ОЗИҚ-ОВҚАТ ЗАХИРАЛАРИНИ ТЎПЛАШ ОРҚАЛИ эртанги фаровон кунимизга замин ҳозирлаймиз


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раислигида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида озиқ-овқат маҳсулотларининг арзон ва етарлилиги халқ розилигининг асосий омилларидан бири эканлиги, коронавирус пандемиясининг нарх-навога таъсири инобатга олиниб, жорий йил апрель ойидан бошлаб асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари импорти божхона тўловларидан озод қилинганлиги, лекин шунга қарамай, охирги вақтларда гўшт, тухум, ўсимлик ёғи ва шакар маҳсулотларининг нархи кескин ошгани,  ички бозорни озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, нарх-наво барқарорлигини сақлаш лозимлиги айтиб ўтилган эди.

Шунингдек, ҳар бир вилоят, туман ва шаҳар ҳокимида ҳудуд аҳолисининг кейинги йил майгача гўшт, тухум, ун, ёғ, шакар, гуруч, картошка, сабзи ва пиёзга бўлган эҳтиёжи, бу маҳсулотларни қачон, қаердан олиш бўйича аниқ ҳисоб-китоб бўлиши кераклиги бўйича топшириқ берилиб, ҳар бир ҳудудда озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича алоҳида жамғармалар ташкил этилиши белгиланганди.

Ҳудуд раҳбарлари тадбиркорларни жалб қилиб, етишмайдиган асосий озиқ-овқат маҳсулотларини жамғарма ҳисобидан бошқа жойдан олиб келиш ёки импорт қилишни йўлга қўйиши, тадбиркорлар учун кредит фоизининг бир қисми Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан қоплаб берилиши ва вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари ва сектор раҳбарлари ўз ҳудудида яратилган тизим, бозордаги шарт-шароитлар ва нарх-наво бўйича халққа ҳисобот бериши зарурлиги таъкидланганди.

Ушбу топшириқлар юзасидан Ҳазорасп туманида ҳам бир қатор тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан,  туманда куз-қиш ва баҳор фаслида аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш, нархларнинг асоссиз ўсиб кетишининг олдини олиш ва маҳсулотларни узлуксиз етказиб бериш бўйича аниқ ҳисоб-китобга асосланган чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Бу борада Ҳазорасп туман ҳокимлиги иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғининг ўринбосари Бекзод Собиров шундай дейди, - Туман аҳолисини асосий 9 турдаги маҳсулотлар, яъни гўшт, тухум, картошка, пиёз, сабзи, гуруч, ун, ўсимлик ёғи ва шакар билан узлуксиз таъминлаш ва нархлар барқарорлигини сақлаш белгилаб олинган вазифаларни изчил амалга ошириш аҳолининг осуда, тўкин турмуш кечиришига хизмат қилади. Шу боисдан, белгиланган чора-тадбирлар режасига кўра туманда жами 5 минг 93 тонна маҳсулот, жумладан 2 минг 67 тонна картошка, 1 минг 42 тонна пиёз, 940 тонна сабзи, 1 минг 43 тонна гуруч жамғариш белгилаб олинган.

Бугунги кунда, ушбу жамғариладиган маҳсулотларни сақлаш учун 7 та 2700 тонна маҳсулотларни сақлаш қувватига эга замонавий музлаткичли  ҳамда 3 та 2600 тонна маҳсулотларни сақлаш омборхоналари  фаолият кўрсатмоқда.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 15 октябрдаги қарорига асосан туманда 2020-2021 йиллар қиш-баҳор мавсумига ижтимоий соҳа муассасаларнинг эҳтиёжлари учун жами 89,3 тонна асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, шу жумладан 37,5 тонна картошка, 18,5 тонна пиёз, 20,1 тонна сабзи, 13,3 тонна гуруч жамғариш белгиланган.

Маҳсулот харид қилиш учун ҳудудий тайёрлов ташкилотларига захира қиладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш учун банк кредити талаб этиладиган маблағлар бўйича ҳам тижорат банклари томонидан хужжатлар  ўрганилиб, кредит мабағлари ажратиб берилиши бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг «Бугундан барча чораларни кўриб, амалдаги тизимни ўзгартирмасак, эртага қиш ва баҳор ойларида қийин бўлади. Озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириб, бозордаги нарх-навони арзон қилсак, одамларни, айниқса, кам таъминланганларни рози қила оламиз», – деганларидек,  Ҳазорасп туманида ҳам озиқ-овқат захиралари тўпланиб, эртанги фаровон кунимизга замин ҳозирланмоқда.

 

Ж.Усманова

Ҳазорасп тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари.