СУДЛАНГАНЛИК, УНИНГ ТУГАЛЛАНИШИ, ОЛИБ ТАШЛАНИШИ ВА УНИНГ ҲУҚУҚИЙ АҲАМИЯТИ


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 77-моддасига кўра cудланганлик шахснинг содир этган жинояти учун ҳукм этилганлигидан келиб чиқадиган ҳуқуқий ҳолатдир.

        Жазо тайинланган айблов ҳукми қонуний кучга кирган кундан бошлаб шахс судланган деб ҳисобланади. Суд томонидан жазодан озод қилинган шахс судланмаган деб ҳисобланади.

        Судланганлик ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда ва шахс янги жиноят содир этгандагина ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлади.

        Судланганлик муддатининг ўтиб кетганлиги ёки судланганликнинг олиб ташланиши муносабати билан унинг барча ҳуқуқий оқибатлари бекор бўлади.

        Жазони ўтаган, аммо қонуннинг ўзгариши билан бундай қилмиш жиноят деб ҳисобланмайдиган тақдирда, шунингдек содир қилинган жиноят учун тайинланган жазони ўтаб бўлиниши билан судланганлик ҳолатининг тугалланиши белгиланган бўлса, шахс судланмаган деб ҳисобланади.

        Шахснинг судланганлик ҳолати қуйидаги пайтларда тугалланади:

        а) шартли ҳукм қилинганларга нисбатан — синов муддати тугаган кундан бошлаб;

        б) мажбурий жамоат ишлари, хизмат бўйича чеклаш ёки интизомий қисмга жўнатиш тарзидаги жазоларини ўтаб чиққач;

        в) жарима жазоси ижро этилган кундан кейин, шунингдек муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки ахлоқ тузатиш ишлари жазолари ўталганидан кейин бир йил ўтгач;

        г) озодликни чеклаш жазоси ўталганидан кейин — икки йил ўтгач;

        д) беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин — тўрт йил ўтгач;

        е) беш йилдан ортиқ, лекин ўн йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин — етти йил ўтгач;

        ж) ўн йилдан ортиқ, лекин ўн беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси ўталганидан кейин — ўн йил ўтгач.

        Агар шахс озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб бўлганидан кейин унга нисбатан маъмурий жазо ёки интизомий таъсир чоралари қўлланилмаган бўлса, жамоат бирлашмаси, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи, жамоа ёки жазони ўтаб чиққан шахснинг ўзи берган илтимосномасига кўра суд ушбу Жиноят кодексининг 78-моддасида назарда тутилган муддатларнинг камида ярми ўтганидан кейин унинг судланганлигини олиб ташлаши мумкин.

        Жиноят кодексининг 178-184, 185-185-2, 189-192-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганлик учун ҳукм қилинган шахсларнинг судланганлиги улар давлатга жуда кўп зарар етказмаганда, ушбу Кодекснинг 78-моддасида назарда тутилган муддатларнинг камида тўртдан бир қисми ўтганидан кейин суд томонидан олиб ташланиши мумкин.

        Ўн беш йил ва ундан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб чиққан шахслар ҳамда ўта хавфли рецидивистлар, агар улар жазони ўтаб чиққанидан кейин ўн беш йил мобайнида янги жиноят содир этмасалар, суд уларнинг судланганлигини олиб ташлаши мумкин.

        Ушбу Кодекснинг 13-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда ҳам судланганлик олиб ташланиши мумкин.

        Судланганлик афв этиш ёки амнистия акти асосида ҳам олиб ташланиши мумкин.

 

Жонибек АБДУКАРИМОВ,

Ҳазорасп туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси.