ОЧИҚ МУЛОҚОТ ЎТКАЗИЛДИ
Ҳазорасп туманидаги давлат хизматлари маркази биносида “Инвестициявий ва рақобатга оид ишларни кўришнинг ўзига хос-хусусиятлари” мавзусида очиқ мулоқот ўтказилди.
Учрашувда Хоразм вилояти судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси И.Тешаев, Боғот туманлараро иқтисодий судининг раиси Б.Давлатов ва судьялар М.Қурбонов, М.Бобоназаров Ш.Джамолов, В.Қазақов, Д.Шариповлар иштирок этди.
Кун тартибидаги масала юзасидан иштирокчилар жойларда амалга оширилаётган ишлар ҳамда чора-тадбирлар хусусида тўхталиб ўтдилар. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Суд қарорларини қайта кўриш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилиниши муносабати билан иқтисодий судлар томонидан инвестициявий ва рақобатга оид ишларни кўришда бир қатор ўзгаришлар борасида тўхталдилар.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси 30¹ ва 30²-моддалари билан бойитилганлиги, ушбу Кодекснинг 32-моддаси эса янги таҳрирда баён қилинганлиги шунингдек, Кодекснинг 30²-моддасига кўра, юридик шахслар, шу жумладан чет эл юридик шахслари, хўжалик бошқаруви органлари, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда монополияга қарши орган ўртасида товар ва молия бозорларида рақобат соҳасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган низолар рақобатга оид ишлар жумласига кириши белгиланлиги тўғрисида гапириб ўтдилар.
Очиқ мулоқотда иштирок этган инвесторлар ва бошқа тадбиркорлик субъектлари вакиллари ва соҳа вакиллари ўзларининг қизиқтирган саволлари ва фикр-мулоҳазаларини билдирдилар ва саволларига атрофлича жавоб берилди.
Ҳазорасп туман ҳокимлиги Матбуот хизмати.