ОҚИЛА АЁЛ САҲРОНИ ГЎЗАЛ БОҒГА АЙЛАНТИРАДИ
Муқаддас Машарипова Жалолиддин Мангуберди маҳалласида яшайди. Ўзбек аёлларига хос бўлган жамики фазилатларга эга бу аёлни кўпчиликка намуна қилиб кўрсатса арзийди. Чунки, бахтсиз ҳодиса туфайли 30 йилдан буён оёқлари ишламай қолган турмуш ўртоғига ва туғма ногирон 9 ёшли невараси Шодияхонга муҳаббати кучли. У бирор марта идора-ташкилотларга бориб ёрдам сўрамади. Ношукр бўлмади.
Аксинча, Муқаддас Машарипова ўзини йўқотиб қўймасдан фарзандларига гўзал тарбия берди. Ҳаракатда барака, деганларидек ўз уйида тикиш-бичиш билан шуғулланди. Турли кийимлар, уй-рўзғор учун зарур маҳсулотларни тайёрлаб, бозорда сотиб, оила кам-кўстини тўлдирди. Аста-секин фарзандларига ишбилармонликни, тадбиркорликни ўргатиб, буюртма асосида кўрпа, ёстиқ, чақалоқлар кийимларини тикишни бошлади.
Ҳоким ёрдамчиси Файзулла Қутлимуратов маслаҳати билан 33 миллион кредитга тикув машиналарини олди ва тадбиркорлигини кенгайтирди.
Ҳозирги кунда кўрпа, дастурхон, чойнак, нон устига ёпиш учун бежирим ёпғичлар, чақалоқлар кийимлари ва шу каби бошқа маҳсулотларни тикишни йўлга қўйди. Натижада, оиладаги барчанинг бандлиги таъминланиб, тайёр маҳсулотларнинг ички бозорда сотилиши ва буюртмачиларнинг кўплиги боис оила даромадига даромад қўшила бошлади.
Муқаддас Машарипова ва оила-аъзолари томонидан тайёрланган маҳсулотларнинг сифатли ҳамда ҳамёнбоплиги боис барчага манзур бўлмоқда.
Бугун Ҳазорасп тумани ҳокими Ўктам Машарипов ушбу хонадонда бўлди. Беморлар ҳолидан хабар олиб, бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари етказилди.
Шунингдек, туман ҳокими Муқаддас Машарипова билан суҳбатлашиб, муаммолари борасида сўраганда у шундай деди:
-Бугунги кунда баъзи бир тўрт мучали соғлом аёллар ва бақувват эркакларнинг кунора идора ташкилотларга бориб, кам таъминланганман, ишсизман, моддий ёрдамга муҳтожман, нима бўлсаям давлат мени боқиши, таъминлаши керак, дея номаъқул даъво қилувчилар ҳақида эшитиб ҳайрон қоламан. Ундан кўра бирор касб-ҳунарнинг бошини тутиб ишласа бўлмайдими. Масалан, мен ҳам берилган имкониятлардан фойдаланиб, ўз тадбиркорлигимни йўлга қўйдим. Уйимда икки нафар ногироним бор, деб боқиманда бўлмадим. Ҳаракат қилдим. Мана кўриб турганингиздек, дастурхонимиз тўкин, турмушимиз фаровон. Оиламизда барча иш билан банд. Шундай имкониятларни яратиб берган Президентимиз омон бўлсинлар илоҳим ,-дейди Муқаддас Машарипова.
Дарҳақиқат, Президентимизнинг доимо фуқароларни қўллаб-қувватлаши, ҳар томонлама кўмак беришга қаратилган ташаббуслари бугун минглаб инсонларнинг қалбида ишонч, шижоат ҳамда миннатдорлик туйғуларини уйғотмоқда.
Ҳазорасп тумани ҳокимлиги Матбуот хизмати.