Давлатимиз раҳбарининг бевосита тавсияси ва ташаббуси натижасида айни вақтда республикамизнинг қатор маҳаллаларида “ҳоким ёрдамчиси” лавозими жорий этилди.
Бунга асосан Ҳазорасп туманидаги 44 та маҳаллага билими, тажрибаси, ташаббускорлиги ҳамда иш бошлайдиган маҳалланинг ўзига хослиги ва мавжуд имкониятларидан фойдалана олиш салоҳиятига эга бўлган ходимлардан энг муносиблари холислик ва шаффофлик асосида ҳоким ёрдамчилари саралаб олинди.
Бугунги кунда туманда “Маҳаллабай” ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида тайинланган ҳоким ёрдамчилари ўз иш фаолиятини бошлади.
Тумандаги “Шовот” маҳалла фуқаролар йиғинига масъул бўлган ҳоким ёрдамчиси Шихназар Рўзметов иш кунини маҳалла нуронийлари билан учрашиб, улардан маслаҳат ва дуоларини олиш билан бошлади.
Шунингдек, ҳоким ёрдамчиси Шихназар Рўзметов МФЙ раиси Сара Ражабова билан маҳалла аҳолисининг яшаш шароити, оилаларнинг аҳволи ва фуқаролар муаммоларини тинглаб, ҳал этиш мақсадида хонадонма-хонадон юриб ўрганишлар ўтказди.
Ушбу жараён давомида Русланбек Муродов - балиқчилик, Мақсуд Оллаберганов ва Одилбек Шержоновлар - этикдўзлик, Тўтижон Бобожонова - савдо дўконини очиш, Умидбек Матёқубов - эркаклар сартарошхонаси очиш мақсади борлиги борасида мурожаат қилишди. Шунингдек, моддий ёрдамга муҳтожларга моддий ёрдам бериш, ишсизлар бандлигини таъминлаш бўйича чоралар белгилаб олинди.
Албатта, ҳоким ёрдамчилари келгусида аҳолини, биринчи навбатда ишсиз ёшлар ва аёлларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш ҳамда уларнинг бандлигини таъминлаш ишларини ташкил қилшда, маҳалланинг “ўсиш нуқтаси”дан келиб чиқиб, етакчи тадбиркорлар ва янги лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашиб, аҳолининг кундалик эҳтиёжлари учун зарур бўлган хизмат турларини ривожлантиришда ўз ҳиссаларини қўшишига ишонамиз.
Ҳазорасп тумани ҳокимлиги Матбуот хизмати.