнинг иш билан бандлигини таъминлади. Бугунги кунда тайёрлаган маҳсулотларини ички бозорда сотиш билан бирга, тўй-ҳашамлар учун нон ва ширинликларга буюртмалар ҳам олмоқда.

Тиниб-тинчимас Мадёрбек Қўзиев яқинда Давлат хизматлари биносида “Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор” тамойили асосида ташкил этилган ўқув курсларида қатнашиб, тажрибали мутахассислар томонидан соҳага оид билим ва кўникмаларини ошириб, касбий малака сертификатини қўлга киритди. Бу тадбиркорнинг фаолияти тадбиркорликка қизиқувчан ёшларда катта таассурот қолдирди.

-Мен аввало билдирган таклифимни инобатга олиб, бир гуруҳ ёшларимизни ушбу ширинликлар ишлаб чиқариш корхонасига олиб келган Ҳазорасп тумани ҳокими Ўктам Машариповга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Чунки, бугун М.Қўзиевнинг тадбиркорлиги билан танишиб, ширинликларини ишлаб чиқариш жараёнларини кўриб, гувоҳи бўлиб, қалбимда фахр туйғуси уйғонди. Уларга ҳавасим келди. Айниқса, Мадёр оғанинг келгусидаги режаларини эшитиб, доноларимизнинг “Изланган имкон топар”, дея билдирган фикрларининг қанчалар тўғри эканлигига яна бир карра амин бўлдим.


-Ушбу корхонада бўлиб, менда ҳам тадбиркорликка иштиёқ ўйғонди. Айниқса, торт пишириб, нон ёпаётган опаларни кўриб, улардек чаққон ва пазанда бўлгим келди. Бизни ёш тадбиркор фаолияти билан таништирганликлари учун биз билан ёнма-ён юриб, ўз тавсияларини берганликлари учун туманимиз ҳокимига ўз ташаккуримни билдираман, - дейди қувончдан кўзлари порлаган Сурайё Рўзибоева.

Дарҳақиқат, ёшлар жамиятнинг эртанги келажаги, унинг фаол аъзоси, таъбир жоиз бўлса жамият эртасининг муносиб ворисларидир. Мазкур нуқтаи назардан Ҳазорасп тумани ҳокими туманимиз ёшларининг билимли, интеллектуал салоҳиятли, ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етиши борасида тизимли ишларнинг амалга оширилишига алоҳида эътибор қаратмоқда. Зеро, Ўзбекистон келажаги соғлом ва баркамол авлод қўлидадир.

Жамила УСМАНОВА,
Ҳазорасп туман ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари.