ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИ ИЖРОСИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШНИНГ ЯНГИ ТИЗИМИ ЖОРИЙ ҚИЛИНДИ
Қабул қилинаётган қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этиш ва мониторинг қилишнинг таъсирчан тизимини яратиш, мамлакат Олий Мажлисига 2020 йил 29 декабрдаги Мурожаатномада, шунингдек, 2016 — 2021 йилларда тасдиқланган тармоқ ва ҳудудий ривожланиш дастурларида белгиланган мақсадларга эришишни сўзсиз таъминлаш бўйича Вазирлар Маҳкамаси, давлат бошқаруви органлари раҳбарлари ҳамда барча даражалардаги ҳокимларнинг шахсий жавобгарлигини кучайтириш мақсадида жорий йилнинг 10 февраль куни “Қонун ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6166-сон Президент фармони қабул қилинди.
Фармонга кўра, “Ijro.gov.uz” тизими орқали қонун ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини назорат қилишнинг мутлақо янги тизими жорий қилинади.
Унга кўра, Адлия вазирлиги:
қонун ҳужжатлари ва топшириқлар ўз вақтида ижро этилишининг “Ijro.gov.uz” тизимида назоратини олиб боради ва “Ijro.gov.uz” тизимини юритади;
тизимда назоратга олинадиган топшириқларни киритади, мазкур топшириқлардан келиб чиққан ҳолда масъул ижрочилар ва бажариш муддатларини белгилайди, улар томонидан киритилган маълумотлар тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини текширади, шунингдек, қонун ҳужжатлари ва топшириқларда белгиланган ижро муддатларини узайтириш ҳақидаги таклифлар асослилигини ўрганади;
қонун ҳужжатлари ва топшириқлар ижро ҳолати тўғрисидаги маълумотни ҳар ойда Президент Администрацияси ва Ҳукуматга киритиб боради.
Тизимга зарур маълумотларни ўз вақтида киритмаслик ёки нотўғри маълумотларни киритиш, бу борада Адлия вазирлиги кўрсатмаларини ўз вақтида ёки лозим даражада бажармаслик интизомий, маъмурий ва бошқа жавобгарлик чораларини қўллаш учун асос бўлади.
Фармонга кўра:
Вазирлар Маҳкамаси қонун ҳужжатлари ва топшириқлар масъул ижрочилар томонидан ўз вақтида ижро этилишининг “Ijro.gov.uz” тизимида назоратини олиб боради;
Ҳисоб палатаси тизимда масъул ижрочилар томонидан киритилиб, Адлия вазирлиги ва Ҳукумат томонидан текширилган маълумотлар тўлиқлиги ва ҳаққонийлигини текширади ҳамда уларни назоратдан ечади;
Президент Администрацияси қонун ҳужжатлари ва топшириқлар ижросини назорат қилувчи ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштиради.
Хусинбой ИСКАНДАРОВ,
Ҳазорасп туман адлия бўлими
етакчи маслаҳатчиси