СИФАТЛИ ВА НАРХИ ҲАМЁНБОП МАҲСУЛОТГАталаб ҳам катта бўлади
Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, хусусан, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш борасида Ҳазорасп туманида туман ҳокими раҳбарлигида бир қатор тизимли ишлар амалга оширилмоқда ва тадбиркорлар томонидан тикувчилик корхоналари ташкил этилмоқда.
Туманнинг «Ишчилар» маҳалласида “ ташкил этилган Азизим - Азизахон” МЧЖ шулар жумласидандир. Ушбу корхона моҳир тикувчи Муҳаббат Рўзметова томонидан ишга туширилган бўлиб, айни кунда бу ерда 22 нафар хотин-қизларнинг иш билан бандлиги таъминланган.
Ҳазорасп тумани ҳокими Ўктам Машарипов бугун ушбу тикувчилик корхонасида бўлиб, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифати билан танишди ва бу ерда фаолият юритаётган аёллар билан суҳбатлашиб, мурожаатларини тинглади.
-Мен корхонада фаолият юритишдан ташқари ўз уйимда ҳам тикувчилик қилиш истагим бор. Бунинг учун менга яна битта тикув машинаси керак бўлади. Кредитга олишда амалий ёрдам берсангиз,- дея мурожаат қилди Шахло Раҳмонова.
Туман ҳокими фуқаро мурожаати бўйича шу ернинг ўзида тегишли мутасаддиларга мурожаат ижроси бўйича топшириқ берди ва Шаҳло Раҳмонова қатори яна 5 нафар қизларнинг муаммоси ижобий ҳал қилиниши белгиланди.
-Биз тикаётган кийимларнинг сифатли ва нархи ҳамёнбоп бўлгани учун талаб катта бўлмоқда. Келгусида каттароқ лойиҳага қўл уришни, тадбиркорлик фаолиятимни янада кенгайтиришни мақсад қилмоқдаман, - дейди корхона раҳбари Муҳаббат Рўзметова.
Дарҳақиқат, иш қизғин олиб борилаётган “Азизим - Азизахон” МЧЖ тикувчилик корхонасида бугунги кунда аёллар, эркаклар ҳамда ёш болалар учун кийимлар тикилиб, нафақат ички бозорга, балки Тошкент шаҳри ва Қозоғистонга ҳам маҳсулотлар чиқарилмоқда.
Ҳазорасп туман ҳокимлиги Ахборот хизмати.