Муносабат МАЪНАВИЯТ ДАВЛАТНИНГ ҚУДРАТИНИ ОШИРУВЧИ МУҲИМ ОМИЛДИР
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 19 январь куни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилган эди.
Видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари “Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир. Биз янги Ўзбекистонни барпо этишга қарор қилган эканмиз, иккита мустаҳкам устунга таянамиз. Биринчиси – бозор тамойилларига асосланган кучли иқтисодиёт. Иккинчиси – аждодларимизнинг бой мероси ва миллий қадриятларга асосланган кучли маънавият”, дея таъкидлаб ўтган эдилар.
Дарҳақиқат, ҳаётимизнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг самарадорлиги аввало халқ маънавиятининг тикланиши, бой тарихий меросимизнинг чуқур ўрганилиши, анъана ва урф-одатларимизнинг сақланиши, маданият ва санъат, фан ва таълим ривожи, энг муҳими, жамият тафаккурининг ўзгариши ва юксалиши билан узвий боғлиқдир.
Шунингдек, Президентимиз видеоселектор давомида - Миллий тарихни миллий руҳ билан яратиш керак. Акс ҳолда унинг тарбиявий таъсири бўлмайди. Биз ёшларимизни тарихдан сабоқ олиш, хулоса чиқаришга ўргатишимиз, уларни тарих илми, тарихий тафаккур билан қуроллантиришимиз зарурлиги борасида ҳам гапириб ўтдилар.
Албатта, ёшларимизни юксак маънавий-ахлоқий руҳда тарбиялаш, уларда маънавий жасорат туйғусини шакллантириш турли мафкуравий-маънавий таҳдидлардан ҳимоя қилишнинг муҳим омилидир. Шундай экан, фарзандларимизнинг нафақат жисмоний ва маънавий соғлом ўсиши, балки уларнинг энг замонавий интеллектуал билимларга эга бўлган, уйғун ривожланган инсонлар, баркамол авлод бўлиб вояга етишида барчамиз масъуллигимизни унутмаслигимиз лозим.
Шу ўринда алоҳида айтиб ўтмоқчиманки, ёшларни юксак ахлоқ ва интизомли қилиб тарбиялаш, уларнинг сифатли таълим олиши ва ватанпарварлик руҳида вояга етиши мамлакат иқтисодий- сиёсий тараққиётининг калити бўлиб, бу эса ижтимоий барқарорлик ва муваффақиятнинг асоси ҳисобланади.
Албатта, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, ёш авлодни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини, шунингдек миллий ва маънавий қадриятларимизни тарғиб этишда маҳалла фаоллари, айниқса, нуронийларимизнинг ҳам ўрни катта.
Чунки, нуронийларнинг ҳаётий тажрибаси навқирон авлод тарбиясида алоҳида ўрин тутиши билан бирга, ёшларнинг қалбига йўл топиб, хайрли мақсадлар сари ундай олади.
Шундай экан, ҳар биримиз маънавиятли бўлиб яшайлик ва маънавият миллатни тараққиётга етакловчи, давлатнинг қудратини оширувчи муҳим омил эканлигини асло унутмайлик!
Жамила УСМАНОВА,
Ҳазорасп туман ҳокимлиги Ахборот хизмати раҳбари.