ТИЛ МИЛЛАТ ТАФАККУРИНИНГ БЕБАҲО ХАЗИНАСИДИР
Дунёдаги қадимий ва бой тиллардан бири бўлган ўзбек тили халқимиз учун миллий ўзлик ва мустақил давлатчилигимиз тимсоли, бебаҳо маънавий бойлик, мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий, маънавий-маърифий тараққиётида ғоят муҳим ўрин эгаллаб келаётган буюк қадриятдир.
Тил - ҳар бир халқнинг асрлар давомида босиб ўтган йўлини, тарихи, миллий қадриятлари, урф-одатлари, маданият ва маънавиятини ўзида яққол акс эттиради ва миллат тафаккурининг бебаҳо хазинаси, улкан бойлиги сифатида ижтимоий ҳаётда муҳим аҳамият касб этади. Шу боис тилимизнинг софлигини сақлашимиз лозим. Шунингдек, она тилимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришда, уни миллий ва умумбашарий тушунчалар асосида тараққий этган тиллар сафига қўшишда ҳар биримиз тилимизга чуқур ҳурмат билан ёндашишимиз керак бўлади.
Муҳтарам Юртбошимиз Президентимиз Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси етмиш бешинчи юбилей сессиясида иштирок этиб, минтақавий ва глобал аҳамиятга эга долзарб масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини ўзбек тилида аниқ ва теран ёритиб берди. Жаҳон минбарида илк маротаба янграган ўзбекона лутф ва мушоҳадалар нафақат юртдошларимиз, балки ер юзидаги ўзбек тилида сўзлашадиган 50 миллионга яқин тилдошларимизнинг ғурурини сарбаланд қилди, фахр ва ифтихор туйғуларини уйғотди.
Албатта, тил бор экан, миллат барҳаёт. Тил бор экан, юртнинг истиқболи нурли ва чароғон бўлади.
Шундай экан, ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билсак, буни ҳаётимиз қоидасига айлантирсак ўзбек тилини ривожлантиришга бевосита улкан ҳисса қўшган бўламиз.
Ҳазорасп туман ҳокимлиги Матбуот хизмати.