Ҳазорасп туманида Янги йил байрами олдидан эзгулик тадбирлари давом этмоқда.
Хусусан, бугун “Қовунчи” маҳалласида туман ҳокимлиги, маҳалла фаоллари ва туманда фаолият юритаётган саховатпеша тадбиркорлар томонидан боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари учун суннат тўйи ўтказиб берилди.
Тадбирда туман ҳокими Ўктам Машарипов иштирок этди ҳамда жажжи болажонларни қутлади.
– Юртимизда ҳар бир оила, ҳар бир бола бахтли бўлиши учун барча имкониятлар ишга солинмоқда. Амалга оширилаётган халқчил ислоҳотларимиз ҳаётда ўз натижасини бермоқда. Бу болажонлар келгусида халқимиз корига ярайдиган етук шахслар бўлиб етишишига ишонамиз, – деди туман ҳокими.
Тўйхонага таклиф этилган 4 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларига туман ҳокими, сектор раҳбари ва ҳомийларнинг совғалари – велосипедлар, ўйинчоқлар совға қилинди.
– Ҳукуматимизга, раҳбарларимизга чексиз миннатдорчилигимни билдираман. Доимо ғамхўрлик кўрсатиб келадилар. Бугун суннат қилинганларнинг 2 нафари менинг ўғлим. Бунинг учун барчага ўз миннатдорчилигимни билдираман,-дейди Манзура Мусаева.
Байрам тадбирида вилоят ҳокими ўринбосари Санъат Салаев, туман ИИБ бошлиғи Хушнуд Машарипов ва маҳалла фаоллари иштирок қилдилар.
Туманнинг хушовоз хонандалари ижросидаги куй-қўшиқлар барчага кўтаринки кайфият бағишлади.
Ҳазорасп тумани ҳокимлиги Матбуот хизмати.