ТАДБИРКОРЛИК ФАОЛИЯТИНИ БОШЛАШ УЧУН БИЗНЕС РЕЖА ТУЗИШ ТАРТИБИ


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Сизнинг бизнесингиз учун пул тўплашни хоҳлайсизми ёки стратегик ўсиш режасини ишлаб чиқармоқдамисиз, мустаҳкам бизнес режаси ҳар бир муваффақиятли бизнес учун муҳим компонент ҳисобланади.

Ҳар бир ишни бошлашдан олдин, у хоҳ бизнес бўлсин, хоҳ бошқа бир юмуш, уни пухта режалаштириш кераклигини ҳаммамиз биламиз. Бизнес бошлашдан олдин режа тузиш келажакда келиб чиқиши мумкин бўлган кўплаб бош муоммоларни олдиндан кўра билиш ва ўйлаган ишингизда янада муваффақиятли бўлишингизда сизга ёрдам беради.

Шундай экан, бугун бизнес режа ёзаётганда эътибор беришингиз керак бўлган  асосий жиҳатлар ҳақида гапириб ўтмоқчимиз.

  1. Бизнес режа ёзишдан мақсад нима эканлигини аниқлаб олинг.

Бизнес режа нима мақсадда ёзилаётганига қараб турли шаклда бўлиши мумкин . Бизнес режалар одатда қуйидаги мақсадларда ёзилади:

Бошланғич сармояни тахминан ҳисоблаб чиқиш;

бизнес лойиҳанинг умуман олганда фойдали ёки зарарли эканлигини билиш; маҳсулот ёки хизматингизни, мижозларингизни ва рақибларингизни аниқлаштириш;

бизнес моделингиз, мақсадларингиз, ва бу мақсадга эришиш учун керакли стратегияларни белгилаш;

бизнес лойиҳангизни бошқаларга (банк, сармоядорлар, ҳамкорлар ва ҳ.к.) тушунтириб бериш.

  1. Нима ҳақида ёзишингизни ўйлаб режа тузиб олинг.

Режангизнинг асосий бўлимлари рўйхатини тузиб олинг ёки диаграммалар ёрдамида муҳим фикрларингизни қисқа қилиб қоғозга туширинг. Асосийси булар ўзингиз учун тушунарли бўлса бизнес режангизни ёзиш жараёни ўзингизга осонлашади.

  1. Ўзингиз ҳақингизда маълумот беринг.

Ким сиз, ўйлаган бизнесингизни амалга ошириш учун сизда қандай имкониятлар бор, таълим ва малакангиз ҳақида билдиринг.

  1. Маҳсулот ёки хизматингиз нима эканлигини таърифлаб, тушунтириб беринг.

Мижозларингизга сизнинг маҳсулот ёки хизматингиздан нима фойда борлиги, маҳсулот/хизматингизнинг ўзига ҳос жиҳатлари, ишлаб чиқариш жараёни ва ҳоказолар.

  1. 5. Харидорлар ва мижозларингиз кимлигини белгилаб беринг.

Нимага айнан шу турдаги мижозлар бозорини танлаганингизни тушунтиринг. Келтирган сабабларингизни ўз шахсий тажрибангиз ёки қилинган изланишлар ва тадқиқот натижалари билан дастакланг.

  1. Маҳсулотингизнинг ўзига хос ва бошқалардан ажралиб турувчи жиҳатлари

Нимага мижозларингиз бошқа рақобатчиларингизнинг эмас сизнинг маҳсулот ёки хизматингизни сотиб олиши кераклиги ҳақида ёзинг. Сизнинг нарҳларингиз бошқалардан арзонроқми, ё сифат жиҳатдан ажралиб турасизми? Балки сизнинг жойингиз мижозлар учун қулайдир, ёки вақтдан ютиш имконини берарсиз?

  1. Харидорларингиз маҳсулотингиз учун тахминан қанча пул сарфлашини аниқланг.

Мижозларингизни сизнинг маҳсулот ё хизматларингизга қанча пул тўлашга тайёр эканликлари, бир йилда ўртача неча мартта шу маҳсулот ва хизматни сотиб олишларини ҳисоблаб ёзинг. Албатта бу ерда қуруқ тахминлар эмас яна изланиш ва тадқиқотлар натижасидан келиб чиқиб ёзишингиз керак.

  1. Бир йилда ўртача қанча маҳсулот ишлаб чиқара олишингиз ҳақида ёзинг.

Ишчи кучи ёки ускуналарингизнинг қобилиятидан келиб чиқиб бир йилда шу маҳсулотдан энг коп қанча ишлаб чиқара олишингизни ёки хизматингизни неча марта бера олишингизни ҳисоблаб ёзинг. Яна далилларга асосланиб ёзиш керак.

