ТАДБИРКОРЛАР МУРОЖААТЛАРИ ЎРГАНИЛИБ амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Маълумотларга кўра, бугунги кунда мамлакатимизда аҳолининг гўшт истеъмол қилиш ҳажми кундан-кунга ошмоқда. Мавжуд эҳтиёжни фақат қорамолчилик ва қўйчилик сингари тармоқлар салоҳияти билан самарали қоплаб бўлмайди.
Шу мақсадда тадбиркорлар томонидан паррандачилик, қуёнчилик ва балиқчилик тармоқлари ривожлантирилиб, аҳоли дастурхонига парҳез гўшт етказиб бериш имконияти яратилмоқда.

Ҳазорасп туманида ҳам бу борада бир қатор тизимли ишлар олиб борилиб, паррандачилик тадбиркорлиги билан шуғулланиш истагидаги фуқароларга яқиндан ёрдам бериб келинмоқда.
Жумладан, тумандаги "Hazorasp kurkasi" масъулияти чекланган жамияти томонидан курка боқилиб, аҳоли дастурхонига курка гўштининг етказиб берилаётгани ҳам бунга мисолдир.
Бугун Ҳазорасп тумани ҳокими Ўктам Машарипов ва туман прокурори Руслан Жуманиязовлар "Hazorasp kurkasi" масъулияти чекланган жамиятида бўлиб, тадбиркор Маҳмуджон Девонов билан учрашиб, фаолияти билан танишиб, тадбиркор фикрларини тинглаб, курка боқиш ишларини кенгайтириш лозимлиги борасида ўз таклиф ва тавсияларини бердилар.

- Мен паррандачилик йўналишида фаолият кўрсатмоқдаман. Ҳозирги кунда корхонада 1500 та курка боқилмоқда. Эндиликда куркалар сонини ошириш мақсадида қўшимча шароитлар яратишга киришганман. Тез кунларда яна 3000 та курка келтиришни режалаштиряпман. Бугун туман ҳокими ва прокурорнинг корхонамизга ташрифидан хурсанд бўлдим. Чунки, улар мурожаатим ва фикримни тинглаб, таклифлар бердилар,-дейди корхона раҳбари Маҳмуджон Девонов.
Дарҳақиқат, бугунги кунда Ҳазорасп тумани ҳокими томонидан тадбиркорлар қўллаб-қувватланиб, муаммолари тингланиб, мурожаатлари ўрганилиб, амалий ёрдамлар кўрсатилаётгани сабаб туманимизда тадбиркорлар сафининг кенгайишига олиб келмоқда.

Ҳазорасп туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.