ОИЛАВИЙ МТТ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK

Фарзандларимиз бизнинг давомчиларимиз ва келажагимиз пойдеворидир. Уларнинг ҳар томонлама баркамол бўлиб улғайиши йўлида фидойилик кўрсатиш эса бурчимиздир. Бу борада туманимизда ҳам туман ҳокими бошчилигида бир қатор тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, туманидаги “Овшар” маҳалласида яшовчи тадбиркор Одилбек Абдиримов нодавлат оилавий мактабгача таълим ташкилотини ташкил этиши борасида туман ҳокимига билдирилган таклиф қўллаб-қувватланди. Тез фурсатда тадбиркор барча имкониятлардан фойдаланган ҳолда нодавлат оилавий мактабгача таълим ташкилотини ташкил этди.

 Бугун ушбу оилавий мактабгача таълим ташкилотининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ҳазорасп туман ҳокими Ўктам Машарипов иштирок этди ва ушбу  оилавий мактабгача таълим ташкилоти келажагимиз давомчилари бўлмиш ёш авлодларни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

 

Шунингдек, очилиш маросимига таклиф этилган мактабгача таълим ташкилотлари, маҳалла оқсоқоллари, тарбияланувчиларнинг ота-оналари бундай имкониятлар яратиб берилаётганлиги учун давлатимиз раҳбарига ўз миннатдорчиликларини билдирдилар. 

Туман ҳокими оилавий мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари билан суҳбатлашиш билан бирга уларга совғалар ҳам улашди.

Маълумот ўрнида: Мактабгача таълим ташкилоти 50 ўринга мўлжалланган бўлиб, 3-7 ёшли маҳалладаги болаларни сифатли таълим-тарбия бериш учун ўз бағрига қамраб олади ва замонавий давлат талаблари асосида жиҳозланган бўлиб, тарбияланувчиларни сифатли таълим тарбия олишлари учун барча қулай шарт-шароитлар яратилган.

 

Ҳазорасп тумани ҳокимлиги Матбуот хизмати.