9.Ҳар бир маҳсулотнинг тан нарҳи қанча бўлишини ҳисобланг

Маҳсулот ишлаб чиқариш учун кетадиган материаллар нарҳидан тортиб ишчиларга бериладиган ойлик, дўкон ёки ускуна аренда харажати, солиқ, электр, телефон интернетдан тортиб барча харажатларни ҳисобга олган ҳолда ҳар бир маҳсулотингизнинг тан нарҳи қанчага тушишини ҳисоблаб чиқинг.

10.Қанча бошланғич сармоя керак бўлишини ёзинг

Ишни муваффақиятли бошлаб олиш учун қанча бошлангъич сармоя керак бўлишини ва бу сармоя нималарга ишлатилишини тушунтиринг.

11.Умуман олганда сизнинг бизнесингиз нимага фойда келтирадиган бўлишини ва қанча вақтда фойда олиб келишни бошлашини далиллар билан ёзинг

Бунинг учун бозорни яхшилаб ўрганиб, ҳисоб китобларни тўғри ва ишонарли қилишингиз керак.

12.Бизнес режангиздаги асосий бўлимларининг қисқа мазмунини санаб ўтинг.

Буни бизнес режангизнинг бошига жойланг. Кўпинча сармоядорларнинг бизнес режани тўлиқ ўқиб чиқишга вақтлари ва хоҳишлари бўлмайди. Шунинг учун улар режангизнинг барча муҳим ва эътиборга лойиқ жиҳатларини шу қисқа мазмунни ёритган ёзувдан оқиб, уларда қизиқиш уйгъотсагина кейин деталларни билиш учун асосий қисмни ўқишга киришишлари мумкин. Шунинг учун бу бўлим қисқа ва эътиборни тортадиган бўлиши керак.

Албатта бизнес режа ёзиш жиддий ва кўп вақт оладиган машқ. Юқорида санаб ўтилган жиҳатлардан бошқа яна эътибор берилиши керак бўлган кўплаб бошқа муҳим жиҳатлар ҳам бор. Сиз ҳам бизнес режа тузган бўлсангиз, ёки бу борада сиз билган ва биз айтиб ўтмаган бошқа жиҳатлар бўлса қуйидаги фикр қолдириш қисмида билдириб ўтинг.

 

ТАДБИРКОРЛАРГА ЕР МАЙДОНЛАРИ, БИНО-ИНШОАТЛАРИ ОЛИШ ҲАМДА ТАШҚИ МУҲАНДИСЛИК-КОММУНИКАЦИЯ ТАРМОҚЛАРИГА УЛАНИШ ТАРТИБИ

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш тартибини тубдан такомиллаш тириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2018 йил 20 апрель ПҚ-3677-сон қарорига асосан 2018 йил
1 июлдан бошлаб юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончасида электрон аукцион орқали амалга оширилади ва давлат мулкини «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончаси орқали харид қилиш тартиби:

«E-IJRO AUKSION» очиқ электрон аукционларда иштироқ этиш учун Сиз қуйидаги ҳаракатларни амалга оширишингиз зарур:

1-қадам. Очиқ электрон аукционлар сайтига кириш, қоидалар билан танишиш, рўйхатдан ўтиш, аккаунтни активлаштириш, банк орқали депазит ҳисоб варағини тўлдириш(СТИР орқали), давлат хизматлари марказидан электрон рақамли имзо олишга ариза бериш, электрон рақамли имзо учун операторга мурожат қилиш ва Е-imzo дастурини юклаб олиш ва ўрнатиш.

2-қадам. Ўтказиладиган электрон савдо рўйхатидан керакли лотни танлаш, давлат активини кўздан кечириш, закалат пулини тўлаш (Ер участкасининг умумий қийматининг 50% миқдорида), электрон савдода қатнашиш учун аризани электрон рақамли имзо билан тасдиқлаб юбориш.

3-қадам. Танланган лот бўйича электрон савдода қатнашиш, таклиф қилинган нархни тасдиқлаш ва аукционда ғолиб бўлиш.

«E-IJRO AUKSION»нинг ягона электрон савдо майдончасида ўтказиладиган электрон аукционларда ер участкаларидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги қошида “Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази” давлат унитар корхонаси томонидан амалга оширилади.

Мол-мулк қиймати бўйича тўловни 5 иш куни ичида тўлиқ амалга ошириш лозим. 1-қадам фойдаланувчини рўйхатдан ўтказиш учун 1 маротаба (депазит ҳисоб варағини тўлдиришдан ташқари). Рўйхатдан ўтган фойдаланувчиларга сайтдан тўлоқонли фойдаланиш имкониятини яратади.

 

Ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш - Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 мартдаги “Муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилади.

Муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тизимини янада такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб белгиланган. Жумладан, мазкур қарорнинг 2-бандига мувофиқ, 2018 йил 1 апрелдан бошлаб амалга киритилган.

