ПАРРАНДА - ЕТТИ ХАЗИНАНИНГ БИРИ


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

ПАРРАНДА - ЕТТИ ХАЗИНАНИНГ БИРИ

Ҳозирги кунда паррандачилик соҳаси республикамиз бўйлаб минглаб инсонларни иш билан таъминлаб, жамиятнинг иқтисодий ривожланишига муҳим манбалардан бирига айланган. Озиқ-овқат хавфсизлигини барқарор таъминлашда паррандачиликни ривожлантириш алоҳида аҳамиятга эга. 

Паррандачилик чорвачиликнинг тез етилувчан соҳаларидан бири бўлиб, аҳолини парҳез гўшти ва тухум маҳсулотлари билан таъминлаш имконини беради.

Туманимизда ҳам туман ҳокими раҳбарлигида бу борада тизимли ишлар олиб борилмоқда. Паррандачиликни ривожлантириш, истеъмол бозори учун сифатли ва арзон тухум, парҳезбоп гўшт маҳсулотлари етказиб бериш ҳажмини оширишга қаратилган қатор лойиҳалар амалиётга татбиқ этилмоқда.

Хусусан, “Алоқали кўл” маҳалласида жойлашган "Shoxjaxon Asalxon Kenjaboy" масъулияти чекланган жамияти бунга яққол мисолдир. "Shoxjaxon Asalxon Kenjaboy" МЧЖ лойиҳа қиймати 3 миллиард сўмни ташкил этади.

 "Shoxjaxon Asalxon Kenjaboy" масъулияти чекланган жамияти жорий йилнинг 30 март куни ишга туширилган бўлиб,  бугунги  кунда 25 минг бош тухум йўналишидаги товуқлар парваришланмоқда.

Айни пайтда жамият томонидан бир кунда 7000-8500 дона тухум маҳсулотлари аҳолига етказиб берилмоқда.  

- Халқимиз тили билан айтганда парранда етти хазинанинг бири, дея таърифланади.  Бу таъриф тўғри айтилганини фаолиятимиз давомида ўз исботини кўрсатмоқда. Ҳозирда 25 минг тухум йўналишидаги товуқларни парваришламоқдамиз. 15 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланган. Келгусида товуқлар сонини 50 мингтага етказиб, яна 15 нафар фуқаро бандлигини таъминлаш мақсадимиздир,-дейди Акбар Қучқаров.

Дарвоқе, паррандачилик сердаромад соҳалардан бири экан, уни кенг йўлга қўйиш натижасида мамлакат иқтисодиётига фойда келтириш, шу билан бирга иш ўринлари яратиш орқали фуқаролар бандлигини таъминлаб, халқ фаровонлигига ҳисса қўшиш мумкин.  

 

 Ҳазорасп тумани ҳокимлиги Матбуот хизмати.