Тиббиёт ходимлари куни нишонланди


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

            

ТИББИЁТ ХОДИМЛАРИ КУНИ НИШОНЛАНДИ

 

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Қонунига асосан ноябр ойининг иккинчи якшанбаси “Ўзбекистон Республикаси тиббиёт ходимлари куни” касб байрами сифатида нишонланиб келинади. Шу муносабат билан бугун "Тиббиёт ходимлари куни" байрами туманимизда тантанали нишонланди.

  Тадбирда қатнашган туман ҳокими Ў.Машарипов соҳа ходимларини байрам билан қутлади.


Туман ҳокими байрам табригида “Соғлом инсон – ҳар қандай жамиятнинг бебаҳо бойлигидир. Инсон соғлом бўлгандагина бошқаларга наф келтира олади, эзгу ишларга қодир бўлади. Демак, катта мақсадлар сари олға бораётган ҳар қандай жамият миллат саломатлигини асрашга, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга жиддий эътибор қаратади.           

Халқимизнинг саломатлигини сақлашдек, ўта масъулиятли ва шарафли ишда Сизларнинг касбий маҳоратингиз, билим ва тажрибангиз, инсонийлик фазилатларингизга ишонамиз ва фидокорона меҳнатларингизни қадрлаймиз”,-дея таъкидлаб ўтди.


 


 Шундан сўнг кўп йиллик самарали меҳнат фаолияти ва алоҳида хизматлари билан ўрнак бўлаётган бир гуруҳ туман тиббиёт ходимлари туман ҳокимининг Фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.


Тадбирда иштирок этган туман тиббиёт бирлашмаси ҳамда туман давлат санитария-эпидемиология назорати маркази мутасаддилари, тиббиёт соҳаси фидойилари, фахрийлари туманимизнинг хушовоз хонандалари томонидан ижро этилган куй-қўшиқларидан баҳраманд бўлдилар.

Байрам тадбири барчага кўтаринки кайфият улашди.  

 

Ҳазорасп тумани ҳокимлиги Матбуот хизмати.