ТАДБИРКОРЛАРГА МУРОЖААТ


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

 
 

Ассалому алайкум, ҳурматли солиқ тўловчи тадбиркорлар!

Хабарингиз бор, Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 16-март куни Давлат солиқ қўмитасига ташрифи давомида соҳани такомиллаштириш, хусусан солиқ тизимини рақамлаштириш, солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати ва кўламини ошириш, шунингдек, “Солиқчи - кўмакчи” тамойили асосида тадбиркорлар билан бевосита мулоқотга киришиб, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва солиқ қонунчилигидаги ўзгаришларни тушунтириш юзасидан бир қатор топшириқлар берган эди. 

Мазкур топшириқларнинг ижросини таъминлаш, тадбиркорларни солиқ соҳасидаги ўзгариш ва янгиликлар билан таништириш мақсадида 24-март куни Давлат солиқ қўмитаси раҳбарияти бошчилигида Ҳазорасп туманида тадбиркорлар билан учрашув ўтказилди. Жумладан, Ҳазорасп туманида ўтказилган учрашувда туманимиздан жами 300 нафардан ортиқ тадбиркорлар иштирок этишди.

Шунингдек, 2022 йилнинг I чораги давомида туман давлат солиқ инспекцияси мутахассислари томонидан туманда 87 маротаба тадбиркорлар билан бевосита мулоқотлар ўтказилиб, қарийб 350 та тадбиркорлик субъектларига солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар, янгиликлар, автоматлаштирилган ахборот тизимлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.  

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, бугунги кунда Ҳазорасп туманида 2 мингдан зиёд тадбиркорлик субъектлари фаолият юритади. Йил бошидан буён “Солиқчи-кўмакчи” тамойили асосида туманимиздаги 275 та корхонанинг 300 та муаммолари ўрганилиб, мазкур муаммоларнинг 200 дан ортиғи бевосита солиқ ходимлари кўмагида ҳал этилди.

Ҳазорасп тумани давлат солиқ инспекцияси ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектлари билан олиб борилган тушунтириш ишлари натижасида 48 та корхонадаги 112 нафар норасмий ишловчи фуқаролар фаолияти қонунийлаштирилиб, уларнинг ижтимоий ҳимояси таъминланди.

Агар соҳалар кесимида кўриб чиқадиган бўлсак, савдо ва умумий овқатланиш корхоналарида 25 нафар, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналарида 19 нафар, қурилиш корхоналарида 23 нафар ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритувчи 45 нафар фуқароларнинг фаолияти расмийлаштирилди ва бюджетга 12,8 миллион сўм қўшимча маблағ йўналтирилди.

Айтиш керакки, кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли ва бизнес учун қулайликларни ошириш, солиқ муносабатларида инсон омилини камайтириш мақсадида солиқ маъмуриятчилиги тубдан ислоҳ қилинмоқда. Хусусан, 2020 йилда янги Солиқ кодекси қабул қилинди. Солиқ турлари 13 тадан 9 тага камайтирилди. Мулк солиғи эса  5 фоиздан 1,5 фоизга тушди. Қўшилган қиймат солиғи 20 фоиздан 15 фоизга пасайтирилди. Натижада, Ҳазорасплик тадбиркорларнинг ҳам ислоҳотларга ишончи ортиб, солиқ тушумлари вилоятда 1,9 баравар кўпайди. Бундан ташқари, бошқа солиқ турларидан ортиқча тўлов суммасини қайтариш юзасидан 225 корхонада 154,4 миллион сўм пул маблағлари корхоналарнинг ҳисоб рақамларига қайтарилди.

2022 йилнинг I чораги давомида туманимиз солиқ тўловчилари томонидан 18 миллиард 750,7 миллион сўм миқдорида солиқлар тўланиб, белгиланган прогноз режаси 0,3 миллиард сўм ортиғи билан бажарилди. Бюджетга йўналтирилган маблағларнинг асосий қисми 15,0 миллиард сўми, яъни 80,1 фоизи юридик шахслар, 3,7 миллиард сўми ёки 19,9 фоизи эса жисмоний шахслар ҳиссасига тўғри келди.