Юридик ва жисмоний шахсларни электр тармоқларига улаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти 1-иловага мувофиқ;

Юридик ва жисмоний шахсларни газ тармоқларига улаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти 2-иловага мувофиқ;

Юридик ва жисмоний шахсларни иссиқлик таъминоти тармоқларига улаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти 3-иловага мувофиқ;

Юридик ва жисмоний шахсларни сув таъминоти ва сув чиқариб ташлаш тармоқларига улаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти 4-иловага мувофиқ.

 

ХОРАЗМ КИЧИК САНОАТ ЗОНАЛАРИДА

 ТАДБИРКОРЛИК ФАОЛИЯТЛАРИНИ ЙЎЛГА ҚЎЙИШ

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2018 йил 06 февралдаги “Хоразм вилоятида давлат мулки объектларини тадбиркорлик субъектларига реализация қилиш ва кичик саноат зоналарини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3513-сонли қарорига асосан Хоразм вилоятида 14 та худудда 49,0 гектар  ер майдонида кичик саноат зоналари ташкил этилган.

Ўзбекистон Республикаси Президент ушбу қарорининг иловасига мувофиқ қуйидагилар белгиланган.

  • Хоразм вилоятида ишлаб чиқариш майдонлари ва ер участкалари негизида ташкил этилаётган кичик саноат зоналари рўйхатлари;
  • Инвестиция мажбуриятларини қабул қилган ва янги иш ўринларини яратган ҳолда «нол» қиймати бўйича танлов асосида сотилиши лозим бўлган, фойдаланилмаётган ҳамда қурилиши тугалланмаган давлат мулки объектлари рўйхатлари;
  • Кейинчалик самарали фойдаланилиши учун давлат бошқаруви органларига тезкор бошқариш ва бошқа ташкилотларга беғараз фойдаланишга топшириладиган давлат мулки объектлари рўйхатлари аниқ белгилаб берилган.

Ундан ташқари, кичик саноат зоналари иштироқчиларига Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан кредит линияси очилган бўлиб, импорт асбоб ускуна сотиб олиш учун чет эл валютасида имтиёзли кредит ажратиш назарда тутилган.

Кичик саноат зонаси иштирокчиси бўлиш истагини билдирган тадбиркорлик субъеклари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил
31 декабр кунги “Кичик саноат зоналарини барпо этиш ва уларнинг фаолиятини ташкил қилиш тўгрисида”ги қарорига асосан Хоразм вилояти Эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари Маъмурий Кенгаши танлов савдосида қатнашади. Танлов савдосига давлат рўйҳатидан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусҳаси хамда аниқ инвестиция ва ижтимоий мажбуриятлари белгиланган бизнес режа иккита нусҳада тақдим этилади.

Маъмурий Кенгаш хулосасига кўра ғолиб деб топилган тадбиркорлик субъектлари билан узоқ (беш йил) муддатга ижара шартномаси тузилади.

Вилоятда кичик саноат зоналари дирекцияси тасаруффида бугунги кунда 25 та лотда фойдаланилмаётган бўш бино ва ер майдонлари мавжуд.

Бугунги кунда Хоразм кичик саноат зоналари худудларидаги
95 та лотга 75 та лойиҳа жойлашган, улар жами 117 млрд.сўм инвестиция  киритиши ва 1297 та янги иш ўринлари яратиши режалаштирилган.

Бугунги кунда қуйидаги 25 та лот бино ва бўш ер майдонлари мавжуд ва ўз эгаларини кутмоқда:

  • Урганч тумани Ғойбу қишлоғи Тандирчи маҳалласида собиқ Пиво заводи бино ва иншоатлари негизида ташкил этилган кичик саноат зонасиги лотлар;
  • Хазорасп тумани Питнак қишлоқ участка шифохонаси бино ва иншоатлари негизида ташкил этилган кичик саноат зонаси лотлар;
  • Шовот тумани собиқ “Шовот подшипник” МЧЖ бино ва иншоатлари негизида ташкил этилган кичик саноат зонаси лотлар;
  • Хива тумани Заунгур қишлоғида жойлашган “Жанубгазкурилиш” унитар корхонаси бино иншоатлари ва ер майдонлари негизида ташкил этилган кичик саноат зонасидаги лотлар мавжуд.

Экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик суьъектларига беш йил муддатга “ноль” қийматда ижарага бериш, шунингдек, тадбиркорлик субъекти томонидан бизнес режада кўрсатилган параметрлари беш йиллик ижара жараёнида тўлиқ сақланган тақдирда ушбу объектни хусусий мулк қилиб бериш назарда тутилган.

Танлов савдосида қатнашиш истагини билдирган тадбиркорлик субъектларини қизиқтираётган саволлар ва маълумот олиш учун Хоразм кичик саноат зоналари дирекцияси Давлат унитар корхонасига мурожаат қилишлари мумкин. (Мурожат учун манзил: Урганч шаҳар Ал-Хоразмий кўчаси 23-уй, Телефон: (0362) 223-23-00)