УСТОЗ БОҒБЕК ҚОСИМОВНИ ХОТИРАЛАБ !!!
Яхшилар ёди
Ҳазрат Жалолиддин Румий лутф қиладилар: “Яхши инсон ўзидан бахт, ёмон инсон ўзидан тажриба, хатокор инсон ўзидан дарс, мукаммал инсон ўзидан яхши из қолдиради”. Боғбек ака Қосимов ўзидан яхши из қолдирган каторида...
Устоз Боғбек ака Қосимов 1956 йил 4 декбрь куни таваллуд топган эдилар, бугун орамизда бўлганларида 64 ёшни қарши олган бўлар эдилар.
Боғбек ака Қосимов туманимизнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳаларида хизмат қилиб ўзидан яхши от, яхши из қолдирди.
Боғбек ака Қосимов...
Бу исм-шарифни эшитган инсонинг кўз олдида тўладан келган, буғдой мағиз юзли, юмалоқ кўзларидан нур, очиқ чеҳрасидан доимо меҳр ёғилиб турадиган, билимли ва айни пайтда боқишларида самимийлик ёғилиб турадиган инсон гавдаланади. Шоира Абдусаид Кўчимов айтади:
Бўлмоқ учун инсон мукаммал,
Кўп нарсалар зарурдир бешак,
Аммо дилга баридан аввал,
Меҳр керак, муҳаббат керак.
Боғбек акада инсонийликнинг барча жиҳатлари бисёр эди: Ҳеч кимдан ҳеч қачон нолимас, муҳтожлардан ёрдамини аямас, беҳудага бировнинг дилини оғритмас, қиладиган ишини меҳр билан қилар, атрофдаги воқеа ҳодисаларга муносабатини билдирар, эл-юрт келажаги, оиласи, фарзандлари тақдирига бефарқ бўлмас эди. Боғбек ака туманимизда ҳоким ўринбосари ва раҳбар лавозимларида фаолият юритиб, кўплаб шогирдларга билим ва ҳаётий кўникмаларни ўргатган меҳри дарё инсон эдилар.
Боғбек ака Қосимов Ўзбекистон Халқ демократик партиясида раис лавозимида ишлаган даврларида, партиямизнинг нуфузини ошириб, аъзоларини янада кўпайтириб, сиёсий мавқейини оширишга ўз ҳиссаларини қўшган.
Боғбек ака Қосимов Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаш пленум аъзоси эдилар. Депутатлик фаолиятларида ҳам барча сессия, доимий комиссия ҳамда бошқа барча тадбир ва йиғилишларда фаоллик кўрсатиб, халқ дарду-ташвиши билан яшадилар.
Камина ҳам у кишининг шогирди сифатида бир нималардан сиқилиб қолган пайтларимда маслаҳатга кирардим. У ўз маслаҳатини аямас йўл-йўриғлар кўрсатар эди.
-Агар дерди у,- масалани ҳал қилишнинг йўли бўлса, ташвишланишнинг ҳожати йўқ. Агар унинг ҳал қилишнинг иложи бўлмаса, ташвишланишнинг фойдаси йўқ. Ана шундай уч-тўрт оғиз калом билан кўнглимизни чоғ қиларди. Яна қўшиб қуярди: “Йўлни тўсиб борувчи эмас, очиб борувчи бўлиш керак”
Ўзбекистон халқ шоир Мухаммад Юсуфга юзланамиз:
Қиёси йўқ асло, меҳри бир дарё,
Ўхшаса ўзига ўхшайди ўзбек,
Болаларига-ку билдирмас, аммо,
Дунёда болам деб яшайди ўзбек.
Дарҳақиқат, устозимиз Боғбек ака ҳам иккита ўғил, иккита қиз ўстириб, Саломат янгамиз билан уларни камолга етказди, фарзандларининг барчасини маърифатли, олий маълумотли, уйли жойли оилали қилдилар. Бугун фарзандлар ота-онаси насиҳатларига амал қилиб, кам бўлмаяптилар, эл-юрт хизматида бўлиб, обрў-эътибор топмоқдалар.
Устозга мен жуда ҳавас қилганман, Устоздек халқпарвар, обрў-эътиборли бўлсин деб, кичик фарзандимга Боғбек деб исм қўйганман.
Боғбек ака Қосимов минг афсуски бугун орамизда йўқ, лекин у инсон қилган яхши амаллар, инсонлар дилидан мустаҳкам жой олган. Фарзандлари, шогирдлари Боғбек ака бошлаб берган ҳайрли ишларни давом қилдириб, падар ва устознинг руҳини шод қилмоқдалар.
Зеро, Омон Матчон қайд қилганидек:
Кимдир эшик очар, кимлардир ёпар,
Кимдир малҳам бўлар, кимлардир қонар.
Кимдир сокин дарё, кимлардир чопар,
Буни умр дерлар, кундузли тунли,
Буни умр дерлар, шодлик қайғули.
Устознинг охирати обод бўлсин.....
Машъал Ваисов,
Ўзбекистон халқ демократик партияси раиси.