Солиқ турлари бўйича таҳлил этадиган бўлсак, тушумнинг 6,9 миллиард сўм ёки 36,9 фоизини жисмоний шахслар даромад солиғи, 2,1 миллиард сўм ёки 11,2 фоизини айланмадан олинадиган солиқ, 3,1 миллиард сўм ёки 16,6 фоизини жисмоний шахсларнинг ер ва мол-мулк солиғи ҳамда қолган 6,6 миллиард сўм ёки 35,3 фоизини эса бошқа солиқлар ва йиғимлар ташкил этди.

Ҳурматли тадбиркорлар энди харид суммасидан 1 фоизли кешбэк олиш, “Солиқ ҳамкор” тизимларининг жорий этилишига ҳам тўхталиб ўтадиган бўлсам — бу тизим мижозларни жалб қилишга қаратилган махсус бонус дастурларининг бир тури бўлиб, солиқ тизимида самарали қўлланиб келиняпти.

Тўғриси, солиқчилар яқин пайтгача фақат солиқ йиғиш билан шуғулланиб келган. Президентимизнинг 2021 йил 4 октябрдаги қарорига асосан, чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида назорат-касса техникасидан фойдаланишни такомиллаштириш ҳамда яширин иқтисодиёт ҳажмини қисқартириш мақсадида харид суммасидан 1 фоиз миқдорда кешбэк қайтариш механизми жорий этилди. Агар чек 100 минг сўмга урилган бўлса, 1000 сўм фуқаронинг ҳамёнига тушади. Яъни, 1 фоизи қайтарилади.

Бугунги кунда туманимизда 1,5 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари томонидан 1,6 мингта онлайн-НКМ ва виртуал касса давлат солиқ хизмати органларидан рўйхатдан ўтказилган.

Маълумки, ҳар бир тадбиркорлик нуқтаси маҳсулот сотса QR коди бўлган фискал чек бериши шарт. Агар улар бундай чекни бермаса ёки пластик картада савдо қилишни истамаса, харидор дўконда тортишиб ўтирмай, бу ҳақда “Солиқ ҳамкор” тизими орқали хабар бериши мумкин. Албатта, бунда мурожаат қанчалик асосли эканлиги жиддий текширилади. Қоидабузарлик ҳолатлари тасдиқланган тақдирда мурожаатчи — солиқ ҳамкор орқали ундирилган жарима суммасининг 20 фоизи миқдорида рағбатлантирилади.

Жорий йилнинг I чораги мобайнида “Солиқ ҳамкор” дастури орқали Ҳазорасп туманида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари билан боғлиқ солиқ ҳуқуқбузарликлари тўғрисида жами 42 та мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 2 та мурожаат турли хил сабабларга кўра рад қилинган. Уларнинг 38 тасида сайёр солиқ текширувлари ўтказилиб, савдо қоидалари бузилаётганлиги тасдиқланди. Бугунги кунга қадар мурожаатлари ўз тасдиғини топган 12 нафар фуқароларнинг банк пластик картасига 6,0 миллион сўм маблағ ўтказиб берилди.

“Солиқ ҳамкор” дастури орқали келиб тушаётган мурожаатлар дастлаб солиқ ходимлари томонидан яхшилаб ўрганиб чиқилади агарда рад қилиш учун асос бўлсагина рад қилинади.

Ўрганиш жараёнида мурожаатда қайд этилган ҳолат исботланган тақдирдагина ушбу ҳолат юзасидан қонунчилик доирасида чоралар кўрилиши мумкин. Мурожаат исботланмаса, ҳеч қандай чора кўрилмайди.

Давлат солиқ идоралари томонидан асоссиз тадбиркорлик фаолиятига аралашиш, ноқонуний текшириш ўтказилишига йўл қўйилмайди.

Ўтган 3 ой мобайнида 7 та корхоналарга 14,2 млн.сўм ер солиғи, 10 та корхонага 23,1 млн.сўм мол-мулк солиғи, 8 та корхонага 15,6 млн.сўм ижтимоий солиқ, 10 та корхонага 27,5 млн.сўм айланмадан олинадиган солиқ, 4 та корхонага 1,7 млн.сўм сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқдан имтиёзлар қўлланилди.

Ҳурматли тадбиркорлар!

Ҳазорасп тумании давлат солиқ инспекцияси ходимлари солиқ соҳасига оид барча саволларингизга жавоб бериш, билмаганларингизни ўргатиш ва “Солиқчи - кўмакчи” тамойили асосида сизга яқиндан ёрдам беришга доимо тайёрдирлар.