СЕМИНАР ТРЕНИНГ ВА ОЧИҚ ДАРС
Бугунги кунда юртбошимиз ташаббуси билан юртимизда ўқитувчи мавқейи ва обрўсини ошириш мақсадида кўплаб муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Шундай ислоҳотларга жавоб тариқасида бугунги кунда фаолият олиб бораётган ўқитувчи ва мураббийлар ҳам ёш авлодни тарбиялаш борасида муносиб жавоб бера олиши керак.
Шу боис 12-ноябрь санасида Ҳазорасп туманидаги 2-сон умумий ўрта таълим мактабида мактаб раҳбарлари учун тажриба алмашиш мақсадида семинар тренинг ва очиқ дарслар ташкил қилинди.
Хусусан, мактаб ўқитувчиси Барногул Ражабованинг она тили фанидан 11-"A" синфда "Нутқнинг жўялилиги" мавзусида ўтказган очиқ дарсида устознинг юксак мукофотлар билан тақдирланганлиги, ўқувчиларининг туман ва вилоят миқёсида ўтказилган танлов ва олимпиадаларида биринчиликни эгаллаб келаётганлиги, она тили дарсида "Қайта ҳикоя", "Таҳрир мактаб" каби усуллардан самарали фойдаланиб, ўқувчиларда тинглаб, тушуниш, гапириш, ўқиш, ёзиш каби кўникмаларни ҳам шакллантириши билан танишдилар.
Шунингдек, иштирокчилар Б.Ражабованинг 11-синф ўқувчиларида мавзудан келиб чиқиб саволларни мантиқан тўғри қўя олиши ва жавоб бериши, ўзаро мулоқотда муомала маданиятига амал қилиши каби фанга оид ва коммуникатив , ахборот билан ишлаш, шахс сифатида ўз-ўзини ривожлантириш каби таянч компетенсияларни шакллантира олиши барчага манзур бўлди.
Кейинги очиқ дарс Рўзимова Назокат Aзимова томонидан 10-синфда адабиёт фанидан "Aлишер Навоий ҳақида унинг замондошлари " мавзусида бўлиб ўтди. Ўтган дарсдаги уйга вазифаларини текшириш билан бошланган дарс янги мавзуга ўтиш босқичи жараёнида қизғин тус олди. Устозга муносиб ўқувчилар ҳам билимга чанқоқлиги ва зеҳни ўткирлиги билан дарс кузатувчиларида катта таассурот қолдиришди. Улар яна бир бор Навоий издошлари эканликлари, унинг ижодига бефарқ эмасликларини исботлашди.
Дарсда ахборот технологиялари воситаларидан фойдаланиш учун барча шароит яратилган ва дарс жараёнида бундан кенг кўламли фойдаланилди.
Ўқувчилар буюк мутафаккир ҳақида унинг замондошлари фикрларини ўрганиш асносида, ўзлари ҳам холис баҳо бериш, ўз фикрини жамоат жойларида эркин билдира олиш сифатларини ҳам ўзлаштирдилар.
Бундай маҳоратли устозлар туманимизда кўпчилкни ташкил қилади. Aйнан шу устозларнинг тажрибаси, босиб ўтган машаққатли йўллари ёш педагог кадрларни тарбиялашда катта маҳорат мактаби бўлади, десак муболаға бўлмайди.
Ҳазорасп тумани ҳокимлиги Матбуот хизмати.