ҲОКИМ ЁРДАМЧИСИ - ХАЛҚ КЎМАКЧИСИ


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

 

 

Мамлакатимизда жамиятни демократлаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлар, аввало, давлатнинг бошқарувчилик функциясини босқичма-босқич юқоридан қуйига тушириш, яъни маҳаллий ўзини-ўзи бошқариш тизими ваколатларини кенгайтириш юзасидан амалга оширилаётган ишларда ўз самарасини кўрсатмоқда. Чиндан ҳам бугунга келиб маҳалла тизими жойларда инфратузилмани ривожлантириш, бандликни таъминлаш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш, ижтимоий соҳа равнақи билан боғлиқ масалалар ҳал қилинадиган асосий кучга айланмоқда.

 

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан маҳалла фуқаролар йиғинларида туман ва шаҳар ҳокимларининг тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ёрдамчиси лавозими ташкил этилиб, бу вазифага салоҳиятли кадрлар танлаб олингани, айтиш мумкинки, тизим фаолиятида кескин бурилиш даврини бошлаб берди.

Бугунги кунда ҳоким ёрдамчилари - маҳалладаги ишсиз аҳолини иш билан таъминлаш, уларга доимий даромад манбаини яратишга кўмаклашиш учун устувор равишда маҳалладаги муваффақиятга эришган тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликда фаолиятини олиб бормоқдалар.

Шунингдек, ҳоким ёрдамчилари, энг аввало, ишлаш имконияти ва хоҳиши бор, лекин шароити оғир оилаларни ўқитиш ва ўз ишини бошлаши учун имтиёзли кредит, субсидия ёки деҳқон хўжалиги учун уларга ер майдонлари ажратиш масалалари, аҳоли билан ҳар куни ишлаш орқали эса одамларга давлат томонидан яратилган молиявий имкониятларни етказиб, тадбиркорликка ва деҳқончиликка ўргатиш ҳамда уларни камбағалликдан чиқариш чораларини кўрмоқдалар.

Ҳоким ёрдамчилари халқ орасига кириб борганидан сўнг аҳоли ҳуқуқий онгининг ошиши, улардаги таклифларни эшитиш, янги ғоялар мақсадлари йўлида маҳалла фуқаролари орасида етакчилик қилиш орқали давлат идораларига бўлган ишонч пайдо бўлди. Кўплаб масалалар ортиқча қоғозбозликсиз, югур-югурларсиз маҳалладан чиқмай туриб ҳал бўладиган бўлди, яна бир муҳим жиҳатлардан бири – маҳаллаларда камбағалликни қисқартириш, фуқароларни тадбиркорликка жалб этиш орқали оилавий шароитларни яхшилашга эришилди.

Бир неча йиллардан буён ечими топилмай келаётган муаммоларга хонaдoнбай ишни ташкил этган ҳолда ёрдам берилмокда.

Шу ўринда айтиб ўтмоқчиманки, Ўзбекистонда камбағаллик даражасини ўлчаш учун шундай ёндашув қўлланилганки, унга кўра, камбағаллар тоифасига аҳолининг кам даромадга эга бўлган, бироқ мустақил равишда, жамият ёрдамисиз ўзининг моддий аҳволини яхшилай олмайдиган қисми киритилган. “Темир дафтар”га киритилган ҳар бир фуқарони камбағалликдан чиқариш бўйича “мотивация, кўникма ва молиявий кўмак” тамойили асосида янги механизм жорий этилди.

Инсонда билим ва кўникмаларнинг етишмаслиги муаммосини ҳал қилиш ва камбағалларнинг таълимига инвестиция киритиш ривожланишнинг асосий омилидир. Ҳозирги кунга келиб ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифага мансуб фуқаролар учун моддий ва маънавий томондан барча шароитлар яратиб берилди.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” дея Президентимиз томонидан илгари сурилган ва бугун ҳаётимиздан тобора чуқур ўрин олаётган ушбу тамойил юртдошларимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига замин яратмоқда.

 

Мақсадбек САБИРОВ,

АТ Халқ Банк Ҳазорасп БХМ раҳбари.