ТАБРИК


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

  Aссалому алайкум ҳурматли тадбир қатнашчилари!

Азиз ўғил-қизларим!

 

 Аввало барчангизни бугунги улкан орзу-мақсадлар билан таълим-тарбия қучоғида жам бўлиб, ҳаётнинг катта остонасига қадам қўйишингиз, “Сўнгги қўнғироқ” байрами билан  чин қалбимдан қутлайман.

 Ушбу кунда сизларга ўзимнинг чуқур меҳрим ва эзгу тилакларимни билдиришдан ғоят мамнунман.

 Мана бугун мамлакатимиз бўйлаб 2021-2022  ўқув йилига якун ясовчи сўнгги қўнғироқлар жаранглайди.

 Ҳар бир ўқув йилининг ўзига яраша файзи, шу ўқув йилида амалга оширилган ишлари, қучган марралари сарҳисоб бўлади.

 Хусусан, туманимизда бу йилги ўқув йили нафақат ўқувчиларимиз учун балки, ўқитувчиларимиз учун ҳам хайрли бўлди, десак муболаға бўлмайди.  

 Юртбошимизнинг таълим ва тарбияга, шунингдек, устоз ва мураббийларнинг жамиятдаги обрўсини оширишга қаратаётган чора-тадбирлари устоз ва мураббийларимизнинг жамиятдаги қадрини ошишига сабабчи бўлиши билан бирга бераётган таълим –тарбиясининг сифат ва самарадорлигининг ошишига, устозларнинг моддий ва маънавий аҳволининг яхшиланишига олиб келмоқда.

 Шу ўринда айтиб ўтмоқчиманки, ушбу ўқув йилида 11-синфни туман бўйича жами 2331 нафар ўқувчи битказиб, мактабдаги ўқиш даврида  аъло баҳолари ва намунали хулқи учун уларнинг 39 нафари олтин, 12 нафари кумуш медаллар билан тугатмоқдалар.

 Ушбу ўқувчилар орасидан 35 нафари хорижий тилларни билиш сертификати мавжудлиги сабабли ҳозирданоқ олий таълим муассасаси талабаси бўлиш имкониятини қўлга киритган.

 Сўзим сўнггида яна бир хушхабарни сизларга айтиб ўтсам. Янги 2022-2023 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 14 апрелдаги ПФ-106 сонли Фармони асосида сизнинг мактабингиз яъни 1-сон ихтисослашган мактаб интернати базаси негизида “Президент ва ижод мактаблари” агентлиги тасарруфида ихтисослашган мактаб ташкил этилиши белгиланган. Бу ҳам сиз ёшлар учун яратилган имкониятдир.

 

Қадрли тадбир қатнашчилари!

 

Бугун учирма бўлаётган битирувчиларимизнинг олдида турган имтиҳонлардан аъло баҳолар билан ўтишларини, шу билан бирга бугун ёшларга, уларнинг олий маълумот олишлари учун яратилаётган имтиёзлардан унумли фойдаланиб танлаган касблари эгаси бўлиб етишларини тилаб қоламан. Бу ишларни амалга оширишда устозларга куч-қувват, ижодий баркамоллик тилайман.

 Азиз ўғил-қизларим, ҳеч қачон унутманг, халқимиз, Ватанимиз сизлардан буюк ишларни кутмоқда.

 Шу муқаддас ишонч ва масъулиятни ҳар томонлама оқлаш, унга муносиб бўлиш – дунёдаги энг улуғ бахтдир. Шундай бахт, шундай шараф барчангизга насиб этсин!

 Сизларни бугунги сўнгги қўнғироқ, янги ҳаёт остонасига қадам қўйишингиз билан яна бир бор самимий табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад тилайман.