Маълумки, 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат Фонди томонидан эълон қилган ижтимоий буюртмалар танлови ўтказилди. Мазкур танловда Хоразм вилояти минтақавий тадқиқотлар маркази(МТМ) ўзининг «Хоразм вилоятида маҳаллий ҳокимият, ННТ, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг аҳолининг мурожаатлари билан ишлаш бўйича ўзаро алоқаларининг замонавий шаклларини тадбиқ этиш ва амалга ошириш» мавзусидаги лойиҳаси билан иштирок қилиб, ғолиб бўлган эди.
Шуни алоҳида айтиш керакки, ушбу ижтимоий буюртмани амалга ошириш муддати 2020 йилнинг сентябридан 2021 йилнинг шу даврига, яъни 1 йилга мўлжалланган чора-тадбирларни ўз ичига олиб, лойиҳа вилоятимизнинг 4 та ҳудудида – Урганч шаҳри, Тупроққалъа, Ҳазорасп ва Урганч туманларида амалга оширилади.
Ҳазорасп тумани ҳокимлиги мажлислар залида ушбу лойиҳа ижроси бўйича ўқув-семинари бўлиб ўтди.
Тадбирда Ҳазорасп туман ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ҳазорасп туман Халқ қабулхонаси, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари туман бўлимларининг фуқаролари мурожаатлари билан ишловчи масъул ходимлар, маҳалла фуқаролари йиғини вакиллари, тумандаги нодавлат-нотижорат ташкилотлари(ННТ) ва ОАВлари вакиллари қатнашдилар.
Тадбир қўлга киритилган мазкур ижтимоий буюртма(лойиҳа)нинг мазмуни ва моҳияти, мақсади ва вазифалар, кутилаётган натижалар билан таништириш, шунингдек, фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш бўйича тумандаги давлат ва нодавлат ташкилотлари вакилларининг билим ва кўникмаларини оширишга бағишланди.
Ўқув-семинари Ҳазорасп туман Халқ қабулхонаси мудири С.Хўжамурадов кириш сўзи билан очди ва ушбу тадбирнинг аҳамиятига тўхталди.
Шундан сўнг Хоразм вилоят МТМ директори Яраш Олламов сўзга чиқиб, бугунги кунда вилоятда аҳоли томонидан бўлаётган мурожаатларнинг мазмуни ва ҳал этилиш аҳволи ҳақида, ушбу лойиҳанинг долзарблиги, бугунги кундаги аҳамияти, давлат ва нодавлат ташкилотлари вакилларининг мурожаатлар билан ишлашга оид билимларини, бу юзадан аҳолининг ҳам ҳукуқий онгини ошириш борасида гапириб ўтди.
Шунингдек, кун тартибидаги мавзулар бўйича лойиҳа тренер-консультантлари Анвар Худаяров ва Ғуломжон Сапаевлар сўзга чиқиб, лойиҳадан кутилаётган натижалар, мурожаатларини кўриб чиқилишининг ҳуқуқий асослари, тартиб-қоидалари, аҳоли муаммоларини ўрганиш ва мурожаатларини ҳал этишда давлат ва нодавлат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорлиги, ижтимоий шериклик муносабатларининг роли ҳақида маъруза қилдилар.
Тадбирда музокараларга сўзга чиққанлар лойиҳа долзарблигидан келиб чиқиб, уни янада самарали амалга ошириш, олдимиздаги вазифалар тўғрисида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Маъруза ва савол-жавоблардан сўнг тадбир иштирокчилари билан қисқа тренинг ўтказилди ва мавзу юзасидан кичик гуруҳларда машғулотлар олиб борилди.
Ўқув-семинари қизғин, савол-жавоб ва музокараларга бой тарзда бўлиб ўтди.
Ҳазорасп тумани ҳокимлиги Матбуот хизмати.