Туман ҳокими табриги


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

 Ассалому алайкум ҳурматли аскар ва сержантлар, офицер ва генераллар!

Қуролли Кучларимиз хизматчилари ва фахрийлари! Қадрли элдошлар!

 Аввало, ўз ҳаётини она юртимизни ҳимоя қилишдек улуғ ва олижаноб ишга бағишлаган сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда кўпмиллатли бутун халқимизни Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Мана шу қутлуғ айёмда жонажон Ватанимизга садоқат, азму шижоат каби эл-юртимизга хос юксак фазилатларнинг қадр-қиммати ва аҳамиятини, улар ҳаётимизда тобора мустаҳкам ўрин эгаллаб бораётганини янада теран англаймиз ва ўзининг жанговар фаолияти билан буни амалда исботлаб келаётган сиздек ғоят олижаноб касб эгаларини шарафлаймиз.

Азиз ватандошлар!

 Истиқлол даврида Ўзбекистон армияси жуда мураккаб ва шарафли йўлни босиб ўтди. Ёш давлатимизнинг ўта оғир шаклланиш йилларида айнан Қуролли Кучларимиз мамлакатимиз мустақиллиги, халқимизнинг тинч ҳаёти ва фаровонлигини таъминлаш, демократик ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишнинг ишончли кафолати бўлиб хизмат қилганини барчамиз яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз.

Кейинги йилларда амалга оширган туб ислоҳотларимиз туфайли тарихан қисқа даврда Ўзбекистон Республикаси суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини, сарҳадларимиз дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган, тезкор ва ихчам миллий армияни ташкил этишга эришмоқдамиз.

Ана шундай буюк тарихий жараёнда халқимизнинг ҳарбий соҳадаги бой меросига таяниб, Жалолиддин Мангуберди, Соҳибқирон Амир Темур, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк саркарда боболаримизнинг жанговар анъаналарини муносиб давом эттириб келаётган, жисмоний ва маънавий етук, замонавий билим, қурол-яроғ ва техникаларни пухта эгаллаган, давлат ва халқ манфаатлари учун ҳар қандай синов ва машаққатларни енгиб ўтишга тайёр бўлган ҳарбийларимиз доимо фаол иштирок этиб келаётганлари ҳар қандай юксак эътирофга муносибдир.

Шу маънода, муқаддас қасамёдига ҳамиша содиқ, эл-юрт ҳимояси йўлида метин қалқон бўлган мард ва жасур ҳарбийларимиз Ўзбекистоннинг чинакам ватанпарвар баҳодирлари, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Халқимиз ўзининг сизлар каби ботир ва довюрак фарзандлари – Ватанимизнинг ҳақиқий посбонлари билан ҳақли равишда фахрланади.

Муҳтарам юртдошлар!

Ҳозирги вақтда бутун жамиятимизда, жумладан, Қуролли кучларимиз тизимида амалга оширилаётган туб ислоҳотларда «Инсон қадри учун» деган муҳим тамойил марказий ўринга қўйилаётгани сизларга яхши маълум.

Шу асосда миллий армиямиз сафларида хизмат қилаётган барча ҳарбийлар, муҳтарам фахрийларимизнинг Ватан ва халқ олдидаги хизматларини муносиб қадрлаш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш, кундалик ҳаётидаги муаммоларини ҳал этишга кўмаклашиш, уларнинг оиласи ва фарзандларини ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги ишларимиз йилдан-йилга янги босқичга кўтарилмоқда.

Ҳеч шубҳасиз, ҳаётимизнинг барча жабҳаларини қамраб олаётган бундай жадал ўзгаришлар юртимизда ҳарбий хизматнинг обрў-эътибори, армия ва халқ бирлиги янгича мазмунга эга бўлиб, ёшларимиз қалбида армиямиз билан фахрланиш туйғуси, Ватан ҳимоячисидек олижаноб касбга ҳурмат-эҳтиром ҳиссини янада кучайтиришга хизмат қилмоқда.

Ҳурматли аскар ва сержантлар,   Қуролли Кучларимиз хизматчилари ва фахрийлари!

      

Яна бир бор барчангизни Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг шонли 31 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни билан яна бир бор самимий табриклайман.

Сизларга мустаҳкам соғлик, оилавий бахт-саодат, тинчлик ва фаровонлик тилайман.

Миллий армиямиз сафларидаги шарафли хизматингизда янги ютуқ ва зафарлар ёр бўлсин!

Куч-ғайратингиз, шаъну шарафингиз янада зиёда бўлсин!

Жонажон Ўзбекистонимизга садоқат билан хизмат қилишдан ҳеч қачон чарчаманг, мард ва жасур Ватан посбонлари!