ТАДБИРКОР 30 НАФАР АЁЛНИНГ БАНДЛИГИНИ ТАЪМИНЛАДИ
Мамлакатимизда давлатимиз раҳбари томонидан ҳар бир инсоннинг ўз истеъдоди ва қобилиятини тўла намоён этиши, олдига қўйган мақсадларини рўёбга чиқариши учун кенг имконият ва шарт-шароитлар яратилган.
Айниқса, хусусий мулкчилик, оилавий тадбиркорликни шакллантириш, тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган фуқароларни молиявий ва маънавий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бугунги кунда элимиз аёллари ҳам хусусий мулкчилик шаклларини ривожлантиришда фаол ташаббус кўрсатиб, самарали меҳнат қилишмоқда. Улар нафақат оилада, балки жамият тараққиётида ҳам ўз оқилалиги, фидоийлиги билан барчага ўрнак бўлишмоқда.
Шулардан бири “Шодуҳуррам” маҳалласида яшовчи Гулчеҳра Жумагалдиевадир.
Ватан тараққиётига ҳисса қўшишни ният қилган Гулчеҳра опа хонадонини саришта сақлаб, комил фарзандларни тарбиялаб, оналик ва аёллик зиммасидаги асосий масъулиятни бажариш билан бир қаторда, ўз бизнесини ҳам самарали ташкил этган. Уй-рўзғор юмушларидан ажралмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини юритаяпти.
Ўғиллари ҳам бугун тадбиркорлик йўналишида ўз фаолиятини олиб бормоқда.
Хусусан, Тўлқинбек Бекчонов бугунги кунда 30 нафар ишсиз аёллар бандлигини таъминлаган. Айни кунда хотин-қизлар кийими тикилаётган оилавий корхонада иш қизғин. Чунки, ишлаб чиқарилаётган кийимлар сифатли эканлиги боис буюртмалар кети узилмайди. Асосий буюртмалар Тошкент шаҳридан бўлиб, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар пойтахтга юборилади.
Бугун Ҳазорасп тумани ҳокими Ўктам Машарипов ва Халқ қабулхонаси мудири С.Ходжамуратовлар тадбиркор Тўлқинбек Бекчонов билан учрашиб, тикувчилик фаолияти билан яқиндан танишдилар ва унинг фикрини тинглаб, муаммолари борасида сўраганда, тадбиркор муаммолари йўқлигини ва оилавий корхонасини кенгайтириш нияти борлигини айтиб ўтди.
Туман ҳокими тадбиркор фаолияти борасида ўз фикрларини билдириб, оилавий корхонасини янада кенгайтириш бўйича ўз таклифларини берди.
-Бугун тадбиркорлар учун яратилаётган шароитлардан мамнун бўлган Гулчеҳра опа Жумагалдиева Президентимизга мингдан-минг раҳмат айтиб, тумандаги барча тадбиркорлар ҳолидан хабар олиб, муаммоларини ечиб, ўз таклифларини бериб келаётган туман ҳокимига ўз миннатдорчилигини билдирди.
Албатта, “Олма пиш – оғзимга туш” деб, ўтирмасдан ҳаракат қилиб, аста-секин ўз тадбиркорлигини ривожлантириб, ўғилларини ҳам касбга ўргатиб, бугун тўқ ва фаровон яшаш билан бирга, 30 нафар оиланинг рўзғори бутлигига сабабчи бўлаётган бу оилани кўпчиликка ибрат намунаси қилиб кўрсатса арзийди.
Жамила Усманова,
Ҳазорасп туман ҳокими Матбуот котиби.