СЕКТОРЛАР ФАОЛИЯТИНИ ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИ ДЕПУТАТЛАРИ ТОМОНИДАН ЎРГАНИЛДИ


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Ҳазорасп туманида шу кунгача  4 та кооператив иш бошлаган бўлиб, яна қўшимча 4 тасининг ташкил қилиниши режалаштирилган. Туман ҳокимлиги томонидан аҳоли орасида камбағалликни қисқартириш ва уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида жорий йилнинг март ойида 70 та қўй тарқатилган. Шунингдек, тумандаги 116 та ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга субсидия ҳисобидан иссиқхоналар қуриб бериш ишлари ташкил этилмоқда.

Янгибозор қишлоғидаги “Жувархос” маҳалласида истиқомат қилувчи ёрдамга муҳтож Кенжабек Абдуллаевга сектор томонидан 4 марта озиқ-овқат маҳсулотлари ва ҳомийлар томонидан қўшимча ёрдамлар ҳам кўрсатиб келинмоқда.       

Депутатлар Кенжабек Абдуллаевдан доимий бандлигини таъминлашда қандай кўмак зарурлигини ва оиласида иссиқхона қуриб беришса томорқадан даромад олиши мумкинлигини сўрадилар. Хонадон эгаси кунлик даромад топишини ва доимий иш ҳамда оиласига  иссиқхона қуриб беришлари зарур эмаслигини билдирди. Шу маҳаллада истиқомат қилувчи Гуллола Абдуллаева хонадони бориб ўрганилганда ҳам ҳақиқатда субсидия асосида иссиқхона қуриб берилиб, оила-аъзоларига экин экиш, даромад олишлари учун зарур тушунчалар берилган.  

Ҳазорасп туман “Овшар” маҳалласидаги 9-мактаб биноси ҳудудида якка тадбиркор Баходир Рўзметов замонавий болалар футбол майдончаси қуриб бериш ниятида иш бошлаган. Шу кунгача ушбу майдончага 100 млн сўм ўз ҳисобидан сармоя киритган. Тадбиркор Қонунчилик палатаси депутатларига Агробанк томонидан  “Ҳар бир оила-тадбиркор” дастури асосида 100 млн сўм имтиёзли кредит олмоқчи эканини, банкга  164 млн сўмлик гаров учун нотурар бино кўрсатганига қарамасдан кредит маблағи ажратилмаётгани юзасидан мурожаат қилди.  Депутатлар тадбиркор муаммоси бўйича туман ва вилоят банкларидаги мавжуд ресурслар миқдори билан танишишларини ва кредит ажратилмаслик ҳолатини жойига бориб ўрганишларини билдириб, мурожаатни ўз назоратига олдилар.

Шунингдек депутатлар ёшларнинг иш билан таъминланганлик ҳолатини ўргандилар. “Ҳазорасп Саид Муҳаммад Азиз” ишлаб чиқариш кооперативи 27,2 га майдонга эга бўлиб, у ерда 50 нафар ишсиз ёшлар бандлиги таъминланган. Кооперация раҳбари билан суҳбатлашган депутатлар бу ерда ёшларни меҳнатга ўргатиш ва қизиқтириш борасидаги саъй-ҳаракатларини кўриб, ишларига ривож тиладилар.

Ушбу майдон 30 йилдан бери қаровсиз турган. Бу йил 1-марта шоли, тарвуз, мош, ловия каби экин турлари экиб парваришлаб келинмоқда. Келгусида  кооперациядан олинган ҳосил ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига хам тарқатилиши режалаштирилган. 

Ҳазорасп тумани 2-сектор раҳбари, туман прокурори Руслан Жуманиязов ҳудуди 13 та маҳаллани қамраб олган бўлиб, маҳаллада 17663 та оилада 59882 нафар аҳоли, шундан 321 та камбағал ва эҳтиёжманд оилаларда 1567 нафар аҳоли истиқомат қилади. Сектор томонидан оилаларни камбағалликдан чиқариш мақсадида 4 та қорамол субсидия асосида, 1 та қорамол ҳомийлик ва 12 таси кредит асосида ажратиб берилган. 23 та иссиқхонада субсидия асосида аҳолига қуриб берилган. Сектор ҳудудидаги 321 нафар фуқароларнинг иш билан бандлиги таъминланган. 

 

      

Ҳазорасп туман прокуратураси томонидан сектордаги оилаларни камбағаллик даражасидан чиқариш учун бизнес-режа ишлаб чиқилган. Унга кўра оилаларда балиқчиликни ривожлантириш мақсадида ҳар бир хонадонга 50-60 литр ҳажмдаги 3 донадан пластмасса идиш  берилади ҳамда ҳар бир идишда етиштириш учун камида 3 килограммдан кичик балиқлар юборилади. Ушбу кичик балиққа ойига 700 минг сўмлик, 17,5 килограмм миқдорда озуқа маҳсулоти сарф қилинади.  Натижада 1 ойда етиштирилган балиқнинг ўртача оғирлиги 400-500 граммни ташкил қилиб, уни юборган кичик балиқ миқдорига кўпайтирса, (1 дона кичик балиқ 10 граммни ташкил қилса) 300*500=150.000 грамм, яъни 150 килограмм балиқ маҳсулоти олиш мумкин. 1 килограмм балиқнинг ўртача нархи 40 минг сўмни ташкил қилса, 150 килограмм балиқдан 6 миллион сўм фойда олиш мумкин.  Ойлик ҳаражатга  1 миллион сўм сарфлашса, қолган 5 миллион сўм соф даромадни ташкил этади.

Ҳазорасп туман 2-сектор томонидан ҳудуддаги камбағал оилаларни камбағалликдан чиқариш мақсадида оилаларга 56 та қуён берилган бўлиб, ишчи гуруҳ аъзолари ана шу хонадон эгалари билан суҳбатлашдилар. “Ўзбекистон” маҳалласи Обод кўчаси 2 уйда истиқомат қилувчи Гулистон опа Ахмедова якка ёлғиз бўлиб, укаси қарамоғида яшаб келмоқда. Ушбу оилага амалий кўмак бериш мақсадида сектор томонидан 4 та қуён берилган. Шунингдек, ушбу оилага қўшимча равишда субсидия асосида иссиқхона қуриб бериш ҳам режалаштирилмоқда.

 Ҳазорасп туманидаги 3-сектор ҳудудида  10 та маҳалла бўлиб,  шундан эҳтиёжманд оилалар сони 366 тани ташкил этади. Сектор томонидан 5 та оилага субсидия асосида иссиқхона, 15 та оилага ҳомийлик асосида қўй олиб берилган. Қонунчилик палатаси депутатлари 3-секторда 2020-2021 йилларга мўлжалланган хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги йўналишларидаги инвестиция лойиҳалари ҳолатини ўргандилар ва 2020 йилнинг ўтган даври мобайнида ишга туширилиши режалаштирилган ЯТТ Бобоев Файзулла, “Hazorasp Rubex Gold” МЧЖ, “Қирдаги бўстон” фермер хўжаликларининг ишга тушмаганлиги, фаолиятларини бошламаганлиги сабаби ва муаммоларини ўргандилар.

 

Ҳазорасп туманида секторлар томонидан олиб борилаётган ишлар Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан ўрганилди ва керакли тафсиялар берилди.