Туман ҳокимининг намунали кўп қаватли бинолар очилишидаги нутқи
Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!
Қадрли дўстлар!
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қурилиш-бунёдкорлик ишлари натижасида одамларнинг ҳаёти яхшиланиб, келажакка умид ҳисси янада кучаймоқда.
Ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож оилаларни ижтимоий ва молиявий қўллаб-қувватлаш, хусусий пудрат ташкилотларини уй-жой қурилиши соҳасига кенг жалб этиш бўйича шарт-шароитлар яратишга қаратилган ислоҳотларнинг кўлами кенгаймоқда.
Бу борада муҳтарам Президентимиз “Бугунги кунда биз мамлакатимизда инсон эркин ва фаровон яшайдиган жамият қуриш учун қатъият билан ҳаракат қиляпмиз”, деган эдилар.
Дарҳақиқат, мамлакатимизда амалга оширилаётган бу каби хайрли ишлар эса ёшу кекса барчани юртимизда рўй бераётган янгиланиш ва ўзгаришлар, бунёдкорлик-ободонлаштириш ишларида янада фаол иштирок этишга ундамоқда, одамларда бугунидан шукроналик, эртанги кунга ишонч туйғуларини мустаҳкамламоқда.
Қадрли элдошлар!
Туманимизда ҳам бу борада бир қатор тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 9 февралдаги “Ариза берувчи-уй қурувчининг 2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастурида иштирок этиши тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги №103 сонли қарори асосида 2021 йилда Ҳазорасп тумани “Зехинли” маҳалласи ҳудудида 7 та 5 каватли уй-жойлар курилиш ишлари амалга оширилди.
Шундан 3 та, 5 қаватли ҳар бири 30 та хонадон иборат бўлган жами 90 та хонадонга мўлжалланган кўп қаватли уйлар бугун оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оилаларга топширилмоқда.
Азиз элдошлар!
Ҳудудларда барпо этилаётган бундай кўп қаватли арзон уй-жойга эга бўлаётган оилаларнинг қувончлари чексиз.
Бугун барчамиз ана шундай фуқароларимизнинг қувончли кунларига яна бир бор гувоҳ бўлмоқдамиз. Албатта, ҳар бир инсон яхши яшашни ҳаёти гўзал бўлишни истайди. Бу эса инсон қадри улуғ ва ҳуқуқлари қадр топган юртда Янги Ўзбекистонда ўз аксини топмоқда.
Шу фурсатдан фойдаланиб, ушбу кўпқаватли уйларнинг қурилишида фаол қатнашган "Шохрухнур", "Бобурмирзо", "Хазорасп ипотека қурилиш", "БОТИР ТЕХНИК", ШЕДЕВР МЕГА СТРОЙ", "ШОХ МАНТАЖ СЕРВИС" МЧЖ қурилиш ташкилотларига ўз миннатдорчилигимни билдираман.