ҚОНУНЧИЛИККА ОХИРГИ КИРИТИЛГАН ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР НИМАЛАРДАН ИБОРАТ?
Жорий йилнинг 25 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш орқали, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш номли янги 202 прим модда билан тўлдирилди.
Хусусан, ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик, яъни ғаразли ёки бошқа паст ниятларда уларни қийноққа солиш ёхуд уларга азоб бериш уларнинг ўлимига ёки майиб бўлишига олиб келса, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача озодликни чеклаш ёки олти ойгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланди.
Бундан ташқари, мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ҳам бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган бўлиб, янги 79 прим ва 86 прим моддалари билан тўлдирилди.
Унга кўра, ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг техник ва доривор хомашёсини, ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни озиқ-овқат мақсадлари учун йиғиш ҳамда тайёрлашнинг, шунингдек ўсимлик дунёси объектларидан маданий-маърифий, ўқув-тарбиявий, соғломлаштириш, рекреация ва эстетик мақсадларда фойдаланишнинг белгиланган тартибини ҳамда шартларини бузганлик учун — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга;
объектларни лойиҳалаштириш, қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш, хўжалик фаолиятини ҳамда бошқа фаолиятни амалга ошириш чоғида корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан озонни бузувчи моддалардан, таркибида озонни бузувчи моддалар мавжуд бўлган
асбоб-ускуналар ва техник қурилмалардан фойдаланганлик ҳамда уларни қўллашни тартибга солиш чораларини кўрмаганлик, шунингдек озонни бузувчи моддаларнинг ҳисобини юритмаганлик, уларнинг озон учун хавфсиз моддалар билан алмаштирилишини таъминламаганлик, уларнинг атмосфера ҳавосига чиқарилишига йўл қўйганлик, рециркуляцияни амалга оширмаганлик учун эса — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга эса — бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгилаб қўйилди.
М.Рузметов,
Жиноят ишлари бўйича Ҳазорасп туман судининг раиси.