Бугун Ҳазорасп тумани ҳокимлигидаЎзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенат аъзоси Умарбек Шарипов Халқ депутатлари Ҳазорасп тумани Кенгашининг доимий комиссиялар раислари, сиёсий партиялари вакиллари билан учрашди.
Учрашувни Халқ депутатлари Ҳазорасп туман Кенгаши раиси, туман ҳокими Ўктам Машарипов очиб берди ва белгиланган вазифалар борасида батафсил тўхталиб ўтиб, сўзни Сенат аъзоси Умарбек Шариповга берди.
Сўз олган сенатор Умарбек Шарипов Олий Мажлис Сенатининг 14-ялпи мажлисида муҳокама қилинган масалалар ҳақида батафсил таништириб ўтди ва қабул қилинган қарорлар Республикамизнинг равнақи, халқимиз турмушининг янада фаровон бўлиши учун хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
Шунингдек, учрашув давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 13 апрелдаги “Бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5072-сонли Қарорига мувофиқ бюджет харажатларининг 5 фоизини жамоатчилик фикри асосида белгиланган тадбирларни Сенат Кенгашининг 2021 йил 22 апрелдаги Қарори ҳақида мунозаралар бўлиб ўтди.
Албатта, бюджет маблағларининг жамоатчилик фикрини ҳисобига олиб шакллантирилиши ижобий самара беради.
Учрашувда шунингдек, Халқ депутатлари Кенгашлари ҳузуридаги “Халқпарвар” комиссия тузилганлиги ҳақида фикрлар билдирилди. “Халқпарвар” комиссия тузилишининг асосий мақсадлари, уй-жой қурилиши, уларни сифатли ва муддатларида амалга ошириш, субсидиялар тўлаш муҳтожлар рўйхатини шакллантириш борасида депутатлик ва жамоатчилик назорати бўлиши адолатли ва шаффоф натижа бериши ҳақида фикрлар ва муҳокамалар бўлди.
Сенат аъзоси Умарбек Шарипов Халқ депутатлари Ҳазорасп ва Тупроққалъа туманлари вакиллари саволлари ва таклифларини ўз фаолиятида ҳисобга олишини, уларнинг ечими бўйича чоралар кўрилиши ҳақида ишонч билдирди.
Учрашув қизғин мунозаралар ва фикр алмашувлар билан ўтди.
Жамила УСМАНОВА,
Ҳазорасп тумани ҳокими Матбуот котиби.