21 октябрь - Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кун
Жорий йилнинг 21 октябрь куни Ўзбек тилининг расман Давлат тили мақомини олганига 33 йил тўлади.
Шу муносабат билан бугун туманимиздаги “Фольклор театри”да Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”даги қонуни қабул қилинганининг ўттиз уч йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда туман ҳокими Ўктам Машарипов қатнашди ҳамда ўзбек тилининг нақадар бой ва эъзозли эканлигини, тилимиз бор экан миллатимиз тоабад мавжудлигини, уни авайлаш, асраш лозимлигини таъкидлаб ўтди.
Шундан сўнг байрам дастури бошланди. Туманимиздаги ўқув муассасалари ўқитувчи ва ўқувчилари томонидан тайёрланган турли йўналишдаги чиқишлари барчага кўтаринкилик бахш этди.
Айниқса, иштирокчиларнинг ўзбек тилини тараннум этувчи шеърлари, фикрлари, Навоий бобомиз акс этган саҳна кўринишлари, ёш ихлосманд хонандалар қўшиқлари ва бири-биридан жозибали рақслар барчага манзур бўлди.
Албатта, Тил - ҳар бир халқнинг асрлар давомида босиб ўтган йўлини, тарихи, миллий қадриятлари, урф-одатлари, маданият ва маънавиятини ўзида яққол акс эттиради ва миллат тафаккурининг бебаҳо хазинаси, улкан бойлиги сифатида ижтимоий ҳаётда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис тилимизнинг софлигини сақлашимиз лозим.
Ҳазорасп туман ҳокимлиги Матбуот хизмати.