ШУКРОНА ҚИЛИБ ЯШАЙЛИК
«Ватанпарвар» ташкилоти Ҳазорасп автомобиль мактаби ходимлари “Карвак” маҳалласида яшовчи 1922 йилда туғилган уруш фахрийси 99 ёшли Бекчон ота Матназаров билан учрашиб, ҳолидан хабар олдилар.
Иккинчи жаҳон урушининг шиддатли жангларида 1942-1944 йилларда қатнашган Б.Матназаров Зебунисо Раззоқовага уруш йилларини шундай ҳикоя қилди.
–Мен навқирон 20 ёш эдим. 1942 йил 22 июлда туман ҳарбий комиссариати томонидан Россиянинг Воронежье шаҳрига юборилдим. 2 ой ҳарбий тайёргарликдан ўтиб, 1942 йил сентябрь ойида оддий аскар бўлиб, фронтга кирдим. Уруш давомида оёғимдан яраланиб, 2 ой ҳарбий госпиталда даволандим. 1943 йил 3 декабрда яна душманга қақшатқич зарба бериш мақсадида уруш ўчоғига кирдим. Уруш даврида душман танклари ва солдатларини тор-мор қилишда қатнашдим. Окопда бомба портлаганида оёғимдан қайта яраландим. 6 ой давомида даволандим. 1944 йил декабрда туманга келдим. “Социализм” колхозида кўп йиллар давомида пилла бригадири бўлиб ишладим. Турмуш ўртоғим Рузигул Бобожонова билан кўп йиллар колхозда пилла ва сабзовотлар етказиб бердик. Биз 8 нафар фарзандни тарбиялаб, 100 дан ортиқ невара, чеваралар кўрдик. Турмушимдан, жамиятдаги ўрнимдан мамнунман. Мамлакатимизда уруш туфайли кўплаб оилалар фарзандлари нобуд бўлди, бедарак йўқолди, канчадан-канча фарзандлар отасиз колди. 2-жаҳон уруши кўплаб қалбларда чуқур жароҳат қолдирди. Биз шундай тинч ва осуда кунларимизга шукроналар қилиб яшашимиз керак. Президентимизнинг ғамхўрликлари туфайли фахрийлар ҳам доимо эътиборда. Қизим, ҳар биримиз бугунги тинч осуда кунларимизга шукрона қилиб яшашимиз керак. Мустақилмиз, эркинмиз, ўзимизнинг байроғимиз, гербимиз, тилимиз, конституциямиз бор. Бу биз учун бахт. Илоҳим Президентнинг боши омон бўлсин. Мустақиллигимиз абадий ҳукм сурсин. Барчангизга яқинлашиб келаётган мустақиллигимизнинг 29 йиллиги муборак бўлсин, дея дуога қўл очди 99 ёшли Бекчон ота Матназаров.