ҲАЗОРАСПДА ПАХТА КАРВОНИ ЮРДИ
Бугун Ҳазорасп туманида 2021 йил ҳосили учун етиштирилган пахта йиғим-терим мавсумининг рамзий бошланиши ҳисобланган “Ҳосил карвони” тадбири ташкил этилди.
Тадбирда Ҳазорасп тумани ҳокими Ўктам Машарипов, сектор раҳбарлари, туман имом-хатиблари, меҳнат фахрийлари ва фермер хўжалик раҳбарлари иштирок этдилар.
"Hazorasp textil" МЧЖ пахта тўқимачилик кластерининг фаолият олиб бораётган туман пахта тозалаш корхонасида туман ҳокими сўзга чиқиб, пахтакор деҳқонларнинг пешона тери билан бир қанча агротехник тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажариб, маррага, яъни ҳосилни йиғиб олишдек масъулиятли мавсумга етиб келганликлари билан табриклади. Шунингдек, барчани ҳосилни нест-нобуд қилмай йиғиб-териб олишга бор имкониятни сафарбар қилишга чақириб, ҳосилнинг сифатли териб олинишида фермер хўжаликларига куч-ғайрат тилади.
Шундан сўнг тадбирда иштирок этган фахрийлар ҳам бирин-кетин сўз олиб, туманимиз далаларидаги пахта хирмони баракатли бўлиб, пахтакорларимиз биринчилардан, режани ошиғи билан бажаришларида омад тиладилар ва ҳосилнинг барокатли бўлишини тилаб, қуръон тиловот қилиниб, қурбонликка жонлик сўйилди.
Тадбир сўнгида йиғилганлар бир пиёла чойга таклиф этилди ва халқимиз суйган санъаткорлар ўзларининг чиқишлари билан барчага хушкайфият бағишлади.
Маълумот ўрнида: жорий йилда туманда 5 минг 500 гектар ер майдонига “Хоразм-150” нави, чигит экилган бўлиб, фермерлар кластерга 19 948 тонна пахта хомашёсини сотишни режалаштирган.
Айни пайтда тумандаги барча пахтачилик фермер хўжаликларида пахта йиғим-терими жадал суръатларда бошланиб кетди.
Ҳазорасп туман ҳокимлиги Матбуот хизмати.