ТУХУМ ЙЎНАЛИШИДАГИ ПАРРАНДА аҳолига имтиёзли кредит асосида тарқатилмоқда
Паррандачилик – чорвачиликнинг муҳим тармоқларидан бири ҳисобланиб, аҳолини парҳез парранда гўшти ва тухум билан таъминлайди. Кейинги йилларда мамлакатимизда соҳани ривожлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда.
Бу борада Ҳазорасп туманида ҳам туманимиз ҳокими Ўктам Машарипов ташаббускорлигида бир қатор тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, туманда ташкил этилган “Ҳазорасп парранда олтин тухум” МЧЖ корхонаси томонидан Тошкент вилоятидан 1400 бош тухум йўналишидаги парранда шартнома асосида келтирилиб, туман аҳолисига “Ҳар бир оила тадбиркор” давлат дастури асосида 14 фоизли имтиёзли кредит эвазига 3 йиллик муддатга 6 ой имтиёзли давр ҳисобига тарқатилмоқда.
Бундан ташқари, қўшни Қозоғистон Республикасидан ҳам 50 бош қорамол келтирилиб, кредит эвазига аҳолига берилди. Айни кунларда 25 та оилага қорамоллар тўлиқ тарқатилди.
-Мен бугун “Ҳазорасп парранда олтин тухум” МЧЖ корхонасидан 100 бош яъни 67 товуқ ва 33 та хўрозни имтиёзли кредит эвазига олдим. Ушбу товуқларнинг афзаллик томони шундаки товуқлар кунига 1 та тухум қўяди ва оғирлиги 3,5 – 4 килограммни ташкил этади.
Мен ушбу тадбиркорлигимни йўлга қўйиш билан оила-аъзоларим бандлигини таъминлайман ва оила даромадимнинг ошишига ўз ҳиссамни қўшаман. Бунинг учун ҳайрли ишлар бошида турган туман ҳокимига ва ташкилотчиларга ўз миннатдорчилигимни билдираман дейди,-Райхон Матмуродова.
Бугун халқини ўйлаётган Президентимизга ўз ташаккуримни билдираман. Чунки, бугун ҳар бир оила тадбиркор бўлиб, ўзини ўзи банд қилишга эришмоқда. Мен ҳам “Ҳазорасп парранда олтин тухум” МЧЖ корхонасидан 3 та қорамол олишни ният қилдим ва Агробанкка бордим. Қувонарлиси 31 484 000 кредит олишда ҳеч қандай муаммо бўлмади. Ҳозирда қорамолларни уйда парваришлаяпмиз. Бундай шароитларни яратиб берган туман ҳокимига ҳам ўз миннатдорчилигимни билдираман, дейди- Музаффар Бектурдиев.
Албатта, бундан нафақат, тадбиркорлар, балки кўпчилик аҳоли парранда ва мол боқишни йўлга қўйиб, яхшигина даромад олишяпти.
Ҳазорасп туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.