фақат ундан тўғри фойдаланишимиз лозим
Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган кўрсатма ва топшириқларга асосан, Ҳазорасп туманида томорқалардан унумли фойдаланиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳам ўз самарасини кўрсатмоқда.
Ҳазорасп тумани ҳокими Ўктам Машарипов раҳбарлигида олиб борилаётган тизимли ишлар ва кўрсатилаётган ёрдам натижасида аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланиб, томорқалар қишин-ёзин яшилликка бурканмоқда.
Бу билан нима демоқчимиз. Туманимизда фуқаролар мурожаати тингланиб, кредит масаласида муаммолар бўлмай, тадбиркорлик қилиш истагидаги фуқароларнинг қўллаб-қувватланаётгани сабаб тадбиркорлар сафи кенгаймоқда. Айниқса, иссиқхона қуриб памидор, бодринг, турли кўкатлар, исмалоқ экиб, оила даромадига даромад қўшиб, йил 12 ой рўзғорини ва ички бозорни ўз маҳсулотлари билан таъминлаётган тадбиркорларимиз кўпчиликни ташкил этмоқда.
Жумладан, "Наврўз" маҳалласида яшовчи Мансур Болтаев ҳам ана шундай “Ишнинг кўзини” биладиган фуқаролардан биридир. У томорқасининг 8 сотих ерида иссиқхона ташкил этиб, бодринг экишни йўлга қўяди.
Туман ҳокими бугун тадбиркор М.Болтаев билан учрашиб, унинг фикрларини тинглаб, ҳар биримиз ўз томорқа майдонимизнинг бир қарич ерини ҳам экинсиз қолдирмасдан оқилона фойдалансак, эртага аҳоли даромадини оширган ва фаровон турмушимизни таъминлаган бўламиз, дея таъкидлаб, муаммолари борасида сўради ва иссиқхона бўйича ўз таклиф ва тавсияларини бериб ўтди.
-Бугун туман ҳокимининг хонадонимизга келиб, фаолиятимиз билан танишиб, муаммолар борасида сўраганларидан, тўғриси хурсанд бўлдим. Бунинг учун туман ҳокимига миннатдорчилик билдираман. Ҳозирда муаммоларимиз йўқ. Ҳаммаси яхши. Иссиқхонамиздан тўғи фойдаланмоқдамиз. Икки марта бодринг экиб ҳосил олдик. Бир марта исмалоқ экиб, ички бозорга чиқардик. Шунингдек, 20 минг дона бодринг кўчати сотиб, 30 миллион сўм соф фойда қилдик. 10 минг дона кўчатни маҳалламиздаги кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга ҳайрия қилиб тарқатдик. Қисқаси, томорқамиз қўшимча даромад манбаи бўлиб, яхшигина даромад олмоқдамиз. Сўзим сўнгида шуни айтмоқчиманки, ишсизман, оиламга кирадиган даромадим йўқ, моддий ёрдам беринг, деб юрган фуқароларга даромад ўз томорқангизда, фақат ундан самарали фойдаланинг, дегим келади,-дейди тадбиркор Мансур Болтаев.
Дарҳақиқат, томорқа-ризқ-насиба, мўмай даромад манбаи. Унинг дастурхонларимиз тўкинлиги, аҳоли турмуш фаровонлиги, юрт ободлигини таъминлашдаги ўрнининг эса қиёси йўқ. Ҳамма гап ундан нечоғли оқилона фойдалана олишдадир.
Жамила УСМАНОВА,
Ҳазорасп тумани ҳокими Матбуот котиби.